Футбол даҳосининг ушалмаган орзуси ёхуд унинг мундиаллардаги иштирокига назар

Аргентиналик юлдуз Лионель Месси бугун 35 ёшни қарши олмоқда. Ҳа, шундай афсона билан бир даврда яшаётганимиз, унинг ўйинларидан роҳатланаётганимиздан хурсанд бўлишимиз керак. Унда бор совринларга ҳар қандай футболчи хавас қилади. Келинг, санаб ўтирмаймиз. Ўзингиз яхши биласиз. Рекордлар ва шахсий совринларни-ку гапирмай қўя қолай. Футбол ҳақида кўпчиликнинг тасаввурини ўзгартирган ва уддалаб бўлмас кўплаб ишларни амалга оширган даҳо. У тўп билан ҳаракатланганда, югуриб, тортиб ва йиқитиб ҳам тўхтатиш қийин, баъзан. Бироқ ҳар кимнинг ҳам армони бўлади. Унинг армони борми? Эришмаган яна қандай соврини бор? Бор! Месси ҳали Аргентина билан Жаҳон чемпионати бош совринини қўлга киритмаган. Футболдаги энг катта совриннинг йўқлиги ҳам унинг буюклигига заррача таъсир қилмаслиги аниқ. Шундай бўлса-да, тарихда натижалар қолади. Йиллар ўтганидан сўнг кейинги авлод "у мундиал бош совринини қўлга киритмаган-ку", дея Мессининг кучига паст баҳо бериб қўйиши мумкин. Ахир, улар биз каби унинг ўйинларидан ҳайратланишмайди. Видеоларини кўриши мумкин, аммо барибир жонли кўргандай бўла олмайди. Ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа қолдирмаслик учун ҳам у Қатардаги мундиални ютиши зарур. Бунгача ҳам кўп уринишлар бўлган. Баъзида бир қадам қолган, баъзан у ва Аргентинанинг очиқчасига кучи етмаган. Келинг, Мессининг жаҳон чемпионатларидаги иштирокига тўхталиб ўтамиз. 

 2006 йил. Германия. Ҳикоянинг бошланиши

Германияда бўлиб ўтган мундиал Лео учун биринчиси эди. 18 ёшли йигитча асосий таркибда ҳали ўз ўрнига эга эмасди. Аргентина терма жамоаси Нидерландия, Кот Д'ивуар ва Сербия билан бир гуруҳдан жой олганди. Ҳаммаси Сербияга қарши иккинчи тур ўйинида бошланган. Лео 75-дақиқада захирадан майдонга тушиб, 3 дақиқа ўтар-ўтмас Креспонинг голига ассист вазифасини бажаради. Бу ҳаммаси эмас. 88-дақиқада унинг ўзи жамоасининг 6-голига муаллифлик қилади. Аргентина - Серия - 6:0. Шу тариқа, "альбисилесте" ўзи жой олган гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқди. Кейинги босқичда улар Мексикани 2:1 ҳисобида таслим этиб, чорак финалга йўл олди. Мазкур босқичда уларни турнир мезбони Германия кутиб турарди. Асосий ва экстра таймларда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Пенальтилар сериясида "немис машинаси" ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди. Бизнинг қаҳрамонимиз қолган беллашувларда ўзини кўрсата олмади. Аниқроғи, унга имконият берилмади. Сабаби, ҳали у жуда ёш эди. 


9824890-3x2-940x627-1

2010 йил. Африка. Энг омадсиз иундиал

Африкада бўлиб ўтган чемпионат у учун муваффақиятсиз ўтган. Америкаликлар Жанубий Корея, Нигерия ҳамда Греция билан бир гуруҳдан жой олган ва ўз квартетида биринчи ўринни қўлга киритган. Нимчорак финалда уларни худди 2006 йилдагидек Мексика кутиб турарди. Бу сафар 3:1 ҳисоби қайд этилди. Тақдирнинг ҳазилими ёки тасодифми чорак финалда яна Германия уларга рақиблик қилди. Бу сафар аргентиналиклар рақибга умуман қаршилик кўрсата олмади. Якуний ҳисоб 4-0.

Месси ушбу турнирни муваффақиятсиз якунлади. Гол ура олмади. Биргина ассист муаллифига айланди, холос. 

photo_2022-06-24_19-30-38_1


2014 йил. Бразилия. Энг яхши ва энг аламли иштирок

Жанубий Америкадаги мундиалда Аргентина ва Месси авжига чиқди. Гуруҳ босқич ўйинларининг учаласида ҳам улар ғалаба қозонди. Дастлаб, Босния ва Герцоговина 2:1 ҳисобида таслим этилди. Кейин Мессининг ягона голи эвазига Эрон мағлуб этилди. Сўнгги турда Нигерияни 3:2 ҳисобида енгган "альбисилесте" биринчи ўрин билан кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди. Месси уч ўйинда 4 та гол уришга муваффақ бўлди. Нимчорак финал анча оғир ўтди. Асосий вақтда ҳисоб очилмади. Фақатгина экстра таймларнинг сўнгги дақиқаларида, аниқроғи учрашувнинг 118-дақиқасида Анхель Ди Мария Мессининг узатмасидан сўнг ҳисобни очди ва бу ғалаба учун етарли эди. Давом этамиз! Чорак финалдаги рақиб - Бельгия. 8-дақиқадаёқ Игуаин рақиб дарвозасини ишғол қилди ва мазкур ҳисоб баҳс сўнггига қадар сақланиб қолди. Финал арафасида уларни Нидерландия кутиб турарди. Хавфли вазиятлар бўйича КОНМЕБОЛ вакиллари устунлик қилди. Бироқ гол уриш ҳар икки жамоага насиб қилмади. Навбат пенальтилар сериясига келди. Унда Ромеронинг ишончли ҳаракатлари эвазига жанубий америкаликлар ғалаба қозониб, финалга йўл олди.

Финал. Ҳал қилувчи баҳс. Рақиб яна ўша Германия ва яна мағлубият! Бу немислар Аргентинанинг кушандаси. 90 дақиқа давомида ҳисоб очилмади. 113-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда Марио Гётце томонидан киритилган гол ўйинга нуқта қўйди. Чироқлар ўчирилсин. Пардалар ёпилсин. Мессининг Бразилия "саҳналарида" ижро этган "рол"лари муваффақиятсиз якунига етди. "ЖЧ-2014"нинг энг яхши футболчиси бўлиш ҳам унинг кўнглини кўтара олмади. Кўтаролмайди ҳам. Сабаби, мундиал кубоги ўрнини бошқа ҳеч қайси соврин боса олмайди.

leo 

2018 йил. Россия. Бу сафар қийин эди 

Бу мундиалда Аргентинани чемпион бўлиши эҳтимоли жуда паст эди. Жаҳон чемпионати ва "Копа Америка"даги муваффақиятсизликлардан сўнг терманинг ҳафсаласи пир бўлган. Кўплаб юлдузлар ҳам қариб қолганди. Тўғри, Месси бор эди, бироқ қолганлар унга ёрдамлаша оладиган даражада кучга эга эмасди. Тахминлар ҳаётга кўчди. Ҳеч қандай мўъжиза содир бўлмади. Бир амаллаб 4 очко билан гуруҳдан чиқиб олган "альбисилесте"ни кейинги босқичда Франция кутиб турарди. Юлдузларга тўла французлар ҳар томонлама Аргентинадан кучли. Майдонда ҳам буни исботлади. Ҳужум вакиллари қўлидан келган ишни қилди ва 3 та гол урди, аммо Мбаппе, Гризманн каби юлдузларни ҳимоячилар тўхтата олмади.  Бундан ташқари, Паварнинг супер голи жанубий америкаликларни шокка тушуриб қўйганди. Якуний ҳисоб 4:3. Месси ушбу баҳсда 2 та ассист қайд этди. Аргентина ва Мессининг иштирокидан ушбу жаҳон чемпионатида ғира-шира хотиралар қолган. Леонинг Нигерияга урган супер голи, айниқса турнирнинг безагига айланди. Нима бўпти? Қачон у чиройли гол урмаган. Мессининг кайфияти ўзгаришсиз қолди. Орзуни амалга ошириш энди иложсиздай. Олдингидай ресурс ва куч-қудрат энди йўқ.



leooo 

Месси ва Мен

Ёшлигимда фильмларда роль ижро этишни орзу қилардим. Ҳозир SPORTS.uz сайти You Tube саҳифасида бир иккита лойиҳаларим бор. Ўз кўрсатувларимда доимо турли образларда пайдо бўлиб, роль ижро этаман. (ҳаваскор) Ёшликда одам ўзи шунақа. Ҳар доим кўп нарсалари орзу қилади. Катта бўлгач, камроғига ҳам кўниб қолади. Чунки ҳаётда бирор нарсага эришиш болаликда ўйлаганимиздай осон эмас. Аргентина ўтган йили "Копа Америка"ни ютди. Узоқ кутилган соврин. Терма жамоа сафида биринчиси, аммо шу билан чекланиб қолмаслик керак. "Копа Америка" у учун катта муввафиятнинг дебочаси. Курашиш керак! Мен ҳали катта фильмларда роль ижро этишим, Месси эса жаҳон чемпиони бўлиши мумкин. Агар интилмасанг, яшамадим деб ҳисоблайвер.

lionelmessi-cropped_wyf4rwni42se1s144oa7r4mme

2022 йил. Қатар. Сўнгги умид 

Юқорида Мессига мотивация бердим. Ўзи ўқиганида, яна ҳам руҳланиб кетарди. Афсус, бу қийин масала. Шундай бўлса-да, унинг ўзи ҳам бу сўнгги имконлигини тушуниб турибди. Қатар яшил майдонларида ўтадиган мундиалда Аргентинанинг чемпион бўлиш эҳтимоли бор. Улар асосий фаворитлар қаторида. Лионель Скалони бошчилигидаги жамоа 32 та беллашувдан бери мағлуб бўлмаяпти. Яқинда "альбисилесте" Финаллиссимада зафар қучди. Бу ҳам кичик бўлса-да, бир ғалаба. Ютилган соврин. Мазкур терма жамоа музейи учун яхши бир жиҳоз. Яна такрорлайман, Жаҳон чемпионати бошқа даража. Шундай экан, Аргентина Қатардаги мундаилда ғолиб чиқиш учун тиш-тирноғигача курашишига шубҳам йўқ. Мен Аргентина футболчиларининг Мессига бўлган ҳурматига қойил қоламан. Улар Месси хурсанд бўлиши учун ҳам борини беради. Бундай эҳтиромга сазовор бўлиш ҳар кимга ҳам эмас. Совринлари ёшидан 5 тага кўпроқ Месси бугун 35 ёшни қарши олди. Ҳамон у ғалабаларга ўч. Унинг менталитети шундан иборат. Ғолиблик қон-қонига сингиб кетган. Футбол мухлиси бўлган ҳар қандай инсон унинг футболда борлигидан хурсанд бўлса арзийди. Лионель Мессининг ушбу спорт турига бўлган муҳаббати ҳақида ортиқча тўхталиб ўтмайман. Шунчаки, буни ўқишнинг ўзи етарли. 

andres

"Пул менга яхши ўйнашга ёрдам бермайди. Ҳозирга қадар ўзимни онамдан тўп сўраб олган боладек ҳис қиламан. Бу туйғу йўқолган куни мен футболни тарк этаман".



                                                                                              Худайқулов Карим мақоласи 


Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
salahidin
24/06/2022 21:03
Худайкулов макола фаросатсиз езилган ягона дахо бу АЛЛОХ