Ги Киала: "Ўзбекистонда техник тарафдан иқтидорларнинг кўплиги мен учун сюрприз бўлди"

ЎФА техник директори сифатида иш олиб бораётган бельгиялик 55 ёшли тажрибали мутахассис Ги Киала яқинда Андижонга келиб кетди.

Боиси, футбол бўйича 2011 йилда (U-13) туғилган футбол академиялари тарбияланувчилари ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Киала эса ўзбек футболининг ривожланиш дастури асосида нафақат терма жамоалар ёки бошқа йўналишларда, балки болалар футболи билан ҳам яқиндан иш олиб бормоқда.

Андижондаги финал учрашувидан кейин Ги Киалага бир қатор саволлар билан юзландик.

- Андижонда ўтган футбол академиялари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати қандай таассурот қолдирди?

- Бу ерга келганимда бунчалик кўп иқтидорлар борлигини кутмагандим. Уларнинг техник салоҳияти жуда ҳам юқори экан. Шунчалик кўп техник томондан иқтидорларни кўрганим мен учун сюрприз бўлди. Бундан жуда ҳам хурсандман.

- ЎФАда иш бошлаганингиздан бери анча вақт ўтди. Ҳозирги пайтга келиб иш жараёнингиз қандай кетмоқда?

- Техник директор лавозимига тайинланганимдан бери менинг вазифам фақатгина миллий терма жамоа билан ишлаш эмас, балки бутун Ўзбекистон футболини ривожлантириш вазифаси қўйилган. Биринчи қилган ишларимиздан бери академияларни янада ривожлантираётганимиздир. Бунинг учун ишларни амалга оширяпмиз. Техник программалар қўйишимиз, ёш болаларни ривожлантириш учун кўп йиллик дастурни ўргатишимиз керак. Унинг ичига жисмоний ривожлантириш дастури бўлади. Буни тасдиқлаб академияларга киритишимиз керак. Мени энг муҳим ишларимдан бири мураббийлар таълими билан ҳам ишлаш ва ривожлантириш. ОФК курсларини ташкил қилиш, мураббийларни билимини оширишга ҳам эътибор қаратилган.  

- Ишингиз давомида ўзбек футболида сизни ижобий томонлама нима ҳайрон қолдиряпти?

- Бу ерга келганимда жуда кўп истеъдодларни кўряпман. Бундан олдин ишлаган мамлакатларимда эса бунчалик кўп иқтидорларни кўрмаганман. Болаларни футбол учун бўлган чанқоғи, иштиёқи ва хоҳиши борлигидан жуда ҳам хурсандман. Футболга чанқоғи кўп болалар ҳар мамлакатларда ҳам кўп эмас.

- Турли ёшдаги термаларимиз жаҳон чемпионатларида қатнашиб келяпти. Яқинда олимпия терма жамоамиз илк бор Олимпиадада ўйнади. Энди эса энг асосийси миллий терма жамоамизни мундиалда иштирок этишини кўришимиз қолди. Терма жамоамизни ичидан кўряпсиз ва имкониятлар борасида нима дея оласиз?

- Бундан олдин ҳеч қачон жаҳон чемпионатига бунчалик яқин бўлмаганмиз. Биз учун жуда катта имконият. Лекин кўп нарса дастлабки учрашувларга боғлиқ. КХДР ва Қирғизистонга қарши учрашувлардаги натижалар ниҳоятда муҳим.

- Суперлигамизни ҳам кузатяпсиз. Даража ва мавқеимизни қандай баҳолаяпсиз?

- Ҳозирги пайтда биз ПФЛ билан жуда яқин ишларни олиб боряпмиз, Суперлигамиз савиясини кўтариш учун. Албатта, даражаси яхши, ажойиб потенциалга эга. Фақат баъзи-бир ишларни амалга ошириб, Суперлиганинг даражасини янада оширишимиз керак.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!