Формула-1. Янги техник регламентлар ва 11 та жамоа болидлари тақдимоти

Формула 1 2026 йилда тубдан ўзгарган автомобиллар ва двигателлар билан янги даврга қадам қўйди. Шу сабабли бу йилги “launch season” (тақдимот мавсуми) сўнгги йиллардаги энг кутилган воқеалардан бирига айланди.

Барча 11 та жамоа 2026-йилги ливрейларини расман намойиш қилди. Иккита расмий мавсумолди тестлари Баҳрайнда 11–13 февраль ва 18–20 февраль кунлари бўлиб ўтади.

15 январь – "Ред Булл" ва "Рейсинг Буллз"

Икки Red Bull жамоаси янги двигатель даврини "Форд"нинг Детройтдаги штаб-квартирасида ўз 2026-йилги машиналари дизайнини тақдим этиш билан бошлаб берди.

"Ред Булл" 2026-йилги дизайнда аввалгига қараганда кўпроқ кўк ранг қўшиб, ретро услубни танлади.

"Рейсинг Буллз" эса ўзининг силлиқ оқ дизайнини сақлаб қолди, бироқ "Форд"га ишора сифатида кўк элементлар қўшди.

19 январь – "Ҳаас"

"Ҳаас" дастлаб тақдимотни 23 январга белгилаган эди, бироқ "Феррари" ва "Альпин" билан бир кунга тўғри келмаслиги учун санани ўзгартирди.

Башқа жамоалардан фарқли, "Ҳаас" ҳақиқий 2026-йилги автомобили – VF-26'нинг рақамли тасвирларини тақдим этиб, бу қадамни қўйган илк жамоага айланди.

Дизайнда оқ ва қизил ранглар кўпайтирилди ҳамда янги бош ҳомий "Toyota Gazoo Racing"га ишоралар қўшилди.

20 январь – "Ауди"

"Саубер"нинг "Ауди"га ўтиши Берлин шаҳридаги тақдимот тадбирида расман эълон қилинди.

Жамоа 2025 йил ноябрида дизайн контсептсиясини улашган эди, энди эса титан кумуш ва ёрқин қизил рангли якуний кўринишни кўплаб ҳомийлар билан тақдим этди.

"Ауди" раҳбари беш йил ичида чемпионликни қўлга киритиш мақсадини қўйди.

22 январь – "Мерседес"

"Мерседес" 22 январь куни W17 номли янги болидининг илк рендерларини чиқарди ва шу куни нам об-ҳавода Англиядаги Силверстоунда машинани илк бор трекка олиб чиқди.

“Кумуш ўқлар” “ground effect” қоидалар давридаги муваффақиятсизликдан сўнг яна чемпионлик учун курашишни мақсад қилган.


23 январь – "Феррари"

2025 йилги ғалабасиз мавсумдан сўнг "Феррари" SF-26 номли янги болидини тақдим этди ва дарҳол Фиоранода трекка олиб чиқди. Льюис Хэмилтон ва Шарль Леклер нам шароитдаги ёпиқ тестда навбат билан машинани бошқарди.

Янги дизайн янада ёрқин қизил бўёқ ва кокпит атрофида кўпроқ оқ ранг билан ажралиб туради.

23 январь – "Альпин"

"Альпин" 2026-йилги дизайнини круиз кемасида намойиш қилди. Бу уларнинг "Мерседес" двигателидан фойдаланадиган илк мавсуми бўлади.

Жамоа таркибида Пьер Гасли ва Франко Колапинто бор. 2025 йилда Конструкторлар чемпионатида сўнгги ўринни олган бўлса-да, Флавио Бриаторе жамоа рақобатбардош бўлишига ишонч билдирди.

А526 анъанавий кўк ва пушти рангларда бўлади.

3 февраль – "Уильямс"

FW48 ҳали тўлиқ тайёр бўлмагани сабабли Барселонадаги ёпиқ тестни ўтказиб юборди. Ҳақиқий машина 11 февралдаги Баҳрайн тестида кўрсатилди. Аммо 3 февраль куни дизайн расман тақдим этилди.

Машина асосан кўк рангда, бироқ двигатель қопқоғи ва қанотларда оқ ранг қўшилган. Янги ҳомий “Barclays”нинг оч кўк ранг элементлари ҳам пайдо бўлган.

8 февраль – "Кадиллак"

АҚШнинг янги жамоаси дизайнини мамлакатнинг энг машҳур спорт тадбири – Super Bowl вақтида реклама ролиги орқали намойиш қилди.

"Seattle Seahawks" Сан-Франсискода "New England Patriots" устидан ғалаба қозонган ўйинда машина илк бор кўрсатилди.

Шунингдек, Ню-Йоркда ҳам махсус тақдимот ўтказилди.

9 февраль – "Макларен"

Амалдаги жаҳон чемпиони "Макларен" 9 февраль куни 2026-йилги дизайнини тақдим этди.

Тошкентда ўтказилган “FIA Awards”да кубокни қабул қилиб олган Ландо Норрис Баҳрайн халқаро трассасидан онлайн тадбирда иштирок этди. Унинг ёнида Оскар Пиастри, Зак Браун ва Андреа Стелла ҳам бор эди.

9 февраль – "Астон Мартин"

"Астон Мартин" Саудия Арабистонидаги ҳашаматли маросимда AMR26'ни тақдим этди.

Бу Адриан Ньюи бошчилигида яратилган илк машина. Аммо ҳозирча шоу-кар намойиш этилди, тўлиқ модель эса иккинчи Баҳрайн тестида трассада кўриниш берди.

AMR26 жамоанинг "Хонда" двигателли илк болиди бўлади.

 

2026-йилги янги регламентлар қандай?

2026 йилда техник регламентлар тўлиқ янгиланади. Двигатель, шасси ва аэродинамика қоидалари тубдан ўзгаради. Машиналар ўтган йилгидан анча фарқ қилади.

Формула-1 экспертлари янги регламентни “спорт тарихидаги энг катта ўзгаришлар” деб аташди.

Янги регламент одатда кучлар нисбатини ўзгартиради. 2026 йилдан DRS (Drag Reduction System) бекор қилинади. Унинг ўрнига “Overtake Mode” жорий қилинади – агар ҳайдовчи олдидаги машинадан 1 сония ичида бўлса, белгиланган тўғри участкаларда қўшимча электрматор қувватидан фойдаланади.

Шунингдек, “Active Aero” тизими жорий этилади – бурилишлардан олдин ва кейин олд ҳамда орқа қанотлар ҳаракатланади.

Мутахассислар фикрича, машиналар бир-бирига яқинроқ ҳаракатлана олади ва қувиб ўтишлар сони ортади. Бу эса, ўз-ўзидан пойгалар қизғин ўтишини таъминлайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!