Франция - зерикарли, сабрли ва чинакам қотил! Чемпионлик учун уларга нима қўл келиши мумкин?
SPORTS.uz Франция миллий терма жамоасининг Европа яшил майдонларида ўтаётган қитъа биринчилигида кўрсатаётган ноодатий ўйини борасида фикр алмашади.
Будапештдаги беллашувдан сўнг кўплаб мутахассислар Франциянинг имкониятларига шубҳа билан қарашни бошлади. Қолганлар эса жамоани бошқа аспектларда кучли эканлиги якунда қўл келишидан умидвор. Хўш, французлар қайси жабҳаларда кучли ва кучсиз? Бугун шу мавзуда сўз юритамиз.
Чемпионликка қарши: Чемпионлик ҳисси
Тан олиш лозим, Россия қабул қилган ЖЧдан сўнг барча футболчилар юқори концентрацияни сақлаб қолиши мушкул. Бу омил Венгрияга қарши баҳсда кўзга ташланиб қолди. Aйниқса, ўз кучига бўлган ортиқча ишонч айрим вазиятларда панд бериб қўйиши мумкин. Можаристон билан учрашувдаги бир эпизод эътиборимни тортди. Килиан Мбаппе ҳужумга ўтаётган бир пайтда рақиб ундан тўпни олиб қўйди. ПСЖ форварди бу воқеадан ҳайрон бўлганини яшириб ўтиргани йўқ. Германия билан беллашувда эса Франция бирорта аниқ зарбани амалга оширмади. Ягона голни Хуммельс ўз дарвозасига жойлаб қўйди. Будапештдаги ўйинда амалдаги ЖЧ ғолиблари атиги 4 бор аниқ зарба беришди. Бу чемпионлик учун курашадиган жамоага ярашмайдиган статистика.
Чемпионликка ёрдам беради: Ҳар бир чизиқдаги лидер
Льорис - топ даражадаги дарвозабон. У бир неча йиллардан бери юқори формани сақлаб келмоқда. Варан Кимпембе билан ажойиб тандем ҳосил этди. Майдон марказида Рабьо чинакам қалъага айланди. Немислар билан тўқнашувда у 9 бор тўп учун курашда устун келди. Бугунги франциянинг ҳар бир чизиғида етакчи бор. Ҳужум учлиги чинакам супер юлдузлардан ташкил топган, бироқ...
Чемпионликка қарши: Плеймейкернинг йўқлиги
Майдон марказидаги Канте-Погба тандемига гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Гризманн ва Мбаппе ҳам ўз ишини аъло даражада уддаламоқда, лекин уларнинг ҳеч бири плеймейкернинг ўрнини боса олмайди. Дешам шунчаки бехато ҳаракат қилишни биринчи планга чиқарди. Сўнгги пасни беришга қодир ижрочи бугунги Франция терма жамоасида йўқ. Бу камчилик Венгрия ва Германия билан ўйинларда кўзга ташланиб қолди. 1998 йилда дунёда тенгсиз, деб топилган Франция таркибида Зидан калибридаги плеймейкер мавжуд эди. Ҳозирги ҳужумчилар бундан мустасно. Шундай экан, мустаҳкам ҳимояга эга жамоалар билан тўқнашувларда жамоа имкониятлари камайиб кетаверади.
Чемпионликка ёрдам беради: Марказдаги боғлам
"Манчестер Юнайтед" Погбанинг қўлларини қанчалар "боғлаб" қўйганини Европа чемпионати кўрсатиб бермоқда. Aгар унинг трансфер суммаси баланд бўлмаганида, аллақачон ўзига қулайроқ бўлган "Ювентус"да жавлон ураётган бўлар эди. Терма жамоада Погба шунчаки маза қилмоқда. Ортида Рабьо ва Кантенинг борлиги эркинроқ ҳаракат қилиши учун замин яратмоқда. Н'Голо эса кеча Франциянинг қуйи дивизионида тўп тепаётган камтарин йигит. Ҳозир ЕЧЛ совринини боши узра кўтарган "олтин тўп" учун асосий даъвогар бўлиб турибди. Рабьо оғир мавсумлардан сўнг яна ўз формасини тиклаб олди. Майдон марказида французлар исталган ҳужумчини тўхтатиб қолишга қодир кучни жам қилган. Бу муҳим ўйинларда ҳимоячиларга кўмак беради.
Чемпионликка қарши: Зерикарли футбол
2012 йилги Европа чемпионатиа Висенте Дель Боске Испаниянинг прагматик футбол ўйнашини барчага кўз-кўз қилган ва якунда олтин медалларни ўзиники қилган эди. Дешам имкон қадар тежамкор футболга урғу бермоқда. Камроқ талофат кўрган ҳолда, биринчи хатога қадар тўп тепиш жамоанинг ўйинидан жозибани қочишига сабаб бўлди. Ҳозир бетараф мухлислар "уч ранглилар" кўрсатаётган футболдан норози. Дешам эса бор эътиборини натижа учун қаратмоқда. Саралаш баҳсларида бундай футбол учун Украина францияни жазолаган эди. Балки Европа чемпионатида ҳам шундай терма пайдо бўлар?!
Чемпионликка ёрдам беради: Дешамнинг танлови
Дешам 2016 йилдаги Европа чемпионатидан сўнг анча тажриба тўплади. Ўз кучига бўлган ишончни қайтарди, мундиалда ғолиб чиқди. Ҳозир Францияни Дешамдан яхшироқ биладиган инсон ер юзида йўқ. Шундай экан, у тарғиб этаётган футболни танқид қилиш бироз ғалати. Дидье бор эътиборини бир неча йиллар давомида йиққан тажрибасини ишга солади. Катта эҳтимол билан бу унинг терма сафидаги охирги катта мусобақаси. Зинедин Зидан унинг ўрнини эгаллаш учун тайёр. Дешам сўнгги сўзини айтиши учун ҳар доимгиданда эҳтиёткорроқ бўлишга интилмоқда. Бунга унинг ҳаққи бор. Муҳими, натижа қилиб берса бўлгани.
Чемпионликка ёрдам беради: Бенземанинг қайтиши
Бунга ишониш мушкулдек туюлади, аммо Каримни "ҳисобдан чиқаришга" шошилманг! Олдинда Португалияга қарши учрашув бор. Боз устига, плей-офф ҳам деярли ҳал этилмаган. Германияга қарши баҳсда у гол киритди (ҳисобга олинмаган бўлса ҳам), Венгрия билан ўйинда бирор маротаба зарба зонасига чиқарилгани йўқ. Бунга юқорида айтиб ўтганимиздек плеймейкернинг йўқ эканлигини асосий сабаб. Шунга қарамай, Карим майдонда юрак билан эмас, ақл билан ҳаракат қиладиган ҳужумчи. Бу битта гол ҳал қиладиган баҳсларда франциянинг "супер қуроли"га айланиши аниқ.
Чемпионликка қарши: Плей-оффдаги рақиблар
Венгерлар билан очко бўлишгач, "уч ранглилар" деярли кейинги босқични ҳал этиб қўйди. Aгар, Дешам шогирдлари 1-поғонани эгаласа, плей-оффда нисбатан кучсизроқ термага қарши ўйин ўтказади. Бир қарашда яхши янгилик, лекин чорак финалда Италия ёки Бельгия билан тўқнаш келиши аниқ. Иккинчи ўринни эгаллагаса, Испания ва Aнглиядан бири билан тўқнаш келиши аниқ. Умуман олганда, французлар плей-оффнинг энг мураккаб саватчасидан жой олиш арафасида. Ҳаммаси Португалияга қарши ҳал қилувчи ўйинда маълум бўлади. Бугунги франция жуда паст темпдаги футболга суянмоқда. Бундан ташқари, вазиятларни яратиш, хавфли зарбалар, кесиб ташланган паслар бобида ҳам муаммолар кўзга ташланиб турибди.
Хулоса
Дидье Дешам тажрибали мутахассис. У ўз ўйин услуби ва тарғиб этаётган футболини узоқ ўйлаб олгани аниқ. Нима ҳам дердик, французлар ўзи танлаган йўлда давом этишмоқда. Бу қанчалар тўғри эканлигини тез орада билиб олишимиз мумкин. Воқеалар ривожини SPORTS.uz да кузатинг.
Фикрлар