Футзалимиз қачон "уйғонади"?

Куни кеча футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси йиғинни бошлади. Лекин охирги пайтларда мамлакатимизда футзалга бўлган эътибор пасайиб кетгандек таассурот қолдираётганди. Клубларимиз эса халқаро мусобақаларда омадсизликка юз тутиб келишмоқда. Қолаверса, терма жамоамиз иштирокидаги йиғин ва ўйинларга ҳам гувоҳ бўлмаётгандик. Афтидан футзалга ҳам яна олдингидек катта эътибор қаратила бошланди.

Терма жамоа ёшараётгани

Ўзбек футзалида катта ўрин тутган Баҳодир Аҳмедов айни пайтда миллий терма жамоа бош мураббийи сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Яқинда бошланган йиғинда эса асосан ёш футзалчилар иштирок этаётганига гувоҳ бўлдик. Аввало бош мураббий мазкур жараён ҳақида тўхталиб ўтди.

- Терма жамомизнинг йиғинини ҳам бошлаб олдик. Таркибимизда 90 фоиз янги футзалчилар шуғулланишяпти. Икки ярим ойдан кейин Осиё чемпионатига саралаш баҳслари бошланади. Биз шунинг учун тайёргарликка киришганмиз. Яна бир гап: Чориев, Умаров каби етакчи футзалчиларга тегмаганимнинг сабаби шундаки, ОКМК жамоаси август ойида Осиё Чемпионлар лигаси мусобақасида иштирок этади. ОКМК жамоаси ҳам ушбу жиддий мусобақага тайёргарлик кўриши учун ҳам ўйинчиларини терма жамоа йиғинларидан озод қилдик. Бу масала бўйича ОКМК мураббийи билан гаплашдик ва ўзаро келишиб олдик. Чемпионлар лигасидаги мусобақадан қайтиб келишганидан сўнг яна терма жамоамиз ихтиёрига қўшилишади. Кейин эса йиғинлар пайтида ўйинчиларни саралаб оламиз. Ҳозирги жамоамизда ёш футзалчиларимиз ҳам кўпроқ. Биз уларни чақиришимиздан мақсад фақат бугунги кунни ўйлаётганимиз йўқ. Балки келажакни ҳам ўйлаб шундай йўл тутяпмиз. Кейинчалик мен шу ерда мураббий бўламанми ёки йўқми, муҳими ҳозирги ёшларимиз келажакда футзалимиз учун ҳисса қўшишларини истайман. Хусниддин Нишонов, Ихтиёр Ропиев каби футзалчилар эндиликда яна ўзларини кўрсатиш имкониятига эга бўлишяпти. Уларга амалиёт ҳам керак. Тўғри, мен етакчи футзалчиларимизни таркибга қўшиб олсам ҳам бўларди. Кейин ҳозирги ёшлар ўсадими-йўқми? Мана, ҳозир чемпионатимизда бир ойлик танаффус бўлади. Ёш футзалчиларимиз ҳозирда ўрганиб боришяпти. Кейинчалик улар катта, тажрибали футзалчиларга қўшилишганида йўқолиб қолишмайди.

Аҳмедов Б

Чемпионатнинг бугунги ҳолати

Футзалнинг ривожланиши ўз-ўзидан унинг ички чемпионатига бориб тақалади. Бизда эса футзал чемпионатини ўтказиш борасида турли янгиликларга қўл уриб кўришяпти. Лекин бунинг қанчалик самараси сезиляпти? Баҳодир Аҳмедов билан ўзаро мулоқот давомида у чемпионатимиз ҳақида ҳам гапирди.

- Раҳбарият томонидан ҳам футзалга эътибор қаратишни бошлашди. Чемпионатимиз ҳам олдинги форматига қайтди. Тўғри, ўша форматдаги биринчилик ҳам яхши эди, аммо уни ўтказиш учун катта маблағ талаб қилинарди. Уй-сафар тизимида ўйнаш яхши-ю, аммо сафарларга бориб-келиш учун сарф-ҳаражатлар ҳам кўпайиб кетади. Қолаверса, жамоалар бир-бирининг ўйинларини кўра олишмайди. Ҳаммаси бир жойда бўлиб, чемпионатда иштирок этишса, ҳамма ўз ўйинларини кўради, ўрганади ва билади. Масалан, бу нарса бизга ҳам осон. Кимнинг қандай ўйнаётганини кўриб таҳлил қила оламиз. Масалан, тўртта ўйинни кўрсак, унда ҳаммаси бўлиб саккизта жамоа ўйнайди. Натижада мен ҳар бир жамоадаги ўйинчиларнинг имкониятларини кўриб оламан. Натижада мен учун ўйинчи танлаш ҳам осонроқ бўлаверади. Футзалчи доим ҳаракатда бўлиши лозим.

Футзал орқага кетдими?

Лекин бир нарсани алоҳида айтиш жоизки, футзалимиз ўзгаришларга мухтож бўлиб қолганди. Футзалимиз қачон «уйғонади», каби саволлар ҳам кўп янграмоқда. Охирги йиллардаги эътиборсизлик оқибатида ўзбек футзали гўёки бир неча йил орқага кетгандек бўлди ҳам. Аҳмедовдан шу ҳақида сўраганимизда шундай деди:

- Тўғри, охирги йилларда футзалимиз орқага кетишга кетдику-я, аммо эндиликда ишлар яна ўз жойига тушяпти. Чемпионатимиз яхши ўтяпти. Терма жамоамиз йиғини ҳам бошланди. Биз максимал даражада ишлашга ҳаракат қиляпмиз ва терма жамоамизни яна олдинги даражасига олиб чиқишга бел боғлаганмиз. Биласиз, охирги Осиё чемпионатида 3-ўринни эгаллаб мавқеимизни сақлаб қолганмиз. Лекин, энди ўша ўрнимизни сақлаб қолишимиз қийин бўлади. Ниманидир эгаллашдан кўра ўша нарсани ҳимоя қилиш доим қийин бўлиб келган. Биз аввало Осиё чемпионати саралашида муваффақиятли иштирок этиб финал босқичига чиқишимиз лозим. Саралаш баҳсларидан ўз-ўзидан чиқиб қолмаймиз. Бу ҳам ўзига яраша машаққат. Шу боис аввало саралаш баҳслари ҳақида бош қотиришимиз лозим. Шундан сўнг Осиё чемпионати ҳақида ўйласак бўлади. Шахсан мен биринчи навбатда саралаша босқичидан муваффақиятли чиқиб олишни ўйлаяпман. Ҳозирга келиб жамоалар яхши ўйин кўрсатишяпти. Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ироқ, Афғонистон ва яна бу рўйхатни давом эттиришим мумкин. Айни пайтда барча рақиблар саралаш баҳсларига жиддий тайёрланишяпти.

Ёшларга қаратилаётган эътибор ҳақида

Шунингдек, иқтидорли ёш футзалчиларга яна эътибор ортиб бораётганини Аҳмедовнинг фикрларидан билиб олиш қийин эмас. Хусусан, жамоаларда ҳам асосий эътибор истеъдодли ўйинчиларга қаратилаётгани ҳам Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийини қувонтирмоқда.

- Боя айтганимдек, ички чемпионатимиз савияси нолийдиган даражада эмас. Жамоалар таркибларида асосан 18-19 ва 20 ёшли футзалчилар ўйнашяпти. Ёшларни ўйнатишаётганидан жуда хурсандман. Уларда ўйин амалиёти ошиб боряпти. Тажрибали футзалчилардан кўп нарсаларни ўрганишяпти. Масалан, мен футзал ўйнаб юрган пайтимда бошқалар менга, «сизнинг ўйинингизни доим кўриб, ўрганиб ўтирамиз» дейишарди. Тўғри, мураббий доим ўйинчиларига ўргатади. Аммо қаердадир футзалчи ностандарт қарорларни қабул қилиб, шунга мойил даражада ўйнашига ҳам тўғри келади. Буни футзалчи ҳеч қачон унутмаслиги керак. Футзалчида ижодкорлик бўлиши муҳим.

Футзалимиздаги асосий муаммолар нимадан иборат?

Лекин иш бор жойда албатта камчилик ва хатолар бўлиб туради. Бунгача футзал бўйича терма жамоамизнинг Колумбияда ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этгани энг катта натижамиз ҳисобланади. Шунингдек, Осиё чемпионатларида ҳам асосан совринли ўринлардан жой олиб келишган. Лекин бугунги кунда футзалимиздаги асосий муаммолар ҳам йўқ эмас. Аҳмедов эса шулар ҳақида тўхталди.

- Муаммоларимиздан бири шундаки, ўйинчиларимиз легионер сифатида хорижда кам ўйнашяпти. Олдин бундай футзалчиларимиз кўпроқ эди. Агар легионерларимиз қанча кўп бўлса, бу футзалимиз учун ҳам шунча фойдали бўлади. Кейин яна бир асосий муаммоимиз шундаки, бизда футзал мактаблари йўқ. Футбол билан футзални фарқи жуда катта. Футболда болалар учун футбол мактаблари бор ва улар катта футболга қийинчиликсиз кириб келишади. Футзални янада кучайтиришимиз учун ҳам шунга ихтисослашган мактабларга эга бўлишимиз керак. Биз футболимиз раҳбарлари билан мавжуд муаммолар ҳақида гаплашдик. Улар ҳам футзал мактаблари зарур эканлигини таъкидлашяпти. Лекин ҳаммасига аста-секинлик билан эришилади. Вилоятларда футзал мактабларини ташкил қилиш ва уларнинг ўртасида турли мусобақаларни ўтказиш катта фойда беради. Натижада терма жамоамизга ўз-ўзидан тайёр футзалчилар етишиб чиқаверади. Раҳбарларимиз бу муаммоларни ҳам ҳал қиламиз дейишди ва бунга ишонамиз.

Бизга яна хорижлик мураббий керакми?

Балки Ўзбекистон терма жамоасига яна хорижлик мураббий зарурдир. Айниқса, бунгача ишлаб кетган испаниялик Хосе Мария Мендез терма жамоамизни бошқариш орқали ўзидан илиқ таассуротлар қолдирганини ҳамма яхши эсласа керак. Футзални ва терма жамоамизни кучайтириш учун яна шунга ўхшаган хорижлик мураббийлар кераклиги ҳақида эшитиб қоламиз. Бунга Баҳодир Аҳмедов қандай қарайди? Қуйида унинг фикрларни келтириб ўтамиз.  

- Терма жамоамизга хорижлик мураббий келса, бунга фақат ижобий қарайман. Биз яна улардан кўп нарсаларни ўрганамиз. Сапо, Мендез каби мутахассислар келишган пайтда ҳам улардан тажрибаларини ўргандик. Хорижлик мутахассислар футзалимизга кўп янгиликларни олиб келишади. 2012 йили биз жаҳон чемпионатига чиқа олмадик. Кейин 2015 йили бизга Мендез келди ва у билан яна бирга ишладик. Энди бу сафар қандай бўлмасин жаҳон чемпионатига чиқишимиз керак. Акс ҳолда бизни кечиришмайди дегандим. Агар бизга Мендезга ўхшаган мураббий келса, бу энг зўри. Пулпис (Мендез) доим айтарди, машғулот ўтказиб олганимдан кейин кимга нима керак бўлса бераман дерди. У баъзи-бир мураббийларга ўхшаб қизғончиқ эмасди. У билан ҳалигача алоқада бўлиб турибмиз. Ҳозиргача қанақа ёрдам керак бўлса, бажонидил қўллаб-қувватлашга тайёр. Мендез ҳар томонлама зўр мураббий. Ўзидаги ўқув қўлланмаларни ҳеч қачон сир сақламайди, доим бошқа мураббийларга ёрдам беришга ҳаракат қилади. Бирга ишлаганимизда машғулотларни менга топшириб, мураббийлик малакамни синовдан ўтказарди. Машғулотни тугатганимдан кейин сени битта кучсиз томонинг бор, у ҳам бўлса сени ўйинчиларга жаҳлинг чиқмаяпти, улар билан ўртангда ака-укачилик бўлиб қолган деб танбеҳ берганди. Мураббий ҳеч қачон ака-укачиликка қараб ўтирмаслиги, керак пайтда қаттиқ гапира олишни билиши лозим. Тўғри, шуғуллантирган футзалчилар орасида бирга ўйнаган йигитлар ҳам бор эди. Мендез эса бундай нарсаларни унутишим кераклигини айтарди. Машғулот – бу иш. Шу боис қаттиққўлликни ундан ўрганганман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Surxon turon
07/07/2019 00:52
Хуллас ахмедовдан олди қочди гаплар амалда кӯрамиз енди