Футзал: Ўзбекистон XXIII миллий чемпионатига қуръа ташланди
Бўлиб ўтган ўйинлар якунларига кўра, “Максам-Чирчиқ” ҳамда Самарқанднинг “Динамо” жамоалари юқори дивизион йўлланмасига эга чиқишган.
Натижада 2019 йилги мавсумда чемпионатимиз иштирокчилари сони 12 тага етди: АГМК, “Пахтакор”, “Локомотив”, “Бунёдкор”, “Металлург”, “Нефтчи”, “Сўғдиёна”, “Бухоро”, “Навбаҳор”, “Насаф”, “Максам-Чирчиқ” ва “Динамо”.
Бугун ЎзПФЛ биносида футзал бўйича 2019 йилги Ўзбекистон чемпионатига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирокчи клублар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Қайд этиш лозим, 2019 йилги мавсумда миллий чемпионат юқори дивизиони учрашувлари 2 та босқичга бўлинган ҳолда ўтказилади. Дастлабки босқич 3 та даврадан иборат бўлади. Ҳар бир даврада 4 та тур ўйинлари ўтказилади ва якунда 12 та тур натижаларига кўра, кучли саккизлик аниқлаб олинади. Биринчи босқичдан сўнг 1-8-ўринларни эгаллаган жамоалар ҳал қилувчи иккинчи босқич – плей-оффда қатнашиш имкониятига эга бўлишади. Плей-офф босқичида ўйинлар финалга қадар 2 та ғалабагача бўлган форматда ташкил этилади. Финалда ғолиб чиқиш масаласи эса 3 та ғалабагача бўлган тартибда ҳал этилади.
Таъкидлаш жоиз, мамлакат XXIII чемпионати ўйинлари марказлаштирилган ҳолда бўлиб ўтади. 1-тур учрашувлари 1-6 апрель кунлари пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида ўтказилади.
Фикрлар