Футзал. Тожикистон термаси бош мураббийи: Ўзбекистон ва Эрон жамоалари асосий даъвогарлардан

Футзал бўйича Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи Пайров Ваҳидов Ўзбекистон билан ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдириб ўтди.

Ўйин ҳақида
- Ўйиндан кўнглимиз тўлди. Иккинчи тайм яхши ўйнадик, учрашув дуранг билан якунланиши ҳам мумкин эди. Бироқ якунда Ўзбекистон ғалаба қозонди. Менимча, айрим жабҳаларда футзалчиларимга маҳорат ва совуққонлик етишмади.

Ўзбекистон терма жамоасининг ўйини ҳақида
- Ўзбекистон билан бу йил кўп бора тўқнаш келдик. Саралаш ўйинларидан ташқари ўртоқлик учрашувлари ҳам ўтказдик. Жамоа таркибида бир қанча тажрибали футзалчилар бор. Бу таркиб Жаҳон чемпионатида ўйнаган. Бу галги ўйинда Ропиев ва Нишонов жуда ажойиб ўйнади.

Иккинчи таймдаги ўзгаришлар
- Биз иккинчи бўлимда ютқазаётган эдик. Шу сабабли оёқ билан яхши ўйнайдиган дарвозабонни майдонга туширдим. Бу бизга қўл келди. Шу сабабли имкониятларимиз кўпайди ва темпни кўтара олдик.

Осиё кубогидаги фаворитлар
- Бу гал ҳам мусобақада ғолиб чиқишга Ўзбекистон ва Эрон жамоалари асосий даъвогарлардан. Шунингдек, Таиланд ҳам чемпионлик учун курашади. Умуман олганда, бутун Осиё бўйлаб футзал ўсди ва ривожланиб бормоқда. Буни Ветнам ва Кувайт мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

 

Манба: ЎФА матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!