Ғалабасиз, мағлубиятсиз ёки дурангсиз натижа қайд этиш мумкинми ёхуд Суперлигада ажралиб турган 4 та клуб ҳақида

Хабарингиз бор, Суперлигамизда 12-тур якунлангач, 25 кунлик танаффус эълон қилинди. Бу орада юртимизда CAFA мусобақаси ўтказилади ва унда бир қатор миллий терма жамоалар иштирок этишади. Шу сабабли чемпионатимизда таътил юзага келди. Қизиғи, жамоалар 23 июнь куни 13-тур учрашувларида майдонга тушишади ва бу биринчи давранинг якуни ҳисобланади. Лекин 29 июнь - 3 июль кунлари 8-турнинг қолдирилган учрашувлари ҳам ўтказиб олинади ва шу билан Суперлига иштирокчилари учун расман биринчи давра поёнига етади.

Эндиликда клублар 5-6 кунлик танаффусдан сўнг 12-тур учун тайёргарликка киришмоқдалар. Биласиз, “Навбаҳор” 11 та учрашувда 25 очко тўплаб 1-ўринни банд этиб турибди. Лекин 2-поғонадаги “Пахтакор” бир очко кам тўплаган ва 1 та ўйин захираси ҳам бор. Биринчи давра тугашига яна иккита тур қолган бўлса-да, жамоалар ўз имконияти ва ўйинидан келиб чиқиб сараланиб қолишяпти.

Турнир жадвалига эътибор қаратадиган бўлсак, 4 та клубнинг кўрсаткичларида 0 рақами турибди. Бугун шу хусусида сўз юритамиз.

“Пахтакор” ва “Андижон”да – 0

Амалдаги чемпион ва ўтган йили про лига ғолиби сифатида Суперлигага қайтган “Андижон”да бир кўрсаткич бўйича тенглик бор. Гап шундаки, “Пахтакор” билан “Андижон” бу йил чемпионатимиз ўйинлари мобайнида ҳали дуранг қайд этмаган икки жамоа бўлиб турибдилар.

пахтакор чипта_5

“Пахтакор” клуби Суперлигани бирин-кетин иккита мағлубият бошлагани ёдингиздан чиқмагандир. Аввалига “Олимпик”, кейин “Нефтчи”га мағлуб бўлган “Шерлар” шундан кейин “ов”га чиқди ва мана, кетма-кет 8 та учрашувдан бери рақибларини ютиб келяпти. Натижада дурангга ҳам рози бўлмаяпти. Шу боис “Пахтакор”да 8 ғалаба ва 2 дуранг бор.

Қаршида “Насаф”ни мағлуб этиш орқали барчани ёқимли маънода ажаблантирган “Андижон”га ушбу ғалабали серияни давом эттириш насиб қилмади. Чунки кейинги ўйинларда жамоа мағлубиятга учради. Лекин охирги пайтларга келиб “Бургутлар”нинг парвози баландга кўтарилаётгандек. Боиси, жамоа ғалабалар сериясини бошлаб олгани сезиляпти. Ҳисобида 5 та ғалаба ва 6 та мағлубият бор. Бу жамоага қарши ўйнаш қизиқарли. Чунки рақамлар айтиб турибдики, ё ютади, ё ютқазади. Лекин мағлуб бўлган айрим учрашувларида жамоа жуда аламли тарзда имкониятни бой берганлигини ҳам қўшимча қилиш даркор. Бош мураббий Александр Хомяков жамоаси сира дурангга рози бўлмаяпти. Шунинг учун бўлса керак, сўнгги учрашувларида ғалабалар сони ошди ва турнир жадвалида 7-ўринга кўтарилиб олди.

“Нефтчи”да – 0

Виталий Левченко бош мураббийлик қилаётган “Нефтчи” ҳам бу йил алоҳида мавзуга айланмоқда. Чемпионатни анча ишончли ва барқарор бошлаган фарғоналикларни ҳали ҳеч ким мағлубиятга учрата олмаётгани эътиборга молик. Лекин дуранглари кўпайиб қолди. Қизиғи, Суперлигада энг кўп дуранг айнан “Нефтчи”га тегишли – 6 та. Ғалабалар сони эса 5 та. Фақат охирги пайтларда Левченко жамоасида дуранг натижалар сезиларли даражада ортгани сабабли 3-ўринга тушиб қолди. Шундай бўлса-да, “Нефтчи” чемпионатда мағлубиятга учрамаган ягона жамоалигича қоляпти. Шунинг учун бу жамоада мағлубиятлар кўрсаткичи 0 турибди. Лекин унутмайликки, фарғоналиклар Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидан ўтолмади. Сабаби 3-турда Бекободда “Металлург” жамоасига имкониятни бой бериб қўйди. Аммо биз асосан Суперлигадаги натижалари ҳақида сўз юритаётганимизни унутманг.

нефтчи1_1

“Турон”да -  0

Суперлигада Фарғона вилоятининг бош жамоаси – “Нефтчи” ҳали умуман ютқазмаган бўлса, вилоятнинг яна бир вакили - “Турон” ҳамон ғалаба нималигини билмаяпти. Ҳолбуки, жамоада молиявий муаммо йўқ, таркиб яхши, база бор, шароитлар яратилган. Яна нима керак, деган савол бор-да. Мураббий алмаштирилди, аммо янги келган россиялик Денис Бушуев билан ҳам “Турон” ютолмаяпти. Демак, бу ерда гап балки мураббийда эмасдир. Тўғри, жамоа ўйини яхши, ҳужумкор деяётганлар бор, лекин натижа қани? Унда нега ғалаба йўқ?! Бу ерда гап бошқа ерда бўлса керак.

турон6

Эшитишимизча, биринчи даврадан кейин таркибда яна ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда экан. Тўғри, жамоа қачондир ғалабасиз сериясига барҳам берар. Лекин 12 та ўйинда жамоа бор-йўғи 4 очко олди, холос. 11 та учрашувда 4 дуранг ва 7 мағлубият қайд этилди. 4 очко билан ягона аутсайдер номини ўзида сақлаб келяпти. Ўтган йили про лигада иштирок этиб, 3-ўринни эгаллаган ҳолда плей-офф орқали Суперлигага қайта олган жамоа ҳамон 2021 йилги дебют мавсумидаги омадсиз иштирокидан керакли хулосаларни чиқармаган кўринади. Агар вазият ўзгармас экан, “Турон” яна боши берк кўчага кириб қолади.

Шуҳратбек Жўраев.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!