Ғалабалар учун ҳар бирига 100 миллион сўмдан мукофот пули, футболчилар ростдан калтакланганми, "Бенфика" билан ҳамкорлик бадали қанчага тушади? "Андижон" раҳбари клуб атрофидаги воқеликларга жиддий муносабат билдирди
Охирги пайтларда “Андижон” клуби атрофидаги воқеликлар жиддий муҳокамаларга сабаб бўляпти. Аввалига ФИФА томонидан қўйилган таъқиқ, тўртта тур қолганида бош мураббийнинг истеъфоси ва “Сурхон”га қарши учрашувдан кейинги машмашалар... Клуб эса Суперлигада қолиш учун курашаётгани барчага маълум.
Энди эса “Андижон”га Отабек Ғуломхўжаев бош мураббийлик қилишидан хабардорсиз. Хуллас, клуб атрофида юз берган турли воқеалардан кейин жамоа раҳбари Журъатбек Қувватовга бериладиган саволлар ҳам кўпайиб қолганди. Sports.uz сайтига берган интервьюсида у кўплаб масалаларга ойдинлик киритди. Дастлаб Бахтиёр Ҳамидуллаевнинг истеъфоси ҳақида тўхталди.
- Тўғри, бошида Бахтиёр ака Ҳамидуллаевга ишонч билдиргандик, - дея гап бошлади, Қувватов. - Ҳа, у яхши футболчи бўлган. Лекин ҳали мураббий сифатида у қадар шаклланмаган экан. Мураббий дегани руҳшунос бўлиши лозим. Жамоа ичидаги ҳолатни яхшилаши керак. Тўғри, характер керак, бироқ Бахтиёр аканики бошқачароқ экан-да. Жамоани унга ишониб топширгандик, кейин қарасак ишлар биз ўйлагандек кетмаяпти. Унинг интервьюларини кўрдик, мураббий ундай гапирмаслиги керак-да. Билмадим, ўзи учун пиар қилмоқчи бўлдими?! Бундан ташқари, клубда муҳит бироз ўзгариб қолди. Биз кимгадир ишонсак, унинг атрофини ҳам ўзига мослаштириб берамиз. Кўряпсиз, клубни Суперлигада олиб қолиш учун жиддий ҳаракат қиляпмиз. Шу пайтгача жамоага чакана пул тикмадим. Икки миллиард икки юз миллион сўм сарфлаб бўлдим. Мен ҳам натижа бўлишини хоҳлайман. Мураббийга натижа бўлмаяпти-ку, десам менга 5000 доллар ойлик бермаяпсизу, шуни талабини қўйяпсиз дейди. Биз у билан келишгандик, бошланишига шу ойлик десак, рози бўлган. Ғалаба қозонса мукофот пулларини берсак, мураббий эса футболчилар керак эмас деб турса, улар қандай қилиб ўйнайди? Йигитлар ўйинни ташлаб юборишди. Мураббий матбуот анжуманларида бунақа футболчилар менга керак эмас деса, улар эртага ўйинни сотиб қўйишлари ҳам мумкин-ку, ҳар хил вазият бўлиши табиий. Шундай қилиб, мураббийни ўзгартиришга қарор қилдим, шунга мажбур бўлдим. Чунки энди қолган тўртта ўйин биз учун жуда керак. Аслида-ку, “Сурхон” билан учрашувда ютишимиз шарт эди. Ишонсангиз, бир неча кун олдин айтдим, олтита тур қолибди, ғалаба қозонсак бўлади, агар ўша ўйинларни ҳаммасини ютсанглар, ҳар бир футболчига 100 миллион сўмдан мукофот пули бераман дедим. Бу ўзларинг учун ҳам, мен учун ҳам ва Андижон футболи учун ҳам яхши бўлишини тушунтирдим. Лекин улар бунга рози бўлишмади ва ундан кўра ҳар бир ютганимизга бериб тураверинг дейишди. Кўряпсизми, ишонч йўқ. Бундай ишончни мураббий уйғотиши керак-да. Мен бу ёқда қанча пул бўлса бераман деб турсаму, лекин футболчилар майдонда ишончни оқламаса?! Кейин Бахтиёр акага айтдим, мана, катталар билан ўйнаб ҳам ютқазяпмиз, ундан кўра ўзимизни ёш иқтидорларни ҳам қўйинг, уларни руҳлантиринг, оёғидан ўт чақнайди. Ҳолбуки, мураббийни ўша гапидан кейин кўпчилиги ишонмай қўйди ва кетадиган бўлиб қолишди. Футболчиларда ишонч ва мотивация бўлмаса кўнгилдагидек ҳаракат қилмайди. Ўша “Сурхон” билан ўйинга ўзим бора олмадим, аммо қарасам яна ўша эски тос, эски ҳаммом.
- Бахтиёр Ҳамидуллаев ўз интервьюсида ўша ўйин пайтида раҳбариятдан қўнғироқ бўлиб, палончини ўрнига пистончини майдонга тушир, деган буйруқ бўлгани ҳақида айтганди. Шу масалага ойдинлик киритиб ўтсангиз...
- Бу гап тўғри, телефон бўлди. Ёрдамчим Дониёрга айтдим, нимага ёшларни туширмаяпти, ахир мураббий билан келишгандик-ку, дедим. Масалан, Сирож Мелиев икки-уч учрашувдан бери ўйнамаяпти. Оёғига тўп ҳам тушмайди, агар тўп келса олдириб қўйяпти. Бундай футболчига яна ишониб нима қилади? Ундан кўра ёшларни қўйгани яхшимасми, дедим. Бор гап шу. Уни ёки буни тушир эмас, шунчаки кўпроқ эътиборни истеъдодли ёшларга қаратишини истаганмиз. Фақат битта Жамшид Ҳомидовни туширяпти. Мен ҳам тўғри одамман. Агар ўзимни жиянимни ёки футбол ўйнашни билмайдиган ўғлим бўлсаю, ўшани ўйнат деб айтсам, ана шунда мураббий реакция кўрсатса ярашади. Мен фақатгина ўзи тузук ўйнай олмаётганларни ўрнига оёғидан ўт чақнайдиган ёшларни қўйиб кўрайлик дедим. Ўринбосарларимиз сафида чустлик Диёр деган футболчимиз бор. Уни U-19 мусобақасида синаб кўрганларида 7 та гол урди. Ҳозир ҳамма ўша болани олиб кетмоқчи бўляпти.
- Яна “Сурхон” – “Андижон” мавзуси ҳақида. Интернетда ўша ўйиндан кейин жамоа футболчилари раҳбарият томонидан калтаклангани ҳақидаги гап-сўзлар тарқалди. Аслида нималар рўй берди?
- Ҳеч қанақа уруш-жанжал бўлгани йўқ. Тўғри, яхши ўйин кўрсата олмадинглар, дея танбеҳ берилган, аммо қўл кўтарилгани йўқ. Гапнинг очиғи, Сирож Мелиев билан Нодир Мавлоновга ўша ернинг ўзида жавоб берилди. Улар йилнинг охиригача ойлик маошларини олган, қарзимиз йўқ. Фақат ишончимизни оқлай олмаётгани учун жавоб бердик. Яна бошқалари ҳам оилавий шароити туфайли ойликларини олдиндан сўраганларида бердик. Қаранг, улар бизнинг футболчиларимиз, қўлимиздан қандай ёрдам бўлса, ҳаммасини қилсак, лекин майдонга тушиб жамоа шаънини ўйламаса, ундай футболчиларни бизга кераги йўқ.
- Отабек Ғуломхўжаев варианти қандай пайдо бўлди? Эшитишимизча, бу борада Диёр Имомхўжаев сизларга тавсия қилган экан...
- Бизнинг тўғри йўлдалигимизни 99 фоиз ишқибозлар ҳам, футболга дахлдор бўлган инсонлар ҳам билиб туришибди. Клубни қандай аҳволда қабул қилиб олдик, биз нима қилмоқчи бўляпмиз, ҳаммасидан хабардорлар. Бу орқали бизда ҳеч қандай моддий манфаат йўқ. Мақсадимиз футболни ривожлантириш, Андижон шаънини муносиб ҳимоя қилиш. Балки бир неча йилдан кейин футболни орқасидан ҳам пул топармиз. Лекин буни Худо билади. Биласиз, клубни тезда қабул қилиб олдик-да, кейин Бахтиёр Ҳамидуллаев вариантида тўхтадик. Яширмайман, “Металлург”га қарши учрашувдан сўнг унинг клубдан кетиши 100 фоиз аниқ бўлганди.
- Ие, сафарда дуранг ўйнаб келганидан кейин-а?
- Мен тўғриси, бир сўзли инсонман. Бахтиёр ака билан ғалабага мукофот пули бор, аммо дурангга йўқ, деб келишгандик. Мен буни пулни қизғаниб айтганим йўқ. Шунчаки, йигитлар ғалаба қозониш учун яхшироқ тўп суришсин, курашишсин, ютмасак пул олмаймиз экан, деган маъно шаклланиши учун айтганман. Шу тариқа, мураббий билан келишгандик. Бекободда ютқазаётганимизда ўйин охирларида Дониёр Абдуманнопов гол уриб ҳисобни тенглаштирди. Балки бу дуранг кимгадир яхшидир, аммо мен учун натижа эмас. Ўша куни ўйин ажойиб бўлганди, шу сабабли учрашув тугагач, майли деб йигитларни яхши ўйин билан табриклагани кирдим. Футболчилар эса “премя, премя” деб бақиришди. Шунда Бахтиёр ака, нима деб келишгандик десам индамасдан турибди. Дурангга пул йўқ, ғалабага бор деганман-а, десам, мураббий ҳа айтгансизу, аммо ғалабага тенг ўйин бўлди-да, деди. Шунда йигитларга дурангга эмас, ғалабага “премя” бўлишини айтдим. Шунингдек, менга бундай шарт қўйманглар, шартни фақат мен қўяман, ойлик маошларни оляпсизлар, агар ютсанглар мукофот пулларини ҳам оласизлар, шу шартимга кўнсанглар клубга келинглар, бўлмаса хафа бўлиш йўқ, йил охиригача ойлик маошингларни беравераман, уйда қолаверинглар, деб шарт қўйдим. Ўша ўйиндан сўнг бир неча кун дам эди, кейин барибир футболчилар жамоа ихтиёрига келишди. Айтмоқчиманки, Ҳамидуллаев билан ҳаммасини келишиб, гаплашиб олгандик. У бундай қилмаслиги керак эди. Менга эса бундай инсон тўғри келмайди. Ўша пайтдаёқ бошқа мураббий қидиришни бошлагандик. Яқинларимиз, танишларимиз бошқа номзодларни тавсия қилдилар, бир нечтасини ўргандик. ПФЛдан Диёр Имомхўжаев билан ҳам гаплашдик. Охири Отабек ака Ғуломхўжаев варианти бизнинг келажакдаги мақсадларимизга жуда мос тушди. Қийин вазиятда қолганимизни, ёрдам беришини тушунтирганимизда, у ҳам мард инсон экан, ёрдам беришга рози бўлди. Худо хоҳласа, янги мураббийимизнинг юзи ёруғ бўлсин. Ишни бошлабоқ йигитларга қўйган талаблари менга ёқяпти. У жамоамизни 9 та турда қандай ўйин кўрсатганини биларкан, ҳаммасини ўрганиб келган. Бу йил “Андижон”ни сақлаб қолиш учун охиригача курашамиз, Суперлигада қолмасак ҳам кейинги йилга Ғуломхўжаев билан бирга ишлаймиз. Янги мураббийнинг бизга биринчи ёққан томони шу бўлдики, ёшлар билан қандай ишлашни яхши билади. Унга ҳам ҳамма шароитни қилиб берамиз. Кейинги йилга режаларимиз катта. Бунинг учун аввало жамоани сақлаб қолишимиз лозим. Бу борада қўлимдан келган ҳамма шароитни қилиб беряпман. Қани, энди ўзим ҳам яхши ўйнай олсам-у, майдонга тушиб жамоамиз учун ёрдам берсам (кулади)?!
- Сир бўлмаса, бош мураббийлик учун рўйхатингизда яна кимларнинг номзодлари бор эди?
- Биринчи ўринда Хомяков эди. Ишсиз қолганида “Бухоро”даги танишлари уни ишга олишган экан. Шу боис у ерни ташлаб кетгиси келмади. Кўпчилик яна бир ишимизни эртак дейишди. Яъни, Португалиянинг “Бенфика” клуби билан жиддий музокараларимиз кетяпти. У ердан ҳам малакали мутахассисни олиб келиш режамизда ҳам бор эди. Шунингдек, “UzAvtoMotors” ҳалигача бизга бош ҳомий сифатида кўрсатилади. Улар билан алоқага чиқдик. Майли, бу йил компания номи футболкамизда бўлади, аммо кейинги йилга нима қиламиз, деган саволни ўртага ташладим. Агар келаси йил учун ҳомийлик қилмоқчи бўлсанглар, қайсидир суммага келишамиз ва шунда яна расмий ҳомий бўлиб футболкамизда компания номи ёзилаверади. Агар рози бўлмасанглар, футболкамиздаги номни ўзгартирамиз, деб айтдим. Бу энди маркетинг иши билан боғлиқ. Шундай қилиб, улар ўйлаб кўришларини айтди. Фақат ҳозирча биздан битта ёрдам деб, Тошкентда халқаро Турин институти очилган, уни қошида “Ювентус” клубининг футбол мактаби иш бошлаган. Бу лойиҳани “UzAvtoMotors” молиялаштирган экан. Шуни ҳисобга олиб улар ушбу клуб билан ҳам қандай ҳамкорлик бўлса, буни амалга ошира оламиз деб айтишди. Чунки бу иккала томоннинг шартларида кўрсатилган экан. Шундан келиб чиққан ҳолда улар билан ҳам гаплашаётгандик. Фақат бизнинг режаларимиз клубни бу йил лигада қолишига боғлиқ. Про-лига жамоасига “Бенфика” ёки бошқа жойдан ўйинчи ва мураббий олиб келсак тўғри келмайди. Хуллас, ҳаммасини тошу-тарозига қўйган ҳолда Отабек ака Ғуломхўжаев номзоди бизга маъқул келди. У билан вазифани бажаришга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Агар тушиб кетган тақдиримизда ҳам у жамоани шакллантириб бораверади. Хорижлик ҳамкорларимиз билан ишни давом эттирамиз ва керак бўлса мураббийларимизни амалиёт учун жўнатамиз ёки уларни ўзимизга олиб келамиз.
- Ғуломхўжаев билан неча йилга шартнома имзоланди?
- Ҳозирча бир йилга.
- “Андижон” клубини “Бенфика” билан меморандум имзолаши ҳақидаги хабар кўпчиликни эътиборни тортди. Аммо бу лойиҳага ишонмаётганлар ҳам бор. Айтинг-чи, ушбу клуб билан ҳамкорлик қилиш ғояси кимдан чиқди ва буни қандай амалга оширмоқчисизлар?
- Ўзим футболга жуда қизиқаман. “Ливерпуль”, “Боруссия” Дортмунд, “Аякс” ва “Бенфика” клубларининг ашаддий мухлисиман. Биласиз, уларнинг академияларидан ёшларни етиштириб бериш бўйича ишлари аъло даражада. Тўғриси, “Аякс” билан гаплаша олмадик. “Ливерпуль” томонидан ҳам жавоб бериш қийин бўлди. Уларнинг орасида “Бенфика” бизнинг таклифимизга лаббай дея жавоб қайтарди. Уларга ўзимиздаги ҳамма маълумотларни юбордик ва ўрганиб чиқишди. Фақат Португалияда пандемиядаги хавотир ҳали ҳам бор экан. Карантин ҳам бизга бироз халақит қилди. Тезроқ улар билан охирги нуқтани қўймоқчимиз. “Бенфика” билан ҳамкорлик бадали учун 77 минг доллар тўлаб беришимиз керак. Биз бу пулни ҳам тўлашга розимиз, муаммо йўқ. Улар эса бу ерга келишлари керак. Ҳозирча “Бенфика” биз ҳақимизда илиқ фикрда.
- Бундай келишувдан кўзланган мақсад нима?
- Футболимизни ривожлантириш, айнан академиямизни. Ёшлар билан ишлаш, селекция ишларини кучайтириш кабиларни ўз ичига олади. Малака ошириш муҳим. Барибир ҳамма нарса бирданига бўлмайди. Янги қон, янги ғоялар кириб келса, шунда ўзгаришлар бўлади. Кўп нарсани хориждан ўрганмасдан иложимиз йўқ.
- Андижонлик мухлисларда хавотир борлиги аниқ. Бундай пайтда уларга нима дея оласиз?
- Футбол ишқибозларини жуда ҳурмат қиламиз. Ҳали негатив фикрларни эшитмадик. Улар жамоамизни қўллаб-қувватлашсин. Агар футболга моддий манфаатни кўзлаб келганимиз қаердадир намоён бўлган бўлса, ана шунда улар салбий фикрлар билдирса бўлади. Бизнинг ниятимиз пул тикиб, фақат футболни кўтариш. “Андижон” жамоасини охирги ўринларда кўриш эса бизга умуман ёқмайди. Барибир ичимиз ачишади. Қилаётган барча ишимиз Андижон халқи ва футболи учун. Ўзим ватанпарварман. Қачонгача “Насаф”, “Пахтакор” ёки “Бунёдкор”нинг академияси гапирилади. Нега “Андижон”нинг академияси гапирилмаслиги керак? Нима учун Андижон футбол модулини яратмаслигимиз керак? Биласиз, Андижон Республикада ҳамма соҳада олди қаторларда юради. Шундай экан, нима сабабдан футболда орқада юришимиз лозим? Тўғри, қилаётган ишларимиз бирданига натижа бермайди, акс ҳолда сеҳргар бўлиб қоламан-ку. Фақат жамоамизни қўллаб, ишонч билдириб туришсин. Биз гапириб кўрсатадиган одатимиз йўқ. Ҳаммасини амалда исботлаймиз. Ўзингиз ҳам билиб турибсиз-ку, жамоамизни қийин аҳволда қабул қилиб олдик. Қани энди, трансфер қилиш имкониятимиз бўлганида?! Хабарингиз бор, “Андижон”га трансфер қилиш учун таъқиқ ҳам қўйилди. Энди ўша қарзларни ҳам тўлашга мажбурмиз. Олдин ўйнаб кетган Виталий Мирнийга 15 минг доллар, Радослав Алексичга эса 24 минг доллар тўлаб берсам, кейин бизга қўйилган таъқиқ олиб ташланади. Йўқ жойдан 39 минг доллар! 390 миллион сўм оғизнинг бир чеккасидан чиққани билан бу катта пул. Қани энди, ўша пулларни Андижон халқи учун сарфласам, фақат фойда бўларди. Мен эса кимнидир қилган хатоси учун ўша пулларни бошқа легионерларга тўлашим керак. Демоқчиманки, мухлислар бизга ишонишсин, мақсадимиз олий.
- Собиқ легионерлардан бўлган қарздорликни қайси муддатгача тўлаш белгиланган?
- Трансфер ойнаси очилгунга қадар барча пулларни тўлаб, муаммони ҳал қиламиз. Ўртамизда айрим ҳужжатбозлик ишлари қолган. Тўғрисини айтаман, клуб ҳалигача ҳужжатда бизга ўтгани йўқ. Эски фирмага аудит текшируви ташланган, лекин ҳали иш охирига етгани йўқ. Ўша ишлар охирига етиб келганида қарздорликларни ёпамиз.
- Юқоридагилардан ташқари, қарздорлик масаласи бўйича сизга яна бошқа мурожаат қилаётганлар ҳам бўляптими?
- Улар жуда кўп. Вазият ойдинлашгунгача ФИФАга ёзмай туринглар, деб илтимос қиляпмиз. Уларни ҳам тўғри тушунса бўлади. Эртага, индинга деган гаплар билан йиллар ўтиб кетган. Кейин ёзишга мажбур бўлишган. Тўғриси, бу пуллар уларнинг пешона териси. Қандай ўйнаганини билмайман, аммо уларнинг қарзларини ёпиш бизнинг бўйнимизга қолиб кетди.
Фикрлар