Флик “Барселона”нинг мисрлик ҳужумчисига баҳо берди
«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик каталонияликлар сафида ижара асосида тўп суриб келаётган, 18 ёшли форвард Хамза Абделькаримнинг ўйинини юқори баҳолади. Ёш ҳужумчи Испания клубига Мисрнинг «Аль-Ахли» жамоасидан келиб қўшилган.
«Бирмингем Сити»га қарши ўртоқлик учрашувида Абделькарим икки гол урди. Беллашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланди, пенальтилар сериясида эса инглиз клуби 3:2 ҳисобида устун келди.
«Хамза жуда камтар, характери ҳам жуда яхши. У доим майдонга чиққанида бор маҳоратини кўрсатишга интилади, унда улкан салоҳият бор. Ҳужумчи сифатида у муҳим пайтларда жарима майдонида бўлиши керак, ўтган ўйинда айнан шундай қилди. Мен ҳақиқий форварддан шуларни талаб қиламан», — дея Фликнинг сўзларини келтиради Goal нашри.
Абделькарим 2026 йилги жаҳон чемпионатида Миср терма жамоаси таркибида ҳам майдонга тушган. Турнир давомида у тўрт ўйинда захирадан майдонга туширилди, аммо гол ёки самарали узатма билан ажралиб тура олмади.
«Барселона» Хамзани жорий йил бошида ижарага олган ва шартномада уни тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқи ҳам назарда тутилган.

Фикрлар