"Финалда "Вердер"ни ютганмиз, кейинги йили "Норвич Сити"ни, тасаввур қиляпсизми?! - ўзбек мураббийининг Европадаги саргузаштлари ҳақида эшитганмисиз?

Айни пайтда “Бунёдкор” академиясида фаолият олиб бораётган мураббийлар орасида Рустам Забиров ҳам бор. 55 ёшли Рустам Зоировични мухлислар яхши эслайди.

У ҳужумкор футболчи бўлган, кейин мураббий сифатида “Навбаҳор”, “Қизилқум” каби жамоаларда ишлагани ёдингиздами? Забиров мураббийлик фаолиятини Латвияда ҳам давом эттириб қайтганини биласизми? У “Сконто” академиясида ишлаб, тажриба ҳам орттирган.

Бу борада унинг Болтиқбўйига ташрифи ҳам қизиқарли саргузаштларга бой бўлган. Забиров Sports.uz мухбирига “Сконто”даги фаолияти, бугунги чемпионатимиз мавқеи ва мураббийликдаги мақсади ҳақида гапирди.

“Сконто” варианти пайдо бўлгач, ўйланиб ўтирмасдан чипта сотиб олганман ва учганман”

- “Сконто”дагилар менга қандай алоқага чиқишган? Аниқроқ айтадиган бўлсам, менга ўшанда клубдагилар эмас, балки бизнес билан шуғулланадиган танишларимдан бири жамоада ишлаш юзасидан қизиқарли ғояни ўртага ташлаганди. У менинг яқин дўстим бўлиб, бизнес юзасидан ўша ерларга тез-тез бориб турарди. Дўстимнинг 1999 ёки 2000 йилда туғилган фарзанди бўлиб, уни “Сконто” академиясига жойлаштириш ниятида юрган. Кунлардан бирида унга клуб академиясида ишлайдиганлардан бири бу ерга Ўзбекистондан бирортасини ишга жалб этиш мумкинлиги юзасидан мурожаат қилган. Дўстим эса шу заҳоти менга қўнғироқ қилиб, ҳаммасини тушунтирган. Айтишим жоизки, бунга қадар ёшлар билан ишлаш борасида тажрибам йўқ эди. Чунки илгари асосан катта ёшдагилар билан шуғулланганман. 2014 йили “Қизилқум”дан кетганимдан сўнг, бирор жойда ишламасдим. Ўртоғимнинг ўртага ташлаган бу вариантини кўриб чиқишимга тўғри келган. Англаб турганингиздек, ўйланиб ўтирмаганман, чипта сотиб олганман ва учганман.

забиров5

“Улар мени текширишмоқчи бўлишди ва шарт қўйдилар”

- Менда биргина муаммо бор эди. “Про” лицензиясига эга бўлсам ҳам, бу Осиёда ишлаш имконини берар, лекин Европада шу лицензия билан ишлашим мумкин бўлмай қоларди. Нима сабабдан бизникилар Европага ишлаш учун бормайди? Чунки уларда Европада ишлаш имконини берадиган лицензия йўқлиги асосий муаммо бўлиб қолади. У ерга борганимдан сўнг, 1999 йилда туғилган болалар билан шуғулланиш имконини бермоқчи эканликларини айтишган. Улар европалик бўлганликлари боис осиёликларнинг даражасини паст санаб, ўзларини анча юқори тутишга одатланганлар. Улар менга шу ёшдаги болалар билан ишлаш имконини беришдан олдин шарт қўйди. Ўша шартга биноан, мен ўзимни кўрсатишим, шундан кейингина улар билан шартнома имзолашим мумкин бўларди. Ригада ҳар йили қишда халқаро мақомдаги турнир ташкил этиб келинади. Бу мусобақанинг номи “Riga Cup” бўлиб, у ерга нидерландлар, шведлар, немислар ва қўйингки, бутун Европадан футболчилар ўз жамоалари билан иштирок учун ташриф буюришади. Аҳамиятлиси, ўша турнирга турли ёшдан иборат клублар келади! Менга топширилган ва 1999 йилда туғилган болалардан иборат жамоанинг статистикасига назар ташлаб, унинг бунгача ҳатто кучли учликдан ҳам жой олмасдан келганига амин бўлдим. Улар мени текширмоқчи бўлишди. Ихтиёримда икки ҳафта бўлиб, шу фурсат оралиғида жамоани турнирга тайёрлашим керак эди. Дарҳол ишга киришдим, уларнинг футболини ўргана бошладим. Бир сўз билан айтганда, ақлимни жуда тез ишлатиб, ишим учун қайси йўл тўғри бўлиши юзасидан якуний тўхтамга келдим. Болтиқбўйиликларнинг футболи худди ирландлар ё шотландларникига ўхшаб кетади. Ирландлар билан шотландлар футболида улар тўпга бир-икки тегиниб ўйнайди, унинг устидан назорат ўрнатишни эса хаёлига ҳам келтирмайди. Дарвозабон тўпни эгаллаб олиб, уни зарб билан олдинга тепгач, майдоннинг иккинчи ярмида турган жамоадошлари тўп учун курашга киришади. Ихтиёримдаги болалар орасида техник салоҳияти бинойидек бўлганлар ҳам топилган. Шу боис, уларга тўпни дарҳол шеригига узатишдан чеклаб, уни назорат қилган ҳолда ўйнаш кераклигини айтганман. Дарвозабондан қабул қилинган тўпни биргина пас ошириш ва ҳимоядан ҳужумга ўтиш усулини болаларга бутунлай ман қилгандим. Яна шуни қўшимча қилиш керакки, бахтимга бунга қадар U-16 терма жамоасига жалб қилинганлардан икки футболчи менинг қўл остимда шуғулланарди. Қисқаси, биз ўшанда жуда зўр ўйин кўрсатган ҳолда “Riga Cup”ни ютгандик! Финалда немисларнинг “Вердер” клубини доғда қолдирганмиз. Кейинги йили эса ҳал қилувчи беллашувда Англиянинг “Норвич Сити” жамоасини ютганмиз, тасаввур қиляпсизми?! Бу жамоанинг даражасини кўтаришга муваффақ бўлганман.

забиров7

“Ютуғимиздан кейин бир қанча мураббийлар мендан ўрганишга тушиб кетишган”

- Дастлабки йилдаги муваффақиятдан кейин раҳбарият менинг қандай савиядаги мутахассис эканлигимни кўрган. Ўз навбатида, маҳаллий ишқибозлар ҳам осиёлик мураббий ҳам анойи эмаслигига иқрор бўлгандилар. Эътиборлиси, ўша ютуқдан кейин болтиқбўйилик бир қанча мураббийлар мендан ўрганишга тушиб кетишган. Штабимда ҳам маҳаллий мутахассислар ишларди. Ўзим билан жисмоний тайёргарлик устида ишлаш усулини олиб келганим у ерликларга маъқул тушган. Тўғри, уларда ҳам “физика” устида ишлаш бўлган, аммо болтиқбўйиликлар ўша ишни сал бошқачароқ – ўзларига қулай бўлган усулда бажариб келишган. Иш жараёнимни кузатиш учун ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг мураббийлари ҳам тез-тез келиб туришарди. Биласизми, кейинчалик “Сконто”дан терма жамоага аввалгидек бир ёки иккита эмас, балки нақд 11 ўйинчини жалб этишган...Бу энг асосий жиҳат бўлганди. Кейинчалик жамоамиздан бир қанча ўйинчилар Италияга, Германияга ва Россияга ҳам йўл олган. Масалан, “Сконто”да иш бошлашимга сабабчи бўлган дўстимнинг 2000 йилда туғилган ўғлини ҳам ўзим тарбиялаганман. У эса Португалиянинг “Бенфика” клуби тизимига жалб этилган!

забиров9

“Бугунги кунда ушбу клубдан асар ҳам қолмаган”

- Ўша ерда олиб борган икки ярим йиллик фаолиятим давомида менинг қандай савиядаги мутахассис эканлигимга ҳамма гувоҳ бўлган. Ўз навбатида, клуб директори самарали тарзда олиб борилган ишдан кўнгли тўлган ҳолда асосий жамоада ишлашга тавсия қилганди. Тўғри, бугунги кунда “Сконто” Рига йўқ. Аммо бу клуб тарқаламасидан олдин 16 карра чемпиони ҳисобланган. Асосий жамоа банкротликка юз тутганидан сўнг, у ердан кетишимга тўғри келган. Жамоани молиявий томондан қўллаб-қувватлаб келган кишининг россиялик шериги билан бизнес масаласида қарашлари тўғри келмай, улар талашиб-тортишиб қолганликлари охир-оқибат “Сконто”нинг банкротликка юз тутишини таъминлаган эди. Шу боис, бугунги кунда бу клубдан асар ҳам қолмаган. Академияда ҳам ўша кезларда ишлаб, бир қанча жамоаларга ёрдам берганман. 16 ёшлилардан иборат жамоадан ташқари менга биринчи лигада иштирок этадиган клуб билан ҳам шуғулланиш имконини тақдим қилгандилар. 16 ёшлилардан иборат клубнинг биринчи лига жамоалари орасида 4-ўринни эгаллашини бемалол қаҳрамонликка қиёсласа бўлади. Қисқаси, ҳаммаси аъло даражада кечган.

забиров8

“Италия ва Нидерландияда малака оширдим”

- Ўша пайтда Европани кезиб чиққанман, десам ҳам муболаға бўлмаса керак. Ўз навбатида, раҳбарият мени малака ошириш учун бошқа мамлакатларга икки бор юборган. Биринчисида Италияга бориб, Милан шаҳри яқинидаги “Новара” клубида малака оширганман. Ўшанда клуб А серияда ўйнаган. Иккинчи сафарим Нидерландияга тўғри келган. Энг асосийси, малака оширишга йўл олишимдан аввал, Европада ишлаш имконини берувчи “Про” лицензиясига эга чиқиш учун имтиҳон топширишимни ташкиллаштиришганди. Агар шундай йўл тутишмаганида у ерда ишлай олмасдим. “Про” лицензиясини қўлга киритганимдан кейин эса, ҳеч қандай муаммосиз ишга киришгандим. Мен кетганимдан кейин маҳаллий “Спартак Юрмала” клубига Жалилов, Бабаян каби мураббийларимиз келишди. Бу бригадага Европада ишлаш имконини берадиган лицензияга эга бўлиш имконияти ҳавола этилмаганидан хабарим бор. Шу сабаб, улар Юрмалада икки-уч ой юрганларидан кейин ортга қайтишга мажбур бўлишган. Менга омад кулиб боққан, дейдиган бўлсам, адашмайман. Агар “Сконто” банкротликка учрамаганидами, ким билсин, ҳозир ҳам Латвияда ишлармидим...Йигитларим билан Европага тез-тез сафар уюштириб турганман. Италияга икки бор борганмиз, Германияда ташкил этилган супер турнирни ютиб қайтганмиз. Нидерландиядаги мини-мусобақада эса иккинчи ўринни эгаллаганмиз. Бу гапларим билан мақтаняпти деманг-у, ўша ерда ишлаган давримда жуда катта тажриба орттирганман. Тажрибамдан келиб чиққан ҳолда Европа ва Осиёда ёшлар билан ишлаш ўртасидаги фарқ қай даражада эканлигидан яхши хабардорман. Ўзимизникиларга нима етишмаётганлигини яхши биламан. Агар бизникилар ҳам худди Европа усулида иш ташкил этадиган бўлсалар, бир қанча футболчилар кейинчалик бемалол кўхна қитъадаги клубларда ўйнаб кетишлари турган гап.

забиров19

“Бунёдкор”дагиларга раҳмат, улар менга иш таклиф қилдилар”

- Энг ачинарлиси, ўзимизга қайтганимдан кейин олий лигада ишлашим учун имкон бўлмади. Бундай имкониятга эга бўлишни истайдиган мураббий ортида эса бемалол суянса бўладиган таъсир доираси кучли киши туриши керак. Айнан шундай кишилар футболни деярли тушунмаган ҳолда ўзлари таниган мураббийлар учун суянган тоғ вазифасини ўтаб беришади. Буларнинг бари осиёликларга хос менталитет туфайли келиб чиққан. Яна шуниси ҳам борки, бизда ҳар икки йилда бир лицензияни янгилаш керак бўлади. Шундай лицензияси бор мураббийлар чет элда малака ошириб қайтишлари даркор. Менда эса Европадаги малака борасида етарли тажриба бор. “Бунёдкор”дагиларга раҳмат. Улар менга иш таклиф қилдилар. Бунинг учун шукр қиламан. “Бунёдкор”да ишлаш менга ёқяпти. У ерда ўз ишимни яхши бажариб келяпман. Худди Болтиқбўйида бўлгани сингари бу ерда ҳам 16 ёшдан иборат ўйинчилар билан шуғулланяпман. Уларнинг орасида яқин бир-икки йил ичида бемалол Суперлигада ўйнай оладиган иқтидорли болалар борлигини кўряпман. Агар кейинчалик менда Суперлигада ишлаш имкони туғилса, қаердан футболчиларни жалб этиш кераклигини яхши биламан. Менда “В” вариант эмас, балки “А” вариантни қабул қилиш – яъни, асосий клубда ишлаш имкони ҳам бор эди. Лекин мен қийинроқ бўлган йўлни танлаб ўзимдаги билим ва тажрибани ёш авлодга сингдиришни маъқул кўрдим. “Бунёдкор”нинг 16 ёшлилардан иборат жамоаси ёмон тассурот қолдирмаган ҳолда мусобақанинг финал қисмига “Пахтакор” билан тенг очко жамғарганча етиб келди.

забиров6

“Футболга қарашимизни ўзгартирмасак натижа ҳам ижобий бўлиши қийин”

- Ўзбекистон чемпионатини кузатяпманми, бўлмасам-чи! Албатта, кузатяпман! Мен илғаган асосий жиҳат шуки, ўзбек футболи жуда секин. Биз ҳамкасбларим билан ўйинларга тез-тез бориб турамиз. Шундай пайтда ён дафтаримизга жамоаларнинг тезлиги қай даражадалиги ҳақидаги қайдларни туширамиз. Майдонда курашаётган жамоаларнинг ўйинини синчиклаб кузатиш асносида уларнинг ҳужумни қай тариқа ташкил этишаётганига ҳам эътиборимизни қаратамиз. Футболда ўйинни ўқиш юзасидан қатор формулалар бор. Мана шу формулаларга таянган ҳолда иш олиб борамиз. Албатта, асосан “Бунёдкор”нинг ўйинларини таҳлил қиламиз. Формулаларга таянган ҳолда жамоалар имкониятига баҳо берамиз. “Бунёдкор”нинг “Машъал”га қарши ўйинини оладиган бўлсак, 8 балли шкалада иккала жамоанинг ўйини 2,6 баллни ташкил этди. Бу ўта ҳам секин футбол. Бизнинг футболчилар ҳаммасини жуда секинлик билан амалга оширишади. Катанец ҳам келиб, биринчи навбатда футболимиздаги асосий муаммо ўйинчиларнинг майдонда секин ҳаракат қилишларида эканлигини таъкидлади. У интервьюсида ўзбек футболида жуда секин эканлигини айтиш билан бирга ўйинчиларнинг тўпни ўзи билан олиб юришга ўта берилиб кетганларини баён қилди. Ихтиёримдаги футболчиларга бундай ўйнаш керак эмаслигини, балки бир-иккита пасни амалга оширган ҳолда тезроқ тўп суришларини мақсадга мувофиқ бўлишини айтаман. Европада футболчининг ақлий салоҳиятига қараб баҳо беришади. Бундай пайтда ўша ижрочининг тўпга эгалик қилганидан сўнг қай даражада тез ҳаракат қилиши асосий эътиборда бўлади. Тўпни ўзи билан олиб юргандан кўра унга бир-икки тегинишдаёқ шериклари билан ҳамжиҳатликда ўйнашга интилиши алоҳида эътиборга олинади. Тўпдан кўра манаман деган футболчи ҳам катта тезликда ҳаракат қила олмайди. Ўзбекистонда тўпни ўзи билан олиб юриб, бирор натижага эришиш амримаҳол бўлишини негадир кўпчилик қабул қилишни истамайди. Бежизга Европадан келган Катанец илк интервьюсидаёқ бу жиҳатга эътибор қаратмади. Катанец машғулот чоғида тўпни бир-икки тегинишдаёқ шеригига узатган ҳолда ўйнаш кераклигини таъкидлашга киришгани мен хурсанд қиляпти. Чунки Европада худди шундай футболни суюшади. Мен бу гап билан ўзбек футболини ерга урмоқчи эмасман. Аксинча, янги даражага чиқиш учун қандай йўл тутиш кераклигига эътиборни қаратишни истаяпман холос. Агар футболга бўлган қарашни ўзгартирмасак, натижа ҳам ижобий томонга қараб ўзгариши қийин. Бу ҳолда ҳатто футболи бизникидан анча кучсиз бўлган тожиклар ҳам ўзаро тўқнаш келиб қолган маҳалда ғалаба қозонишлари ҳеч гап бўлмасдан қолади. Ўзингиз кўринг, “Истиқлол” Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқиб, плей-оффгача борди. Ишни тўғри йўлга қўйиш учун ҳаммасини аввал бошидан бошлаш керак. Яъни, болалар футболига урғу бериш даркор. Ўзбек футболи ривожланиши учун ислоҳотлар керак. Шунда кейинчалик биздан Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов, Миржалол Қосимовдек жуда иқтидорли футболчилар етишиб чиқишади.

забиров10_1

“Болалар билан ишлаётган мураббийларнинг кўпчилиги профессионал эмас”

- Бахтга қарши болалар жамоаларида ишлаётган мураббийларнинг кўпчилиги профессионал даражадаги мураббийлар эмас. Тўғри, улар футболни севишади, бироқ уни профессионал даражада ўйнашмагани панд бериб қўяди. Шундай мутахассис болаларга нимани ўргатиши мумкин?! “Бунёдкор”да тўрт йилдан бери ишлаётган бўлсам, федерацияда бир неча бор раҳбар алмашди. Улардан бирортаси қуйироқда нималар содир бўлаётгани ҳақида қизиқиб ҳам сўрамади. Ваҳоланки, ишни болалар футболидан бошлаш даркор. Исм-шарифларини бирма-бир келтириб ўтирмоқчи эмасману, кўплаб таниш мураббийлар билан гаплашиб қолсам, улар футболда натижага эришиш учун биринчи навбатда болаларни тарбиялашга эътибор қаратиш жуда муҳимлигини айтиб келадилар.

забиров15

"Бунёдкор" академияси Ўзбекистонда етакчи"

- “Насаф” ва “Бунёдкор” академияларини бир-бирига таққослаш...Бу ишни бажариш амримаҳол. Негаки, “Насаф” академияси ҳам яхши ишлаяпти. “Бунёдкор”нинг академияси ҳам жуда яхши шаклланган бўлиб, тарбияланувчиларга бир нечта майдонлар шуғулланишлари учун тайёрлаб қўйилган. Бундай инфратузилмани ташкил этганларга фақат миннатдорлик билдириш мумкин. Инфратузилма жиҳатидан “Бунёдкор” академияси Ўзбекистондаги етакчи футбол даргоҳи саналади, дея оламан.

забиров1

“Ўзимдаги тажрибани Суперлигада ишга солишни хоҳлаган бўлардим”

- Мураббийликдаги асосий мақсадим нима? “Багажим”да бўлган бор тажриба ва билимларимни ишга солган ҳолда Суперлигадаги клублардан бирида ишлашни орзу қиламан. Қолаверса, Европада тажриба тўплаб келганман. Ўзимдаги бор маҳоратни Суперлигада ишга солишни хоҳлаган бўлардим. Боя айтганимдек, бундай даражада ишлаш учун таъсир доираси кучли бўлган кишилардан бири мени ишга тавсия қилиши керак бўлади. Агар юқори лигада ишлаш имконига эга бўлсам, ерни таталаб ишлаган ҳолда албатта натижа қайд этишга ҳаракат қиламан. Натижа қайд эта олишимга ақлим етмаганида бундай демаган бўлардим. Мураббий сифатида натижа келтира олишимга аминман. Агар журналистларнинг ёдида бўлса, 2008 йили “Қизилқум” сўнгги ўринни эгаллаб турган маҳалда уни бошқаришга киришиб, клубни нафақат қуйи лигага тушиб кетишдан сақлаб қолганман, балки ўша кезларда супер даражадаги клуб саналган “Бунёдкор”дан ўзаро ўйинларда тўрт очко тортиб олгандик. Билсангиз, ўша чоғларда “Бунёдкор”ни дунё таниган Сколаридек мураббий бошқарар, таркибда эса Ривалдо, Денилсон, Жепаров, Кападзе сингари супермаҳоратли ижрочилар тўп суришарди. Тошкентда 1:1 ўйнаб, уйимизда “Бунёдкор”ни енгишга муваффақ бўлгандик. Агар кимда-ким менга жамоасини ишониб топширса, жонимни жабборга берган ҳолда ишлашга ва натижа кўрсатишга ҳаракат қиламан. Ҳозир 53 ёшдаман, соғлигим ҳам жойида. Шундай экан, мақсадим ҳосил бўлишига албатта ишонаман. Бир сўз билан айтадиган бўлсам, одамлар бу мураббийнинг қўлидан чиндан ҳам бир иш келаркан, дейдиган гапни айтишларини қайси клубда ишламай, таъминлай олишимга ақлим етади. Биласизми, ўтган йили менда про-лигадан таклиф бўлганди, аммо сўнгги паллада музокара ижобий якун топмаган. Юқорида илова қилганимдек, ўзимдаги катта тажриба ва билимни Суперлигада синайдиган кун етиб келишига умид қилиб қоламан. Менга ишонганларнинг умидини сўндирмаслигим аниқ. Нега деганда, натижага эришиш учун қандай ишлаш кераклиги борасида етарлича билимга эгаман.      

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!