Футболчиларини сотишга тайёрланаётган "Машъал" трансферлардан қанча фойда кўрмоқчи? "Пахтакор"га кетган ўйинчиси яна қайтадими? Клуб бош директори нима дейди?

“Машъал” клуби яна фаол иш тарзига қайтган. Мавсум давомидаги турли қийинчиликларни енгиб ўтаётгани ҳам таҳсинга лойиқ. Жамоа ўз принципига содиқ қолган ҳолда ўзидаги иқтидорларни трансфер қилиш орқали маблағ ишлаб топяпти. Бунга “Пахтакор”га ўтган Шерзод Темировни мисол келтиришимиз мумкин.

Рости, клуби бош директори Илҳом Қурбонов билан гаплашадиган гаплар тўпланиб қолганди. Натижада мутахассис sports.uz учун клуб, трансферлар, мураббийлар яна ва бошқа масалаларда қизиқарли интервью берди.

- Чемпионатда максимал даражадан паст қатнашдик, - деб гап бошлади, Илҳом Абдуғаниевич. - Салоҳиятимиз ва имкониятимиздан келиб чиққанда бундан ҳам юқори ўринларга интилсак бўларди. Лекин аксарият футболчиларимиз илк бор Суперлигада тўп сурганлиги, янги жамоа шаклланганлиги, пандемия, легионерларнинг кўникиши каби сабаблар билан ҳаммаси таъсир қилгандир. Қолаверса, мураббийимиз ҳам Суперлигада биринчи марта мустақил иш олиб борди. Мана шундай жиҳатларни ҳисобга олсак, балки иштирокимиз яхши чиққандир. Лекин ўзимизга танқид кўзи билан қараб, кўпроқ талаб қилишимиз керак. Назаримда, 60 фоизга ишимизни қониқарли десак бўлади. Аммо муаммоларимиз кўп. Майдонимиз ҳолатини яхшилашимиз керак. Бу йил ушбу майдонда “Машъал” билан “Бухоро” ўйнади. Ўртоқлик учрашувларини ҳам ўтказдик. Стадион ёритгичини ҳам яхшилашимиз лозим. Мана шу йўналишларда яхши ишлай олмадик. Шу томонлама қониқарсиз бўлди. Айни пайтда трансферлар устида ишлаяпмиз. Бу ўйинчи сотиб олиш эмас, балки сотиш. Бу клубнинг мақсадларидан бири.

- Трансфер ҳақида гап очиб қолдингиз. Шерзод Темировнинг “Пахтакор”га трансфери расман тасдиқланди. Унинг “Машъал” билан 2021 йилгача шартномаси бор эди. Клуб унинг трансферидан қанча фойда кўрди?

- Бу икки клубнинг келишувида сир бўлиб қолишини хоҳлашяпти. Шунинг учун бу борада узр сўрайман. Аммо фоиз бўйича айта оламан. Темиров жамоамизга февралнинг бошларида қўшилди. Бизга “Насаф”дан келган, аслида у “Шўртан”га тегишли. Бу футболчининг қайсидир сифатлари бизга ёқди. Натижада Шерзод билан икки йиллик шартнома тузгандик, иқтидорини янада кучайтириш учун. Яширмайман, Темиров борасида бизда учта клубнинг таклифи бор эди. Вариантларни ўрганиб чиқиб, якунда “Пахтакор”ни танладик. Қилинган ҳаражатга нисбатан сотилган суммасидан 60 фоизга фойда кўрдик. Ўйлайманки, футболчи учун ҳам, клуб учун ҳам яхши трансфер бўлди.

- Темиров “Пахтакор”да ўйнаб кета олармикин? Ҳарқалай у чемпиона жамоа сафига кетди...

- Имконияти бор, 22 ёшда. Жисмоний кучи яхши. “Пахтакор” уни йиғинда кўради. Уч йиллик шартнома тузган. Улар Шерзодга келажакдаги умид билан қарашяпти. Биз “Пахтакор” билан оғзаки келишганмизки, агар асосий таркибга кириши қийин кечса, “Машъал”га ижарага бериши мумкин. Лекин футболчининг ўзи учун бу катта имконият ва чақириқ. Бундай клубда ўзини кўрсатишга иштиёқи баланд. Балки ўз ўрнини топиб кетар.

- “Машъал” Темировдан ташқари яна бир қатор футболчиларини трансфер қилишга тайёрланяпти. Сир бўлмаса, қайси ўйинчилар трансфер қилинади?

- Бу ҳақида кўп гапиришни хоҳламайман. Нима учун? Агар кўп гапирсам, кейин амалга ошмай қолиши ҳам мумкин. Аста-секинлик билан трансфер ҳақидаги янгиликларни эшитасизлар. Режамизда олти нафар футболчимизни трансфер қилишни йўлга қўйганмиз. Бунинг учун кўп ҳаракат қиляпмиз. Қизиқаётган клубларга футболчиларимиз тўғрисида кўпроқ маълумотлар беряпмиз ва музокаралар олиб бориляпти. Ишонаманки, тез кунларда яна икки-учта янгилик бўлиб қолади. Лекин қайси ўйинчилар экани сир бўлиб турсин. Легионерлар ҳам бор, маҳаллий футболчилар ҳам. Мақсадимиз хорижлик ўйинчилар билан ҳам бир йиллик эмас, икки-уч йилга шартнома тузиб, ўзбек клубларига трансфер қилиш лойиҳаси билан олиб келгандик. Доим бирор лойиҳа амалга ошса, эртагаёқ мева беришини исташади. Аммо бу осон жараён эмас. Тўғри, кўпчилик 6-7 нафар футболчини сотмоқчисиз, лекин жамоада кимлар ўйнайди, деб савол беряпти. Мураббийлар штабимизга ишонамиз. Улар футболчилар билан яхши ишлашади ва керакли натижага эриша олишади. Ўйинчиларимизни трансфер қилишдан аввал мураббийларимиз билан бу масалада маслаҳатлашганмиз. Келаси йил учун ҳам иқтидорли ёшларимиз бор. Ўзимизнинг селекционерларимиз орқали яна янги ёшларни қидириш бўйича иш кетяпти. Сизга яна бир гапни айтишим мумкин, Дилявер Ваниевнинг мураббийлар штабига хорижлик мутахассис билан келишувга эришдик. “Оқ-тепа”да ишлаган испаниялик Серхио энди “Машъал”да ишлайди. 5 январдан Дилявер Ваниевга ёрдам беришни бошлайди.

- Маслаҳатчи лавозимдами?

- Ҳа, шундай.

- У билан музокаралар қандай кечди? Нима учун айнан Серхиони танладинглар?

- Икки-учта вариантларимиз бор эди. Унинг вакиллари билан гаплашдик. Айтишим керакки, испаниялик мутахассис билан фикримиз ва дунёқарашимиз бир хил бўляпти. Ҳозирча оғзаки келишдик. Суҳбатда бир-биримизни тушунганимиз эътиборимизни тортди. Шундай экан, мураббийлар штабимизда ҳам янгиликлар бўлади. Бундан ташқари, мураббийлар штабимизни яна кучайтириш режамизда бор. Рости, топ-мураббийлар билан ҳам музокаралар олиб боряпмиз.

- Янги мавсумда ҳам Ваниев яна натижага асосий жавобгар шахс сифатида қоладими?

- Тўғри, клубнинг натижаси учун матбуотда Ваниев жавоб беряпти. Раҳбариятнинг олдида эса натижа ва клуб инфраструктураси учун мен жавоб бераман. Чунки мураббийлар штабини ҳам ўзим йиғяпман. Селекция ишларида биргаликда қарор қабул қиляпмиз. Қаердадир яхши ўйин кўрсата олмасдан натижа қила олмасак, Ваниев айбдор деб айта олмайман. Лекин мураббийларнинг ишига аралашмайман.

- Яна қайси футболчилар билан музокаралар кетяпти?

- Хорижлик ҳам, маҳаллийлар ҳам бор. Аммо бу осон бўлмаяпти. Биз қизиққан футболчига бошқа клуб яхшироқ шароит яратиб беряпти. Шу масалада қийналяпмиз. Аммо ўз имкониятимиздан келиб чиқиб курашамиз. Ҳар доим А ва Б режаси бўлиши керак. Умуман олганда, янги ижрочилар билан ҳам келишувга эришяпмиз. Бу йил жамоамизнинг ёши 25,2 ни ташкил қилган бўлса, келаси йилда ўртача ёшни 24 га туширишга ҳаракат қиламиз. Ҳали ҳеч ким билан шартнома тузганимиз йўқ. Музокара давом этяпти. Ўйлайманки, эрта-индин шартномалар тузиб расман эълон қиламиз.

- “Машъал” футболчиларига қайси клублардан жиддий қизиқишлар бўляпти?

- Асосан Ўзбекистондан. Агар амалга ошса, аввало ўзингизга айтаман.

- Футболчиларни трансфер қилишдан клуб умумий миқдорда қанча фойда кўришни режалаштирган?

- Тўғриси, бир йиллик қилаётган харажатимизни қоплайди, деб айта олмайман. Агар бухгалтерия ҳисоб-китоби билан қарасак, зарар билан чиқади. Агар футбол томонлама қарасак, 6-7 нафарини сотадиган бўлсак, ўшанда омадли трансферлар қилган бўламиз. Аввал ўйинчиларни сотайлик ва охирида қанча фойда кўрганимизни айтаман.

- Мавсум давомида клуб молиявий томондан қийналди. Ҳозир бу ишлар жойига тушяптими?

- Секин-аста ижобий томонга ўзгаряпти. Раҳбарларимизга миннатдорчилик билдираман. Ойлик маошларни беришяпти, қарздорликларни узишяпти.   

- “Машъал”нинг янги мавсумдаги тайёргарлик режаси қандай?

- Январь ойидаги йиғинимиз бошидан охиригача Муборакда бўлади. Кейин назорат ўйинларини ўтказиш учун Тошкентга келамиз. Шунга қараб тайёргарликни давом эттирамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!