Фирмино А Серия гранди сафига текинга кўчиб ўтиши мумкин
“Интер” ёзда “Ливерпуль” ҳужумчиси Роберто Фирминони текинга қўлга киритмоқчи. Боиси бразилиялик футболчининг "Ливерпуль" билан амалдаги шартномаси жорий йилнинг ёзида ниҳоясига етади.
La Gazzetta dello Sport нашри хабарига кўра, Италия гранди агар "Челси" бельгиялик ҳужумчи Ромелу Лукакунинг ижара муддати узайтирмаса, унинг ўрнига айнан Фирминони таркибга олиб келмоқчи. Қайд этилишича, Робертонинг ўзи ҳам “Интер”га ўтишга катта қизиқиш билдирмоқда.
Ҳозирда Фирмино "Ливерпуль"дан йилига 10 миллион евро маош олмоқда. "Интер" эса бунчалик кўп тўлашга тайёр эмас. Бироқ, Роберто ўз маошини йилига тахминан 8 млн еврога камайтиришга рози бўлса, "Интер" унинг трансферини таъминлаши мумкин. Бу ҳолда “нерадзуррилар” Фирминонинг маоши учун солиқлар билан бирга йилига 10,5 млн евро сарфлайди.
Таъкидлаш керакки, бундай маош Фирминони "Интер"нинг энг кўп маош олувчи футболчилари қаторига қўшади. Бироқ бу миқдор ҳозирда Лукаку олаётган маошдан ошмайди.
Маълумот учун, Фирмино жорий мавсум “Ливерпуль” сафида жами 21 та ўйинда майдонга тушиб, 9 та гол ва 4 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Фикрлар