Ғалаба бой берилган ўйинда Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?

Элдор Шомуродов янги жамоаси – “Специя”даги иккинчи учрашувини ўтказди. Сафарда “Эмполи”га қарши ўтказилган беллашувда ҳамюртимиз тўлиқ ўйнади.

Элдор Италия чемпионатида охирги маротаба қачон 90 дақиқа тўп тепганини ўзи ҳам эслолмаса керак.

Муҳим беллашув Лука Готти шогирдлари учун муваффақиятли бошланган эди. Легионеримизнинг ҳужумдаги шериги Даниэле Верде биринчи бўлимнинг ўзида иккита тўп киритиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Бироқ, “Специя”га меҳмондан уч очко билан қайтиш насиб қилмади. Тўқнашувнинг иккинчи ярмида мезбонлардан Николо Камбьяги ҳисобдаги фарқни қисқартирган бўлса, ўйин якунланиши арафасида Эмануэль Виньято жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

3551795-72345068-2560-1440

Учрашувни таҳлил қилиб борган https://www.calciomercato.com сайти “Специя” футболчиларининг ўйинларини қуйидагича баҳолади.

Бартломей Драговски 6:

Капутонинг зарбасини ишончли бартараф эта олди. Бироқ, иккита гол урилган вазиятда жамоасини қутқара олмади.

Пшемислав Вишневски 5.5:

“Эмполи”нинг биринчи жавоб тўпи киритилган вазиятда Капуто айнан польшалик футболчидан тўпни олиб қўйди.

Келвин Амьян 6.5:

Керакли пайтда, керакли жойда пайдо бўлди. Ҳужумга ёрдам берди.

Димитриос Николау 6:

Ҳимояда чиройли бўлмаса ҳам, анча ишончли ҳаракат қилди.

Эммануэль Гьяси 5.5:

Жамоасининг ҳужумларини ташкил қилишда сускаштликка йўл қўйди.

Эмиль Хольм 5.5:

64-дақиқада Гьяси ўрнига майдонга тушган бўлса-да, жамоага ҳисобни ушлаб қолишда ёрдам бера олмади.

Мехди Бурабья 5.5:

Бўш ўйнади. “Специя” дарвозаси ишғол қилинган биринчи вазиятда Николо Камбьягига қарши туролмади.

Сальваторе Эспозито 5:

Жамоадошларини олға бошлашга интилди. Лекин 49-дақиқада иккинчи маротаба огоҳлантириш олди ва майдонни тарк этди. Бунинг оқибатида жамоа икки тўп фарқи билан олдинда бораётган ўйинни дуранг билан тугатишига тўғри келди.

Кевин Агудело 5.5 :

Тўпга кўп тегинган бўлса-да, “Эмполи” дарвоасига ҳеч қандай хавф сола билмади.

Аркадиуш Реца 5.5:

Виньято ҳисобни тенглаштирган вазиятда унга халақит қила олмади.

Даниэле Верде 7.5:

Биринчи голни пенальтидан урди. Иккинчиси шунчаки, супер гол бўлди.

Альбин Экдаль 6 :

52-дақиқада учрашув қаҳрамони Верде ўрнига майдонга тушган футболчи майдон марказини ушлаб туришга интилди ва аксарият вазиятларда буни уддалади.

Элдор Шомуродов 6:

Ўйинда фаол ҳаракат қилди. Бир неча маротаба ҳужум уюштирди. Дарвоза томон зарбалар берди. Верденинг иккинчи голида иштирок этгани билан ажралиб турди.

Лука Готти 5.5:

Иккита тўп фарқини сақлаб қоладиган тактика танлай олмади. Эспозитонинг ўйиндан четлатилиши жамоа натижасига салбий таъсир қилди.
Daniele-Verde-celebrate-Spezia-Empoli-penalty

“Специя” сафар учрашувида олинган бир очко ҳисобига умумий жамғарган очколарини 19 тага етказиб, мусобақа жадвалида 17-поғонада қолди.

Энди Элдор Шомуродов жамоаси нвбатдаги беллашувни 19 февраль куни ўз майдонида “Ювентус”га қарши ўтказади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!