Футболдан кейинги қийинчилик, Одил Аҳмедовнинг кўмаги, ўғлининг "Пахтакор"даги келажаги...Ёхуд талаба бўлган Акмал Холматов билан суҳбат
Ўзбек футболига қизиққан мухлис борки, Акмал Холматовни эшитган, унинг кимлигини яхши билади. Фаолиятини ёшлар учун ўрнак қилиб кўрсатса арзийди. Кўплаб муваффақиятларга эришди.
Бошқалар футболни 35-36 ёшда тугатади, Холматов эса бу борада чемпионатимизда ўзига хос рекорд қўйди, 42 ёшгача майдонда тўп тепди. Кейин эса кўринмай кетди. Матбуотда ҳам камнамо бўлиб қолди. Футболдан кейинги ҳаёти қандай, нима иш билан шуғулланяпти, нега ҳеч қаерда кўриниш бермаяпти, шу ва яна бошқа саволлар туғилиб қолганди. Куни кеча “Нефтчи”да порлаган Холматов sports.uz сайтига интервью берди.
- Сизни ҳалигача мухлислар эслаб туради. Негаки, ўз вақтида қандай футболчи бўлганингизни ҳамма яхши билади. Бироқ охирги пайтларда худди футболдан узоқлашгандек бўлдингиз. Шунинг учун ишқибозлар орасида Акмал Холматов қаерда, нима қиляпти, қабилидаги саволлар кўпаймоқда...
- Аввало сизларга раҳмат. Чунки мени шунчалик ҳурмат қилиб, интервью оляпсизлар, бу мени хурсанд қилади. Футболни тугатганимизга ҳам анча бўлди. Мени эслаб турадиган мухлисларга ҳам раҳмат. Акмал Холматов “Одил Жуниор” футбол мактабида ишлаяпти. Биласиз, Одил Аҳмедов футбол мактаби очганди, мен ўша ерда болаларни шуғуллантиряпман. У ерда Зайниддин Тожиев, Дилшод Нуралиев каби мураббийлар ҳам бор. Мураббий сифатида энди биринчи синфга қадам қўйдим десам бўлади. Қўлимдан келганича ҳаракат қиляпман. Чунки мураббийликка яқинда қадам қўйдим. Бунинг учун Одил Аҳмедовга катта раҳмат. Унинг қандай футболчилигини ҳамма билади. Одамийлик нуқтаи назаридан ҳам унга бўлган ҳурматим янада ортди.
- У ерда ишлаётганингизга қанча бўлди?
- Бир йилдан ўтди. Орада пандемия сабабли ишламагандик. Яқиндан бери яна фаолиятни бошладик.
- Майдонда 41-42 ёшгача тўп сурдингиз. Кейин эса футболчиликни тугатганингизни ҳеч ким сезмай ҳам қолди. Ҳолбуки, гап Акмал Холматов ҳақида кетар экан, бемалол хайрлашув учрашувини ўтказишингиз ҳам мумкин эди...
- Тугатиш режаси бирданига рўй берди. Ҳадеб ўйнайверсангиз ҳам бўлмасди. Ёшларга ҳам йўл бериш керак эди. Футболни тугатиш вақтим келганди. Хайрлашув учрашувини ўтказиш бизга эмас. Буни таниқли футболчилар ташкил этса ярашади.
- Бу билан бироз камтарлик қиляпсиз-да! Сиз ҳам номи чиққанлар қаторида эътироф этилардингиз...
- Ҳурмат учун раҳмат. Лекин биздан ҳам зўр ўйинчилар бўлган. Уларнинг олдида мен хижолат бўламан. Нимага? Улар хайрлашув учрашувини ўтказмай туриб мен буни уюштирсам бошқача тушунишлари мумкин. Биздан олдинги футболчиларни ҳам ҳурмат қилиш керак. Агар ўшалар ҳаммага билдириш учун охирги ўйинини ўтказишганида, кейин биз буни ташкил қилсак арзирди. Тўғри, Миржалол Қосимов, Шуҳрат Мақсудовга ўхшаган таниқли футболчилар хайрлашув учрашувларини ўтказишган. Уларга ўхшаган бошқа янада кўпроқ футболчилар мана шундай тадбирни уюштиришганида кейин биз ҳам шундай қилсак бўлаверарди. Гап камтарликда эмас, фақат инсон қачон ва қерда нима иш қилиш кераклигини билиши керак.
- Энди Акмал Холматов мураббий сифатида гавдаланмоқда. Боя айтганингиздек, бу борада дастлабки қадамни ташладингиз. Ёшлар билан ишлашни кимдир осон, яна кимдир қийин дейди!
- Ёш болалар билан жуда қийин. Уларни ўз фарзандларингиздек яхши кўришингиз даркор. Ўзим футбол ўйнаганим учун ҳали ёшлар билан ишламагандим. Аста-секин уларга меҳр қўйиб ишлашни бошладик. Мана, Зайниддин ҳам ёшлар билан зўр ишлаяпти. Ундан ва Дилшод акадан ўрганяпмиз. “С” лицензиясига ҳам ўқияпман. Инструкторимиз Шамиль Исеев бизга ҳаммасини ажойиб тарзда тушунтириб беряпти.
- Мураббийлар ҳам ҳар хил бўлади. Болалар футболида ишлайдиганлари ва катта футболга ўзини бахшида қилганлари бор. Сиз қайси тоифага кирасиз? Буткул болалар футболида ишламоқчимисиз ё яқин келажакда катта футболда ҳам ўзингизни синаб кўрмоқчимисиз?
- Савол яхши бўлди. Аммо мураббийликни энди ўрганяпмиз. Илгари футбол ўйнаб юрган пайтларимда ҳеч нима ҳақида ўйламасдик. Мана, энди-энди мураббийлик қандай эканлигини тушуниб етяпман. Юрий Саркисян бизга айтарди: сизлар 25 нафар бўлсанглар, 25 та характер бор, мен бўлса биттаман, ҳаммангларни бирлаштиришим зарур, дерди. Унинг бу гапларини чуқур тушунмасдик. Машғулот қилардик, дам олардик ва футбол ўйнардик. Мураббий бўлгач, энди ҳаммасини билишингиз ва ўрганишингиз талаб этилади. Вақти келиб катта футболга ўтаман. Аммо ҳеч ким буни олдиндан айтиб бера олмайди. Келажакда катта мураббий бўлишга ҳаракат қиламан.
- Ўғлингиз – Диёр Холматов “Пахтакор”да бу йил дебют голини киритишга муваффақ бўлди. Кўпчилик уни ўғлингиз эканини билмаганди. Диёрнинг “Пахтакор”даги келажагини қандай кўряпсиз?
- Ҳамма нарса ўзининг қўлида. Ҳа, гол урганидан хурсанд бўлдим. Барибир битта гол билан тўхтаб қолмасдан ҳар куни ишлаши муҳим. 3 та урасанми ёки 100 тами, ҳар доим ишлашда давом этиш керак. “Пахтакор”нинг режасини билмайман, у ерда ишлаётган мураббийлар бор. Футболчи ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги талаб этилади. Буни доим унинг миясига сингдириб боряпман.
- Диёрнинг футболчи бўлишига ўзингиз туртки бўлдингизми ёки ўзида жиддий қизиқиш уйғондими?
- Йўқ, ўзида қизиқиш бўлган. 5 ёшидан футбол билан шуғулланишни бошлаган. Мен мажбурламаганман, ўзи танлади.
- “Пахтакор”га қабул қилиниши қандай юз берди?
- 2008 йили “Пахтакор”да ўйнардим. Ўшанда Самвел ака Бабаянга ўғлимнинг иштиёқи бор экан, тўпни орқасидан югуриб юрибди, майлими клуб академиясига берсам, деганимда майли, беринг деган. Тимур ака Олимхўжаев биринчи мураббийи. Мана, Диёр 18 га тўлди, 13 йилдан буён “Пахтакор”да.
- Сизни фаолиятингиз давомида жарима зарбаларининг устаси сифатида ҳам яхши эслаб қолганмиз. Керак бўлса, стандарт вазиятлардан хет-трикка эришганингизга ҳам гувоҳ бўлганмиз. Бугунги пайтда чемпионатимизда жарималар устаси деб қайси футболчини айтган бўлардингиз?
- Бу қийин масала. Ҳамма ҳам стандартдан гол уриши мумкин. Мендан ҳам яхши тепадиганлари бор. Масалан, Миржалол аканинг жарима зарбаларини кўриб маза қилардим. Сергей Лебедев ҳам яхши тепарди. Сервер Жепаров ҳам жарима зарбаларидан усталик билан фойдаланарди. Уларга ҳавас қилардим. Лекин ҳеч ким жарима зарбаларини қандай амалга оширишни ўргата олмайди. Ҳаммаси ижрочининг ўзига боғлиқ. Стандартнинг қандай тепилишини мен ҳам, Миржалол Қосимов ҳам ўргата олмайди. Ўзида бўлиши ва хоҳлаши керак. Ҳамма нарсанинг устидан ишлаш талаб этилади. Ўзидан-ўзи жарима зарбасини тепиб гол уравермайсиз-ку! Фақат ишлаш лозим. Ҳозирги футболчиларимиз яхши, фақат руҳий томондан бироз устунлик бўлса янада яхши бўларди.
- Сиз ўйнаган чемпионат билан ҳозирги чемпионатимиз ўртасида фарқ каттами?
- Фикрим бўйича тўғриси, олдинги футболимиз кучлироқ эди. Биз ўйнаган пайтда стадионга қанча мухлислар келарди-а?! Стадионга кирганингизнинг ўзигаёқ футбол ўйнагингиз келарди. У ердаги муҳит ажойиб эди. Энди бутун дунёга касаллик тарқалди. Чемпионлар лигасидек нуфузли мусобақаларда жамоалар ҳувиллаган стадионларда ўйин ўтказишганига гувоҳ бўлдик. Футбол ким учун ўйналади? Фақат ишқибозлар учун. Стадионга мухлислар кирса, бундан футболчилар руҳланади. Ҳаттоки, улар ҳақорат қилса ҳам барибир стадионда мухлис борлигини билиб турасиз.
- Шунингдек, “Нефтчи”даги ўйинларингизни айниқса, ёши катта ишқибозлар жуда яхши эслашади. Совринлар, ғалабалар, ажойиб голлар...Энди эса сиз каби клубда из қолдирган собиқ ўйинчилар “Нефтчи”да мураббий бўлиб фаолият олиб бормоқда. Холматовга ҳам жонажон жамоасида ишлаш имконияти бўлдими?
- Ҳа, имконият бўлди. Жамоа бошлиғи Зоҳид Ғофуров мени чақирди. Тўғриси, Одил Аҳмедов менга иш бергани учун аввало ундан сўрадим. Аммо у йўқ, деган жавобни айтди. Демак, ўзининг режалари бор. Лекин менга ҳали “Нефтчи”да ишлашга вақтли. У ерда Асад Дўрмонов, Сергей Лебедев, Рустам Дўрмонов каби собиқ юлдузлар ишлашяпти. Ўшалар “Нефтчи”ни яна қайта тиклайди. Анвар Бердиев “Истиқлол”да ишлаяпти. Унинг бош мураббий бўлганига хурсанд бўлдим. Ундан ҳам зўр мураббий чиқади. Чунки жуда меҳнаткаш инсон. Ҳеч ким эртага мураббий бўламан деб айта олмайди. Кимнинг пешонасига нима ёзилган бўлса, ўшани кўради. Яхши-яхши футболчиларимиз бор эди, аммо ҳаммаси ҳам мураббий бўлолгани йўқ. Мураббийлик - бу бораман, шуғуллантираман дегани эмас. Аслида бу жуда қийин масала.
- Мураббийликка қадам қўйишдан олдин Юрий Саркисяннинг маслаҳатини олдингизми?
- Маслаҳатни охиригача оламиз. Ҳар куни ўрганишимиз лозим. Биласизми, футболни тугатганимдан сўнг, етти ой ҳеч қаерда ишламадим. Кейинчалик Ислом Тўхтахўжаев ва Сардор Мирзаев терма жамоа йиғинига борганимизда сизни Одил Аҳмедовга айтайликми, деганларида майли, ишсиз юрибман шундоқ ҳам, дедим. Шу тариқа, ўша йигитлар мени Одилга айтганларида, бўлди гап йўқ, бирга ишлаймиз деган. Тўхтахўжаев билан Мирзаев сабабчи бўлган.
- Футболда катта йўлни босиб ўтган Акмал Холматовнинг бутсаларини михга илгач, анча вақт ишсиз қолиши ажабланарли. Нима учун вазият бундай бўлди?
- Футбол шунақа-да, ҳеч кимдан хафа бўлиш керак эмас. Фаолиятимни ҳеч ким билмаганда тугатиб қўя қолдим. Буни биров пайқамай ҳам қолди. Ҳаттоки, эслашмади. Мана, ҳозир сиз эсладингиз. Ваҳоланки, сиз билан ҳам гаплашганимизга неча йил бўлди? 2-3 йил бўлди, тўғрими? Охирги марта Олтиариқда тўп сурганимда гаплашгандик. Бу вазиятда ҳамма айб футболчининг ўзида бўларкан. Футболни тугатгач, ҳозир ишлайман, мана энди ишлайман, деб юравердим. Вақт жуда тез ўтди. 7-8 ой қандай ўтиб кетганини билмай қолдим. Нима бўлганини тушунмай ҳам қолдим. Футболчи бўлиш оғир эди, уни тугатиш янада оғир экан. Кейин дарров бошқаларнинг назаридан четга чиқиб қолар экансиз. Футболчи бўлганингизда ҳамма сизни кўради, билади, эшитади. Футболдан кейин эса вазият ўзгаради. Мухлислар янгидан-янги футболчиларни хоҳлайди. Уларга майдонда ким ўйнашининг қизиғи йўқ, у Холматов бўладими ё бошқасими, муҳими чиройли ўйин билан ғалаба бўлса бўлди.
- Буни футболдаги адолатсизлик деб ўйламайсизми?
- Йўқ. Бу ерда ҳеч кимнинг айби йўқ ва хафа бўлиш ҳам керак эмас. Эртага ким нима бўлишини билмайди. Фақат ҳар куни ишлаш керак. Мана, мураббийлик ўқишига бордик, биз билмаган нарсаларни миямизгача қуйяпти.
- Футболдан сўнг ўзингизни бошқа соҳада синаб кўриш ғояси пайдо бўлмадими?
- Йўқ . Футбол ўйнаган пайтда ҳеч нимани ўйламас экансиз. Масалан, футболчиликни тугатгач, қийинчилик бўлишини билмасдик. Ҳозирдан ўғлимга яхшилаб тушунтиряпман. Футболдан кейин яқинларимиз ёрдам берди, Одил Аҳмедов кўмаклашди. Юрий Саркисян бизга эртанги кун ҳақида ҳам ўйланглар, деб кўп айтарди. Футболчи халқи ҳаёти фақат мана шундай давом этаверади, деб ўйлайди. Лекин реал ҳаётда бундай эмас экан. Ҳаммаси ўзимиз ўйлагандек бўлмайди. Одил Аҳмедовни деб Ўзбекистон жисмоний тарбия институтига ҳам кирдим. У менга, Акмал ака ўқишга киринг деб гапирди тинмай, охири иститутга кирдим. Бу йил биринчи курс бўлдим.
- Нима учун шу ёшга келиб энди ўқишга кирдингиз?
- Мураббийлик лицензияларини олиш учун олий маълумотли бўлиш керак. Шунинг учун ўқияпман.
- Сизга чемпионатимизда ёқаётган жамоалар қайси?
- “Пахтакор” (кулади). Кейин “Насаф”. У ерда Рўзиқул Бердиев бор, футболни зўр тушунади. Олдин ҳам зўр ўйинчи бўлган. Энди жамоаси ҳам шунга яраша.
Фикрлар