Гимнастикачиларимиз Осиё чемпионатида етакчилик қилишмоқда
Таиланднинг Паттайя шаҳрида ўтказилаётган бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати жозибали рақобат остида давом этмоқда. Қувонарлиси, мусобақанинг бугунги кунида ҳам терма жамоамиз вакиллари бир қатор йўналишлар бўйича совринли ўринларни қўлга киритишди.
Куннинг биринчи қисмида тўп билан машқ қилиш бўйича 5 кишилик гуруҳ баҳсида терма жамоамиз қизлари олтин медалларга сазовор бўлишди. Халқада машқ қилиш бўйича яккалик чиқишда ўз омадини синаб кўрган Екатерина Фетисова эса бронза медали билан тақдирланди.
Шунингдек, ўсмирлар ўртасида тўпда машқ бажариш бўйича Ёсмина Раҳимова Осиё чемпионлигини қўлга киритган бўлса, шу ёш тоифасида арғамчидаги машқ бўйича кечган беллашувда Тахмина Икромова шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилди.
Шу тариқа терма жамоамиз вакилларининг мусобақада қўлга киритган медаллари 3 та олтин, 1 тадан кумуш ҳамда бронзани ташкил этмоқда. Бундай кўрсаткич билан қизларимиз, шубҳасиз, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда туришибди.
Манба: МОҚ
Фикрлар