"Футбол пойдевори яхшиланмаса, кейинчалик клубларда мен ёки Моуриньо ишлайдими, фарқи йўқ, натижа кўрсатиш қийин" - Вадим Абрамов ва унинг жамоаси мухлислар билан учрашди
Бугун, 23 август куни «Динамо» жамоаси аъзолари ва клуб мухлислари ўртасида очиқ суҳбат шаклидаги учрашув ўтказилди.
«Динамо» жамоасининг Суперлига доирасидаги қониқарсиз натижалари самарқандлик мухлисларни ташвишлантираётгани ҳеч кимга сир эмас. Жамоанинг жонкуяр ва фаол мухлислари клубнинг қийин вазиятдан чиқиб кетиш ва кейинги режаларини муҳокама қилиш учун клуб раҳбарияти, мураббий ва футболчилар билан учрашишни сўраган эди. Уларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда «Динамо» стадиони марказий трибунасида жамоа раҳбарияти, мураббий, футболчилар ва ишқибозлар иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Очиқ суҳбат ва танқидий руҳда ўтган учрашувда мухлислар қийин вазиятда бўлган «Динамо»да иш бошлагани учун бош мураббий Вадим Абрамовга миннатдорчилик билдириб, клубнинг Суперлигада қолиши имконияти ҳақида сўрашди.
«Жамоанинг қабул қилганимга кўп бўлмади ва бу ерда иш бошлаётганда ҳам мендан бу ҳақда сўрашганида «Менга учта ўйин беринг, қўл остимда қандай жамоа борлигини кўрай, кейин саволингизга жавоб бераман», деган эдим. Ҳозирча «Сўғдиёна» ва «Қизилқум»га қарши икки ўйин ўтди, олдинда эса яна битта баҳс «Бунёдкор» билан ўтади. Ушбу учрашувдан кейин сизнинг саволингизга жавоб беришим мумкин. Бу ўйиндан кейин бу саволга ўзингиз ҳам жавоб топишингиз мумкин бўлади.
«Динамо»нинг иккинчи давра стартини муваффақиятсиз бошлаганини, турнир жадвали етакчилари - «Пахтакор», «Насаф», «Сўғдиёна» ва «Қизилқум»га қарши ўйин ўтказгани билан боғлаш, баҳонадек кўриниши мумкин. Мен учун ким билан ўйнаш эмас, биз қандай ўйнашимиз муҳимроқ. Ҳозирда ўйин ва натижа жиҳатдан яхши кўринмаётганимиз барчага аён. Энг аввало шуни тўғрилашимиз керак. Олдинда 10 та ўйинимиз бор ва бу биз учун имконият. Лигада қолиш учун шундан камида 5тасини ютишимиз шарт. Акс ҳолда вазифани бажариб бўлмайди. Ҳозир сизга кўп ваъдалар беришим мумкин, аммо тушунинг, мен сеҳргар эмасман. Вазиятни яхши томонга ўзгартириш, лигада қолиш учун барчамиз бор кучимиз билан ишлаймиз. Бу футбол, олдинда нима бўлишини билмайсан», - деди Вадим Карленович.
Мухлислар билан учрашувда Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ устози Самарқандда энг аввало футбол инфратузилмасини яхшилаш, машғулот майдонлари кўпайтириш кераклигини айтиб ўтди.
«Самарқандда футбол инфратузилмасини яхшилаш лозим. Машғулот майдонлари бўлмаса, ёш футболчиларнинг ўсиб келиши қийин бўлади. Айнан шунга ҳам эътиборни кучайтириш керак. Бу муаммо фақат Самарқандда эмас, Тошкентда ҳам худди шу аҳвол. Футбол пойдевори яхшиланмаса, кейинчалик клубларда мен ёки Моуриньо келиб ишлайдими фарқи йўқ – натижа кўрсатиш қийин», - дейди Карленович.
Мухлислар томонидан жамоа легионерлари – дарвозабон Милое Прекович ва Михайло Йованович 1-даврада яхши ўйин кўрсатгани, 2-даврада эса негадир уларга ишонч билдирилмаётгани ҳақидаги саволни ҳам мураббий жавобсиз қолдирмади.
«Жамоага келганимда улар ўйнамаётган эдилар. Йованович жароҳатидан кейин бугундан машғулотларга киришди, Прекович ҳам машғулотларда ишламоқда, кўрамиз, у ҳам асосий таркибга қайтиши мумкин», - деди мураббий.
Шунингдек, мухлислар ҳимоя ва дарвоза чизиғидаги қўпол хатолар ҳақида гапириб, таркибда ротация қилиш борасида савол беришди, мураббий эса ҳимоя чизиғи нозик нуқта бўлиб турганини тан олди ва ўзгаришлар қилиниши мумкинлигини билдирди.
Қизғин савол-жавоблар остида ўтган учрашувда «Динамо» бош директори Учқун Қобилов ҳамда Эркин Бойдуллаев, Михайло Йованович, Марат Бикмаев, Элгужа Григалашвили сингари тажрибали футболчилар ўз фикрларини билдириб, мухлисларга қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилик билдирган ҳолда жамоа ва мухлислар бир кучга айланса, «Динамо»ни Суперлигада олиб қолиш учун охиригача курашишга ваъда беришди.
“Динамо” матбуот хизмати.
Фикрлар