Ўзбек футболчисига нарх белгиланди. Унга Италия, Германия, Туркия, Нидерландиядан қизиқиш катта!
Самарқанднинг “Динамо” клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Жаҳонгир Ўрозов бўйича келиб тушадиган трансфер таклифларини кўриб чиқишга тайёр. Бу ҳақда клуб раҳбарияти Eurasia Football нашрига маълум қилди.
Клуб маълумотига кўра, 22 ёшли марказий ҳимоячининг шартномасида белгиланган товон пули 1 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Сўнгги кунларда Ўрозовга Европа клублари қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар кўпайди. Германиянинг Kicker нашри тарқатган маълумотга кўра, футболчи Мёнхенгладбахнинг “Боруссия” клуби диққат марказида бўлиб, немис жамоаси уни ҳимоя чизиғини кучайтириш учун асосий номзодлардан бири сифатида кўриб чиқмоқда.
Футболчининг агенти Шаҳриёр Эшбоев ҳам аввалроқ Ўрозовга Италия, Германия, Туркия, Нидерландия ҳамда Россия клубларидан қизиқиш мавжудлигини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, томонлар Россиянинг “Рубин” клуби таклифини рад этган.
“Динамо” клубида таъкидланишича, Ўрозов ҳали ҳам амалдаги шартнома асосида самарқандликлар сафида ҳаракат қилмоқда ва оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган маълумотларнинг катта қисми ҳозирча миш-мишлар даражасида қолмоқда.
- Ҳар хил миш-мишлар жуда кўп. Улар қаердан чиқaётганини айтиш қийин. Футболчининг “Динамо” билан амалдаги шартномаси бор. Биз унинг товон пулини 1 миллион доллар этиб белгилаганмиз. Агар жиддий қизиқиш бўлса, ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, - дейилади Самарқанд клуби раҳбариятининг Eurasia Football нашрига берган изоҳида.
Жаҳонгир Ўрозов аслида “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси ҳисобланади ва профессионал фаолиятини ҳам айнан шу клуб сафида бошлаган.
2023 йилда у Туркиянинг “Эюпспор” клубига кўчиб ўтди. Бироқ у ерда асосий таркибдан ўрин эгаллай олмади ва фақат Туркия кубогида битта ўйинда майдонга тушди.
Ўзбекистонга қайтгач, Ўрозов Самарқанднинг “Динамо” клубига ўтди ва қисқа вақт ичида жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бирига айланди. Клуб сафидаги ишончли ўйинлари унга Ўзбекистон миллий терма жамоасидан жой олиш имконини берди.
Ҳимоячи 2026 йилги жаҳон чемпионати учун Ўзбекистон терма жамоаси қайдномасига киритилди ва мундиалда икки учрашувда иштирок этди. Унинг терма жамоага жалб этилишига асосий ҳимоячилардан бири Ҳусниддин Алиқуловнинг оғир жароҳати ҳам туртки бўлганини айтиш жоиз. Алиқулов мундиалда иштирок эта олмаслиги аниқ бўлгач, бош мураббий Фабио Каннаваро ҳимоячи ўрнига айнан Ўрозовни таклиф қилди.
Умуман олганда, Жаҳонгир Ўрозов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ҳозирга қадар 6 та ўйин ўтказиб, 1 та гол урган.
Нега жим? Бир йил аввал Бельгияга кетган Ўринбоев эсингиздами?
Майдонда очиқ жиноят бўлди. Ўзбекистонлик ҳакам бошқарган учрашувни танқид қилишди
Ўзбекистон терма жамоаси ўйини катта рекорд ўрнатди
Европалик мураббий мундиалда уч ўзбек футболчисини алоҳида ажратиб кўрсатди
Майкл Оуэн Ўзбекистон ўйинига муносабат билдирди

Фикрлар