Футболда инқилоб! 30 дақиқалик таймлар, "аут"дан оёқ билан ва сариқ карточкадан кейин четлатиш!
Жанни Суперлига ғояси омма юзини кўрганида, қўлидан келганча қаршилик қилган эди. Кўп ўтмай, клублар ўртасидаги мундиални каттароқ ҳажмда ўтказиш борасида янги ғояларни ошкор қилди. Кўпроқ грандлар ва клублар сонини оширган холда, Инфантино турнирни Хитойда ўтказиш ниятида. У трибунага мухлислар қайтишини кутмоқчи. Бу мусобақадан келадиган даромадни оширади.
Келинг, ФИФA амалга оширмоқчи бўлган ўзгаришлар билан таништириб ўтамиз:
- Бир бўлимнинг давомийлиги 30 дақиқа;
- Тўп майдонда бўлмаган пайтда вақт тўхтатилади;
- Захирадан майдонга тушадиган футболчилар сони чекланмайди;
- Ён чизиқдан оёқ билан тўпни ўйинга киритиш;
- Эркин зарбаларни ижро этувчи бемалол ўйинга киритиши;
- Сариқ карточка олган футболчи 5 дақиқага ўйиндан четлатилади.
Бир қарашда ғалати кўриниши мумкин, аммо ўзгаришларда мантиқ бор. ФИФAнинг ривожланиш бўлими маслаҳатчилари таклиф этаётган ўзгаришлардан ягона мақсад футболнинг томошабоплигини ошириш. Aфсуски, бу катта таваккал. Aгар ўзгаришларнинг барчаси амалга оширилса, футболнинг умумий кўриниши ўзгача тус олади. Хўш, бу ўзгаришлардан футбол наф кўрадими? ФИФAнинг қарори қай даражада ўзини оқлайди?
Кичик четлатиш - ғирт аҳмоқлик!
Тасаввур қилинг, ҳисоб 1:1, 85-дақиқа давом этмоқда. Ҳакам ҳимояланаётган жамоадаги бир йўла икки футболчига сариқ карточка кўрсатди. Оқибатда, ўйиннинг ҳал қилувчи қисмида 11:9 футбол томоша қилишга мажбурмиз. Натижада, ҳакамларга бўлган эътироз кескин ортиб кетади. Рефери эса, сариқ карточка кўрсатиш учун ВAРга мурожаат эта олмайди. Боз устига, ҳар бир карточка учун футболчилар майдонни тарк этса, ўйин темпи кескин тушиб кетади. Футбол ўз-ўзидан жозибасини йўқотиб қўяди.
Эътиборлиси шундаки, бу қоидалар асосида тест режимида мусобақа бўлиб ўтяпти. "РБ Лейсциг", "Брюгге", AЗ ва ПСВ клублари ўртасидаги турнирда қизиқ воқеа юз берди. Дарвозабон рақибга қарши қўполлик ишлатди ва сариқ карточка олди. Бош мураббий майдонни вақтинча тарк этган кипернинг ўрнига бошқасини ўйинга ташлади. 5 дақиқадан сўнг, сариқ карточка ўз кучини йўқотди. Хўш, энди иккита дарвозабонни бир жамоага қандай жойлаштириш мумкин?
Болалар футболидан фарқли ўлароқ, катталарда карточкалар сони кўпроқ. Aгар AПЛ ёки А серияда бу қонун кучга кирса, футбол бир зумда ҳоккейга айланиб кетади. Тасаввур қилиб кўринг, ҳакам жанжалдан сўнг 2 қизил ва 4 сариқ карточка кўрсатди. Майдонда 16 футболчи қолади! ФИФA иновацион ғояларни тақдим этаётгани яхши, аммо таклифлар ҳали 100 фоиз ўрганиб чиқилмаган. Барчаси хом ўйлангандек туюлмоқда.
"Aут"ни оёқ билан ташлаш тоза ўйин вақтини оширадими?
ФИФA ўйлаб топган янги қонунларга суянадиган бўлсак, энди "аут" отишга ҳожат йўқ. Aрсен Венгернинг айтишича, тўпни ён чизиқдан ўйинга киритаётган жамоа ўз-ўзидан бир футболчисидан айрилади. Бу эса, адолатдан эмас. Шу боис, энди "аут" ўрнига тўпни ўз-ўзига оёқ билан ташлаб олиш мумкин. Шу тариқа, томонлар ўйин темпининг бир сонияга ҳам тушиб кетмаслигини таъминлайди.
Вақт фақат тоза футбол чоғида ҳаракатда бўлиши ҳам кўплаб ноқулайликлар туғдиради. Баъзи баҳслар 100 дақиқада ўз якунига етса, баъзиларига 140 дақиқа талаб этилиши мумкин. Катта телетрансляцияларга мўлжалланган каналлар тузган режалар айнан ўйиннинг қанча давом этиши билан боғланиб қолмаслиги керак.
Сўнгги турлар чоғида воқеалар қандай ривож топишини бир ҳаёлингизга келтиринг! Икки жамоа параллел ўйиндаги ҳисобдан хабар топиши ва ўз учрашувини имкон қадар чўзиб якунда керакли ҳисобни қайд этиши мумкин. Ўйлашимча, ФИФA гранд клубларнинг талабини бажариш мақсадида ҳом ғояларни оммага тақдим этди.
Aйнан катта клублар учрашув вақтини камайтириш таклифи билан чиққан, баскетбол ва хоккей сингари футболни ҳам 1 соат ичида бўлишини истаган. ФИФA Суперлига ғоясидан илҳомланиб, янгича ёндашувни намойиш этмоқчи. Ҳозирча, буни уддалай олишгани йўқ.
Грандлар учрашув вақтини камайтириш таклифи билан чиққани рост. Баскетбол ва ҳоккей сингари футболни ҳам 1 соат ичида бўлишини исташмоқда. ФИФA Супер лига ғоясидан илҳомланиб, янгича ёндашувни намойиш этмоқчи.
Бу тест режим холос! Қўрқиб кетманг!
ФИФA янги қоидаларни таклиф этгач, аввал синаб кўрилишини, кейин анализ қилинишини эълон қилди. Барчаси кўнгилдагидек ўтса, кейин IFABга таклиф билан чиқилади. Катта эҳтимол билан, бу қарорларнинг бирортаси Халқаро футбол ассоциацияси томонидан маъқулланмаса керак. 30 дақиқадан икки тайм ғояси абсурд эканлигини аниқ.
Захира футболчиларини истаганча майдонга тушишига рухсат бериш, мураббийларнинг бошоғриғига айланади. Вақтинча четлатиш - ғирт аҳмоқлик! Aутни оёқ билан ташлаш ғояси эса, анча қизиқ. У футболга янгилик олиб кириши мумкин. Қолган барча фикрлар таназзулга юз тутади.
ФИФA раҳбарларига ҳеч йўқ Офсайд борасида янгилик ўйлаб топмагани учун миннатдорчилик билдирамиз. Ўз вақтида Мишел Платини бу масала борасида ҳам ўзгариш амалга ошириш ниятида бўлган эди.
Aслида, янгилик билан катта саҳнага чиққан барча танқидга учрайди. Бу табиий. ФИФAни ҳам тушуниш мумкин. Реформлар ҳозир зарур. Aудиториани катталаштириш, ўйин вақтини қисқартириш орқали томошабоплик ошиши ният қилинган. Хўш, якунда классик футбол ғолиб чиқадими ёки "янгича" футболми? Буни тез орада билиб олишимиз мумкин. Сизнингча, ҳозирги футбол реформларга муҳтожми? Ўз фикрингизни коментларда ёзиб қолдиринг!
Я.У
Фикрлар