Фёдоров футболимизнинг Россияникидан кучли жиҳатлари, ёшларнинг камчилиги, Шомуродовнинг Роналдуга ўхшаш хислати каби қизиқ мавзуларда гапирди (1-қисм)
Андрей Фёдоров ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида улкан ютуқларга эришган мутахассис. Россия оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамюртимиздан фаолияти ва ҳаёти ҳақида интервью олди.
Sports.uz портали эътиборингизга ушбу интервьюни ҳавола этмоқда.
Андрей Фёдоров икки мамлакат – ҳам Ўзбекистон, ҳам Россияда ҳурмат қозонган инсон. У “Нефтчи”да тўрт маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлган, 2008 йили “Рубин” сафида Россия чемпионатида зафар қучган. Фёдоров 1994 йилда Ўзбекистон терма жамоаси билан бирга Осиё ўйинларидаги ғалабасини фаолиятидаги энг катта ютуқ, деб билади.
49 ёшли мутахассис Тошкентнинг “Локомотив” жамоасини бошқармоқда ва икки йил олдин жамоаси билан чемпион бўлди.
- Кайфиятингиз қалай?
- Кейинги пайтда унчалик, кетма-кет учта мағлубиятга учрадик.
- Жорий мавсумда жамоангизга нима етишмаяпти?
- Таркибимиз деярли 100 фоиз ўзгарди. Биз аввалги услубимизда ўйнашга ҳаракат қиляпмиз, ҳозирча ўхшамаяпти. Энг ажабланарлиси, ҳимоя чизиғида муаммолар бор. Биз ўзимизга керакли футболчиларни ололмадик. Кимни олишга қурбимиз етган бўлса, шуларни олдик. Муаммоларни бартараф этиш учун бу камлик қилмоқда.
- Мақсад аввалгидек биринчи ўринми?
Албатта, яна бир ниятимиз чиройли футбол намойиш қилиш.
- Клуб раҳбарияти натижалар бўйича босим ўтказмаяптими?
- Ҳозирча, бизни тушунишга ҳаракат қилишяпти. Улар етакчи футболчиларимиз кетганини билади. Қишда тўрт киши, яқинда чап қанот ҳимоячиси кетди. Уларнинг барчаси терма жамоа ўйинчилари эди.
Бундан ташқари, ўйин услубимиз мураккаб – қисқа ва ўрта масофага тўп узатишга асосланган комбинацион футбол. Бизни бутун жамоа бўлиб ҳимояланиб, кейин қарши ҳужумда гол уриб ютишмоқда.
Сўнгги икки ўйинимизнинг видеосини томоша қилган дўстларим “Ўйиннинг бир неча секундли лавҳаларини кесиб ташласанг, нега ютқазганингни билиб бўлмайди”, - дейишди.
- Ўзбекистонда ишлаш қандай?
- Қизиқарли. Мен бу ерда Осиё чемпионлар лигасида кучимни синаб кўриш учун ҳам ишлаяпман. Ўтган йили гуруҳ баҳсларида ўйнадик. Тажриба олдик. Ҳозир Ўзбекистонда вояга етаётган ёшлар умуман бошқа эканини тушундим. Нафақат бу ерда, балки Россияда ва бутун дунёда ҳам ёшлар шунақа.
- Ўзбек футболи Россияникидан нимаси билан фарқ қилади?
- Бу ерда техника кучли. Ундан ҳам муҳимроғини айтаман: Ўзбекистонда 16 ёшдан 20 ёшгача футболчилар орасида истеъдод эгалари жуда кўп. Аниқки, Россиядан кўп. Лекин бу ерда уларнинг катталар футболига ўтиш тизими ишлаб чиқилмаган. Кўп болалар иккинчи таркибга қўшилиши билан ўсишдан тўхтайди. Уларнинг қўли пул кўриши, шароитлари яхшиланиши билан ўсишга интилиши йўқолади. Россияда эса техникаси ва маҳорати сустроқ бўлса ҳам, узоқроққа боришади.
- Ўзбек ёшлари қайси чемпионатларда ўйнашни орзу қилади?
- Уларку орзу қилаверади, лекин уни рўёбга чиқариш учун жон койитмайди. Шундай бўлса-да, кўпчилик Россияда ўйнашни истайди. Бунинг учун камида рус тилини билиш керак, ҳозирги авлод орасида бунақалари жуда кам.
- Ўзбекистонда футболчилар ўртача қанча топади?
- Ойига 500 дан 1000 долларгача. Кимлардир икки минг топади, лекин бунақалар жуда кам.
- Сиз жамоа билан русча гаплашасизми?
- Ҳа, лекин кўпи тушунмайди. Алоҳида суҳбатлашганимда ёши каттароқ футболчилардан таржимон сифатида фойдаланаман. Менинг мураббийлар штабимда ҳеч ким ўзбекча гапиролмайди.
- Сизчи?
- Мен оддий нарсаларни ўзбекча тушунтираман.
- Ўзбекистон чемпионатида ўзини кўрсатаётган россиялик футболчи ким?
Кейинги пайтда уларнинг сони камайиб кетган. Бизда Кирилл Погребняк ўйнаяпти. Павел Погребнякнинг кенжа укаси.
- Россиядаги энг зўр ўзбек футболчиси ким?
- Аниқ Элдор Шомуродов.
- Уни бошқалардан фарқи нимада?
- У меҳнаткаш. Худди Криштиану Роналду сингари. Мен ўз вақтида амакиси билан ўйнаганман. У ҳам меҳнаткаш эди. Бу уларнинг қонида бор шекилли. Назаримда, Карпин уни ҳужум марказига қўйиб, ундан тўғри фойдаланиш йўлини топди. Ўзбекистонда у клубларда ҳам, термада ҳам қанотдан ҳужум қиларди.
Элдорда ақлбовар қилмас техника йўқ, лекин ҳаракат ва гол сезиш қобилияти кучли. Энг асосийси, у меҳнаткаш ва ўрганишга иштиёқи баланд. Мана шу фазилатлар ҳозирги ўзбекистонлик ёш футболчиларнинг кўпига етишмайди.
давоми бор...
Фикрлар