Флик Адейемининг дебют ўйинидан қониқмади
«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик жамоага янги қўшилган Карим Адейемининг дебют ўйинидан тўлиқ қониқмади. Шу билан бирга, мутахассис немис футболчисининг имкониятлари олдида ҳали катта истиқболлар борлигини таъкидлади.
Каталония клуби «Бирмингем»га қарши ўртоқлик учрашувида асосий вақтни 2:2 ҳисобида якунлади, пенальтилар сериясида эса 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу ўйинда яқинда «Барселона» сафига келиб қўшилган Адейеми илк бор жамоа таркибида майдонга тушди.
«Айрим вазиятларда Карим ўзини энг яхши томондан кўрсата олмади. У ҳали ўзининг ҳақиқий салоҳиятини очиб бергани йўқ, деб ўйлайман. Жамоа билан машғулотлар ўтказа бошлаганига ҳам атиги бир ҳафта бўлди, шу боис бундай ҳолат табиий», – дея Фликнинг сўзларини келтиради Goal нашри.
«Машғулотларда мен бошқача Каримни кўрганман – янада тезкор, ҳужумларни якунлашда анча хавфли. Унинг салоҳияти жуда катта, у бизга жуда кўп нарса бера олади», – деб қўшимча қилди мураббий.
Ўтган мавсумда Адейеми дортмундлик «Боруссия» сафида ўйнаб, 39 учрашувда 10 та гол урди ва 6 та голли узатма амалга оширди. Унинг «Барселона»га трансфери каталонияликларга 22 миллион еврога тушди.

Фикрлар