Футбол оламини ҳайратда қолдираётган қариялар рамзий жамоаси
«Милан» жамоаси етакчиси Златан Ибраҳимович оғир жароҳатдан сўнг, сафга қайтди ва «Торино» билан ўйинда майдонга тушди. Унинг ортга қайтишидан илҳомланган SPORTS.uz евро футболдаги «қариялар»ни ёдга олишга қарор қилди.
Дарвозабон: Жижи Буффон – 42 ёш
28 январь санасида футбол оламининг тирик афсонаси 43 ёшни қарши олади. Унинг молиявий имкониятлари чексиз бўлишига қарамай, футболга бўлган қизиқишини тўлиқ сақлаб қолгани таҳсинга сазовор. У нафақат таркибга киритилиш ва захирада ўтириш, балки майдонда ҳам «Ювентус»га ёрдам беришдан тўхтамаяпти. Унинг ажойиб ўйини сабабли «Юве» «Камп Ноу»да гол ўтказиб юбормади. Шу ғалаба сабабли, «Ювентус» Каталония клубини ЕЧЛ гуруҳ жадвалида қувиб ўтди ва биринчи ўринни эгаллади. Буффон ҳали-ҳамон сифатли футбол намойиш этишда давом этмоқда.
Ҳимоячилар: Кристиан Маджо – 38 ёш
Маджо бир ойдан сўнг 39 ёшга киради. Қаҳрамонимиз ўз футболчилик фаолиятини 20-асрда бошлаган эди. У «Фиорентина» ва «Наполи» сафидаги ўйинлари билан мухлисларга яхши таниш. Қаҳрамонимиз 2010 йилдаги ЖЧ ва 2012 йилдаги Европа чемпионатида иштирок этган. Айни дамда, тажрибасиз мураббий – Филиппо Инзаги қўл остида «мўъжиза» кўрсатишда давом этмоқда.
Хилтон – 43 ёш
«Монпелье» ҳимоячиси 15 йилдан бери «Лига» 1 да тўп сурмоқда. 2009/10 йилги мавсумда у «Марсель» билан чемпионликни қўлга киритган эди. Орадан икки йил ўтгач, «Монпелье» сафида яна бир бор чемпион бўлишга муваффақ бўлди. Айни дамда ҳам бразилиялик футболчи «Монпелье»нинг асосий таркиб футболчиси саналади.
Бруно Алвеш – 39 ёш
«Зенит» билан шартнома имзолаган португалиялик футболчи тез орада бутсаларини михга илиши тахмин қилинган эди. Россиядан кетгач, Бруно ўзининг иккинчи ёшлигини бошлаб юборди. Португалия билан Европа чемпионлигини қўлга киритди. Ҳозирда, «Парма» сафида ҳар бир учрашувда 90 дақиқа ҳаракат қилмоқда.
Фил Жагелка – 38 ёш
Филни инглиз футболи мухлислари «Эвертон»даги ўйинлари орқали яхши танийди десак, адашмаган бўламиз. У “Шеффилд”да дунё келган. Балки шу боис, футболчилик фаолиятининг сўнгги мавсумларини «Шеффилд Юнайтед»да ўтказаётгандир. У «ирислар» аъзосига айланишдан аввал, 300 та ўйинда «Шеффилд» шарафини ҳимоя қилгани кўпчиликка номаълум бўлса керак. Ўз фаолиятини 1999/00 йилги мавсумда бошлаган Жагелка ҳали-ҳамон «Шеффилд»нинг асосий таркиб футболчиси саналади.
Ярим ҳимоячилар: Андрес Д'алессандро – 39 ёш
Аргентина футболи афсонаси ҳам бутсаларини михга илмоқчи эмас. «Ривер Плейт» афсонасини Рикельме сингари Европани забт этишини тахмин қилган эди, аммо у кутилган даражада гранд клубларда тўп сурмади. Англия, Италия ва Испаниядаги омадсиз мавсумлардан сўнг, ярим ҳимоячи Бразилияга йўл олди. Кутилмаганда, у «Интернасионал» сафида супер ўйин кўрсатишни бошлади. Бундан бир неча кун илгари эса, уни Уругвайнинг «Насионал» жамоаси ўз сафига қўшиб олди. Катта эҳтимол билан қаҳрамонимиз апрель ойидаги туғилган кунини Уругвай пойтахтида нишонлайди.
Хоакин Санчес – 39 ёш
Хоакин Испания терма жамоасига катта ғалабалар келгунига қадар, 150 дан ортиқ учрашувда майдонга тушган эди. Афсуски, Луис Араганеснинг жамоасида унга жой топилмади. Шунга қарамай, Санчеснинг фаолиятини омадсиз деб бўлмайди. У ўтган мавсумда «Бетис» сафида бутун мавсум 90 дақиқа тўп сурди ва барчани ҳайратда қолдирди. Афсуски, яқинда вирус юқтириб олди ва яна сафдан чиқди. Шундай бўлса-да, унинг камида 40 ёшга қадар юқори даражада футбол намойиш этишига ишончимиз комил.
Лучо Гонсалес – 39 ёш
Бразилияда машҳурликка эришган яна бир аргентиналик футболчи. Лучо мана бир неча йилдирки, «Атлетико Паранаэнсе» сафида ёрқин футбол намойиш этиб келмоқда. «Порту» ва «Марсель» сафида қўлга киритилган совринлар орасида Бразилия чемпионлиги ҳам пайдо бўлиб қолиши мумкин. Лучо ҳозир айнан шу мақсад сари интилмоқда.
Ҳужумчилар: Жермейн Дефо – 38 ёш
2014 йилда Дефо футболчилик фаолиятини МЛСда давом эттиришга қарор қилди. Кўплаб мутахассислар инглиз ҳужумчиси тез орада бутсаларини михга илиб юборишига шубҳа қилмай қўйди. Эътиборлиси шундаки, Дефо еврофутболни соғинди ва кўп ўтмай «Торонто» сафини тарк этиб, ортга қайтди. Аввалига, «Сандерленд» ва «Борнмут» сафида тўп сурди. Ҳозирда эса, Стивен Жеррард бошчилигидаги «Рейнжерс» билан чемпионлик сари одимламоқда. Бу чемпионлик унинг фаолиятидаги биринчиси бўлади!
Родриго Паласио – 38 ёш
5 февраль санасида аргентиналик ҳужумчи ўз туғилган кунини нишонлайди. Бу ҳужумчилар учун катта ёш бироқ, қаҳрамонимиз «Болонья» сафида стабил футбол намойиш этишда давом этмоқда. «Женоа» ва «Интер»даги ажойиб мавсумлардан сўнг, Паласио «Болонья» билан шартнома имзолади ва бир неча йилдан бери клуб шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Унинг ҳисобида А Серия»да ўтказилган 400 та ўйин ва 112 та гол мавжуд!
Златан Ибраҳимович - 39 ёш
Футбол оламидаги энг иззатталаб қария ҳам бугунги рамзий жамоамиздан ўрин эгаллаган. Унинг қайтиши, бутун бошли «Милан»ни руҳлантириб юборди. Шу боис, клуб улкан ғалабалар сари ҳаракат қилишни давом эттирмоқда. Бу мавсумда Ибра ўзини супер ҳужумчи эканлигини исботлашда давом этмоқда. Жароҳат олиб сафдан чиққишидан аввалроқ, 7 та ўйинда 10 та гол киритган эди. Ҳозир эса, тикланиш жараёнини бошидан ўтказмоқда. Айни дамда, унинг типидаги “мақтанчоқ” сайёрамизда бошқа йўқ.
Фикрлар