ФР: Ҳимояси энг заиф клублар тўқнашди...

Суперлиганинг 5-тури давом этяпти. Бугун иккита учрашув ўтказилди. Ҳозир ўша баҳсларга оид қизиқарли фактларни келтирамиз.

photo_2023-04-08_18-10-58

"Сўғдиёна" 2:2 "Металлург"

Ушбу жамоалар миллий чемпионат доирасида 43-бор тўқнаш келиб, 9-дурангни имзолашди. Ўзаро тўқнашувлар тарихидаги устунлик жиззахликлар томонида 18-16.

1) Ушбу баҳс Суперлиганинг ҳимояси энг заиф жамоалари ўртасида ўтди. "Металлург" (11) ва "Сўғдиёна" (10) чемпионатда ҳаммадан кўпроқ тўп ўтказиб юборган.
2) 5-турга келиб 4-очкосини олган "Металлург" сўнгги йиллардаги энг ёмон стартини қайд этяпти. Бекободликлар чемпионатни 2017 йилдагина бундан ёмонроқ бошлашган эди.

photo_2023-04-08_20-29-46

3) "Сўғдиёна" Суперлига доирасидаги қаторасига 16-ўйинни ғалабасиз якунлади. Жиззахликларнинг охирги ютуғи ўтган йилнинг августида Самарқандда қўлга киритилган эди ("Динамо", 2:1).
4) Иброҳим Ибрагимов 28 ўйинлик танаффусдан кейин "Металлург" либосида гол урди. У жамоа таркибидаги дебютини гол билан нишонлаган эди.
5) Учрашувда ҳисобни тенглаштирган Сердар Сердеров Ўзбекистон чемпионатидаги дебют голини урди.

photo_2023-04-08_20-18-50

Ҳар 2 жамоани кейинги турда анча қийин имтиҳонлар кутиб турибди. "Металлург" 6-турда ОКМКни қабул қилса, жиззахликлар "Пахтакор" меҳмони бўлишади.

"Андижон" 0:2 "Нефтчи"

Бугун ўз уйида меҳмон бўлган Виталий Левченко шогирдлари "Андижон" билан Суперлигада 47-бор тўқнаш келиб, 33-ғалабасини тантана қилди.

photo_2023-04-08_19-57-57

1) 5 ўйинда 13 очко йиғган "Нефтчи" футболчилари сўнгги 15 йилдаги энг яхши стартни қайд этишди. Бунда яхшироқ натижа охирги бор 2007 йилги мавсум аввалида Юрий Саркисян даврида кўрсатилган эди.
2) Диёржон Туропов 17 ўйинлик танаффусдан кейин яна Суперлигада гол урди.

photo_2023-04-08_10-45-55

3) Нурилло Тўхтасинов маҳсулдорлик бўйича "Нефтчи"нинг энг яхши футболчисига айланиб олди (3+2).

photo_2023-04-08_20-24-02

4) Шунингдек, фарғоналиклар таркибида мавсумдаги биринчи қизил карточка ҳам Тўхтасиновга ёзилди.
5) "Нефтчи" "Андижон"ни узоқ йиллик танаффусдан кейин енгганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. "Бургутлар"нинг ўзаро учрашувлардаги охирги мағлубияти 2015 йилга ёзилган эди.

photo_2023-03-31_19-59-59_1

Александр Хомяков шогирдлари келаси турда ҳам қийин баҳс кутиб турибди. "Андижон" 14 апрель куни "Навбаҳор" меҳмони бўлади. "Нефтчи" эса 17-да "Турон"ни қабул қилиши режалаштирилган.

Фахриддин Рўзиев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!