Францияда янги юлдуз порлади
Франция чемпионати истеъдодларга бой. Европанинг гранд клублари Лига 1 ўйинларини алоҳида эътибор билан кузатиб, ўзлари учун муносиб номзодларни топишга ҳаракат қилади.
Лондоннинг “Арсенал” клуби ўзига керакли ўйинчини айнан Франциядан топди. “Канонирлар” скаутлари айни пайтда “Лилль” клубининг 18 ёшли ярим ҳимоячиси Айюб Буаддини диққат билан кузатмоқда.
Уларнинг фикрича, Буадди жамоа ярим ҳимоясини ёшартириш учун жуда истиқболли футболчи. Лондон жамоаси уни техник жиҳатдан иқтидорли, тўпни назорат қила оладиган, тактик онгга эга футболчи сифатида кўрмоқда, бу эса “Арсенал” услубига тўлиқ мос келади.
Лондонликлар Буаддининг дарҳол жамоага қўшилишини кутмаяпти, чунки унинг “Лилль” билан шартномаси 2027 йилнинг ярмигача амал қилади.
Бироқ “канонирлар” бу ўйинчини нишонга олган бошқа рақобатчилардан эртароқ ҳаракат қилишга тайёрланмоқда ва вазиятни кузатиб боряпти.
Бу каби трансферлар “Арсенал”нинг ёш иқтидорларга сармоя киритиш ва ҳозир ҳам, келажакда ҳам рақобатбардош жамоа қуриш стратегиясига мос келади.
Фикрлар