Formula-1 reglamentiga oʻzgartirishlar kiritildi: Endi poygalar qanday oʻtkaziladi?
Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) узоқ музокаралардан сўнг Формула-1 чемпионати регламентига ўзгартиришлар киритишни келишиб олди — кўп йиллардан бери илк бор мавсум бир қоидалар билан бошланиб, бошқача қоидалар билан давом этади.
Сузукадаги пойганинг 22-айланасида “Хаас” жамоаси ҳайдовчиси Оливер Берман 13-бурилишидан олдин 308 км/соат тезликка чиқди ва кутилмаганда “Формула-1” тарихида илгари бўлмаган вазиятга тушиб қолди. Унинг олдида кетаётган “Альпин” болидини бошқараётган Франко Колапинто айни пайтда аккумуляторни зарядлаётган эди ва тезлигини кескин йўқотган эди. Икки машина ўртасидаги тезлик фарқи 45 км/соатни ташкил этди. Колапинто орқа ойнада Берманни кўриб, чапга бурилди — бу стандарт ҳимоя маневри. Берман Франкога урилмаслик учун майсага чиқиб кетди, машина бошқарувини йўқотди ва 50G юклама билан тўсиққа урилди.
“Бундай тезлик фарқи “Ф-1” тарихида илгари бўлмаган, — деди Берман Up To Speed подкастида. — Бу ҳозирги регламентнинг бевосита оқибати”.
Шундан сўнг 2026 йилги мавсум қоидалари ҳақида гаплашишни ортга суриб бўлмай қолди. 20 апрель куни FIA жамоа раҳбарлари, двигатель ишлаб чиқарувчилар ва чемпионатнинг тижорат ҳуқуқи эгаси — Formula One Management (ФОМ) билан онлайн йиғилиш ўтказди. Якунда техник регламентга ўзгартиришлар пакети келишилди — агар Бутунжаҳон автомобиль спорти кенгаши тасдиқласа, у 1–3 май кунлари бўлиб ўтадиган Майами Гран-присидан кучга киради.
Янги регламентнинг муаммоси нимада?
2026 йил мавсуми янги авлод гибрид двигателлари билан бошланди — унда электр ва ички ёнув двигатели (ИЁД) қуввати тенг тақсимланган. Мақсад аниқ: ИЁДга боғлиқликни камайтириш ва электромотор ролини ошириш. Аммо муаммо кутилмаган ён таъсирда — суперклиппингда юзага чиқди.
Суперклиппинг — бу аккумулятор энергияси тугаб, электромотор ишлашдан тўхтайдиган режим. Натижада машина бирдан 50 фоиз қуввати йўқотади ва тўғри йўлда ёки бурилиш киришида “секинлашади”. Шу пайтда заряди тўла ва тезлашиш режими ёқилган бошқа болид тахминан 45 км/соат устунлик билан ҳужум қилиши мумкин — гўё пойга машинаси билан исиниш айланасидаги машина ўртасидаги фарқдек.
“Хаас” жамоаси раҳбари Айо Коматсу шундай деди: “Яқинлашиш тезлиги жуда катта. GPSга қарасанг, қувиб ўтишга қарор тўғри бўлганини тушунасан. Бу — биз ҳамжамият сифатида ҳал қилишимиз керак бўлган масала”.
Шу билан бирга ҳайдовчилар яна бир муаммодан шикоят қилишди: энергияни бошқариш алоҳида “фан”га айланиб кетди. Ҳар айлана — қачон зарядлаш, қачон ишлатиш, қаерда ҳимояланиш, қаерда ҳужум қилиш ҳисоб-китоби. Тезлик энди ҳамма нарсани ҳал қилмаяпти. Макс Верстаппен очиқчасига регламент пойга маъносини йўқотганини айтди.
FIA киритган ўзгаришлар
FIA тузатишларни тўрт блокка ажратди:
Саралаш босқичи. Қайта тикланган энергия лимити 8 МЖдан 7 МЖгача камайтирилади. Бу зарядлаш интенсивлигини пасайтириб, машиналарга кўпроқ вақт тўлиқ қувватда юриш имконини беради. Паст энергия лимити қўлланиладиган трассалар сони 12 тага етказилди — 22 босқичнинг ярмидан кўпи.
Пойга. Энг муҳим ўзгариш — қувиб ўтишда қўшимча тезлашиш қуввати 150 кВт билан чекланади. Бу Берман–Колапинто ҳолатига сабаб бўлган кескин тезлик фарқини камайтиради. Суперклиппинг пик қуввати 250 кВтдан 350 кВтгача оширилади — бу юқори пик қисқароқ зарядлаш вақтини англатади: энди суперклиппинг 1 айлана давомида тахминан 2–4 сониягача қисқаради. МГУ-К эса тезланиш ва қувиб ўтиш зоналарида 350 кВт бўлиб қолади, бошқа жойларда эса 250 кВтгача туширилади.
Стартлар. Янги мониторинг тизими жорий этилади: агар машина стартда ғайритабиий секин ҳаракатланса, унга автоматик равишда минимал тортиш кучи берилади. Шу билан бирга орқа ва ён чироқлар милтиллаб, ортдан келаётганларни огоҳлантиради. Энергия ҳисоблагичи энди формация айланасининг бошида нолланади.
Ёмғирли шароит. Ёмғирли пойгалар учун алоҳида хавфсизлик чоралар ишлаб чиқилган — тафсилотлар кейинроқ эълон қилинади.
Старт қоидалари истисно бўлиб, Маямида синовдан ўтказилади ва кейин якуний қарор қабул қилинади.
Якуний ҳолат
Ўзгаришлар бир овоздан қабул қилинди — бу “Формула-1” учун кам учрайдиган ҳолат. FIA президенти Моҳаммед Бен Сулайем ҳайдовчиларнинг фаол иштирокини алоҳида таъкидлади.
Аммо муаммо шундаки, 2026 йил регламенти бир неча йил давомида ишлаб чиқилган эди ва у аллақачон учинчи пойгадан кейин ўзгартирилмоқда. Айнан ҳайдовчилар бошидан танқид қилган энергия параметрлари энди тузатилмоқда — нега бу олдин қилинмагани ҳали ҳам аниқ эмас.
Жамоалар учун бу ўзгаришлар муҳим оқибатларга эга. Энергия рекупериясига асосланган стратегия қўллаган жамоалар (айниқса ўрта поғонадагилар) баъзи тактик устунликлардан айрилади. Кучайтирилган суперклиппинг ва камайтирилган заряд лимити дастлабки уч босқичда шаклланган балансни ўзгартиради.
Мавсум 1 май куни Майамида давом этади. FIA ва жамоаларда ўзгаришларни жорий этиш учун атиги 10 кун бор.
Fikrlar