Ғалаба нималигини билмай келаётган "Олимпик" ёшлари "Бобур Арена"даги босимга дош бера олишармикин?
21 август санасидан ўрин олган “Андижон” – “Оимпик” ўртасидаги ўйин билан Суперлиганинг 17-тури қисман якунланади. Боиси, яна иккита учрашув 26 август кунига қолдирилган. Унгача 5 та жуфтлик беллашувлари ўтказилиши режалаштирилган ва улардан охиргиси “Бобур Арена”да бўлиб ўтади.
16 та ўйиндан сўнг “Андижон”нинг ҳисобида 6 ғалаба, 3 дуранг ва 7 мағлубият бор. Тўплар нисбати 16\15 ва очколари 21 тага етган ҳолда мусобақа жадвалида 8-поғонага жойлашишган. “Олимпик”да эса 16 учрашувдан сўнг 4 ғалаба, 5 дуранг ва 7 мағлубият мавжуд. Тўплар нисбати 16\22. “Олимпик” 17 очко билан 10-ўринда.
Ўтган турда иккала жамоа бир хил натижа кўрсатди. “Андижон” Тошкентда “Бунёдкор”га 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди. “Олимпик” ҳам худди шу ҳисобда ОКМКга имкониятни бой бериб қўйди. Бу жамоалар ҳозир ғалаба иштиёқида “ёнишяпти”. Сабаби шундаки, “Андижон” ҳам, “Олимпик” ҳам ҳали иккинчи давра бошланганидан буён ғалаба қозона олгани йўқ. Масалан, андижонликлар 2 та дуранг 1 мағлубият қайд этган бўлса, “Олимпик”да 2 та мағлубият ва 1 дуранг бор. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, ҳеч бир жамоанинг ютқазишга ҳаққи йўқ.
Сезаётган бўлсангиз, ҳозирча “Олимпик”ни ўтган йилгидек натижа кўрсатиши бироз қийин кечяпти. Тимур Кападзе жамоаси чемпионатда охирги ғалабасини қачон қўлга киритган? Бу 12 май куни юз берган. Ўшанда Суперлиганинг 10-тури доирасида “Олимпик” Навоийда “Қизилқум”ни ягона гол эвазига мағлубиятга учратган. Шундан бери Кападзе жамоаси 2 дуранг ва 4 мағлубиятга учради. Кўриниб турибдики, жамоага барқарорлик етишмаяпти. Биринчи даврадан кейин Кападзе таркибни сезиларли равишда ўзгартирди. Бошқа клублардан янада ёшроқ йигитлар жалб қилинди. Аммо, ҳозирча “Олимпик”нинг ғалабасиз серияси давом этаётгани айни ҳақиқат.
Кападзе жамоасини Андижонда осон бўлмаган учрашув кутаётгани ҳам рост. Айниқса, “Бобур Арена”да ашаддий мухлислар қаршисида “Олимпик”нинг ёш футболчилари қандай бардош бераркин? Чунки “Андижон” майдонида ҳар қандай рақибга босим бўлиши турган гап. Бунинг устига юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, андижонликлар ҳам иккинчи даврада ҳали ғалаба қозонгани йўқ ва бу сафар ўз майдонида ютмаса бўлмайдиган даражада.
“Андижон” – “Олимпик” қарама-қаршилигининг тарихи бошланганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Аниқроғи, илк тўқнашув шу йилнинг 3 апрель куни бўлиб ўтди. Ўшанда биринчи давра ўйинидаги беллашувда андижонликлар сафарда Илдар Маматказиннинг ягона голи эвазига муҳим уч очкони қўлга киритган.
21 август кунги беллашув жамоаларнинг чемпионатдаги ўзаро иккинчи ўйинига айланади. Шунингдек, шу йилнинг 20 апрель санасида “Андижон” ва “Олимпик” Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичида ҳам тўқнаш келишди ва унда дарвозалар дахлсиз қолган – 0:0.
Хуллас, бугунги ўйин барчанинг эътиборида!
Фикрлар