Ғалаба ва мағлубият нималигини билмаётган жамоаларнинг ўйини қизиқми ёхуд 8-турнинг 8 та жуфтлиги ҳақида

BEPUL PROPAN

2-4 май кунлари Суперлигада 8-тур ўйинлари ўтказилади. Режалаштирилган 8 та ўйин ҳам ўзига хос интригалар сабаб бўлмоқда. Ҳар бир учрашувга эътибор чиндан юқори.

2 май

18:15. “Хоразм” – “Насаф”

Турни “Хоразм” – “Насаф” қарама-қаршилиги бошлаб беради. Жиззахда бўлиб ўтадиган баҳсда “Хоразм” номинал мезбон вазифасида бўлади. Қизиқарли интрига. Ҳаким Фузайлов жамоаси охирги бор иккинчи турда “Сурхон” устидан ғалаба қозонган. Шундан бери улар мухлисларини хурсанд қила олмаяпти. “Насаф” ушбу учрашув фаворити ҳисобланади. “Хоразм” бу ўйинда дуранг ўйнаса ҳам ижобий натижа сифатида қабул қилиниши табиий.

20:30. “Бунёдкор” – “Қўқон-1912”

Илёс Зейтуллаев жамоаси яхши таассурот қолдиряпти. Ўтган турда мағлубият нималигини билмай келаётган ОКМКни мағлуб этишди. “Бунёдкор” ҳам ҳали чемпионатда ютқазгани йўқ. Про лигадан Суперлигага қайтган жамоалар орасида “Қўқон-1912”нинг ўйини анча тажовузкор кўриняпти. Шу боис “Бунёдкор” майдонида кескин руҳдаги учрашув гувоҳига айланамиз. Кичик устунлик эса мезбонларда.

3 май

18:00. “Бухоро” – “Машъал”

Ўтган йили про лигада кураш олиб боришган бу икки клуб энди Суперлигада ўзаро тўқнаш келадилар. “Бухоро” ўтган турда Наманганда йирик ҳисобда имкониятни бой бергач, бош мураббий Улуғбек Бақоев раҳбариятдан истеъфо сўраши ҳақида матбуот анжуманида айтиб ўтганди. Аммо ҳозирча бу нарса рўй бермади ва унинг ўзи жамоани ўйинга тайёрламоқда. “Машъал”га қарши учрашувда “Бухоро”ни ғалабадан бошқаси қаноатлантирмайди. Муборакликлар ҳам совға эмас. Имкониятлар тенг баҳоланмоқда.

19:30. ОКМК – “Андижон”

Бизни яна бир қизиқарли беллашув кутмоқда. Охирги пайтларда мағлубиятлар гирдобига тушиб қолган “Андижон” бу сафар Олмалиқда Миржалол Қосимов бошчилик қилаётган ОКМКга қарши майдонга тушади. Бу ўйинда жамоаларнинг руҳий тайёргарлиги асосий ўринга чиқади. Ўтган турда иккаласи ҳам мағлубиятга учрашди. Мухлисларни жуда кескин руҳдаги беллашув кутмоқда.

20:15. “Сурхон” – “Пахтакор”

Турнинг марказий учрашувларидан бири десак адашмаган бўламиз. “Пахтакор” омадсиз стартдан кейин энди ўзига келаётганга ўхшаяпти. Бироқ уларни Термизда оғир ўйин кутаётганига шубҳа йўқ. “Сурхон”да ҳам, “Пахтакор”да ҳам чемпионатда ҳозиргача 4 та мағлубият бор. “Сурхон” ўз уйида кучли рақибга қарши очиқ жанг таклиф қиладими ёки ёпиқ ўйин кўрсатиб, қарши ҳужумлардан омадини излайдими? “Пахтакор” эса ҳужумкор ўйин кўрсатиши аниқ. Ҳозирча имкониятлар тенг!

4 май

18:00. “Нефтчи” – “Сўғдиёна”

Виталий Левченко жамоаси бу сафар Иван Бошкович бошчилигидаги “Сўғдиёна”га қарши баҳс олиб боради. Жиддий ўйин бўлади. Чемпионлик учун курашаётган “Нефтчи” ўтган сафар уйида “Пахтакор”га 0:4 ҳисобида мағлубиятга учрагач, мухлисларини қаттиқ ранжитиб қўйганди. Фарғоналикларнинг ўтган турда Самарқандда “Динамо”га қарши бўлиб ўтиши керак бўлган учрашуви қолдирилган. Левченко жамоаси бор эътиборини “Сўғдиёна” билан ўйинга қаратган. Бу сафар ҳам очко йўқотса Левченкога яна танқид тошлари отилади. Лекин Бошкович жамоасини енгиш осон иш эмас.

19:00. “Қизилқум” -  “Навбаҳор”

Ниҳоят, “Қизилқум” жамоаси ўз уйига – Навоийга қайтмоқда. 4 май куни “Навбаҳор”га қарши беллашув “Ёшлар спорт мажмуаси”да бўлиб ўтади. “Қизилқум” ўтган турда Қаршида “Насаф”дан жавобсиз 4 та гол ўтказиб юборганди. Бу сафар эса ўз уйидаги очилиш ўйинида навоийликлар ишқибозлари кўз ўнгида ижобий натижа учун бор кучини сарфлаши шубҳасиз.

20:15. “Шўртан” – “Динамо”

Суперлигада ғалаба қозонмаган биргина “Шўртан” қолди. Тўғри, яқинда Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичида "Шўртан" "Олимпик"ни қабул қилиб 3:0 ҳисобида устун келди. Лекин ҳали чемпионатда бундай ишни уддалай олмаяпти. Анвар Бердиев жамоаси бу мавсумда ҳали мағлубиятга учрамаган “Динамо”ни енгишга уриниб кўради. Ғузорликлар ўз уйига қайтди ва мухлислари кўз ўнгида ўйнайди. Лекин Вадим Абрамов жамоаси анча хавфли ва ҳужумкор ўйин намойиш қиляпти. Тажриба борасида “Динамо” устунроқ. “Шўртан” эса катта иштиёқ эвазига нимагадир эришиши мумкин, қолганини вақт кўрсатади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!