"Ғолибона ўйинларимиз янгилик эмас" ёхуд Лутфулла Тўраев қачон майдонга қайтади?
“Нефтчи” бу йил янада хавфлироқ жамоа сифатида гавдаланяпти, шундай эмасми? 3 та турдан кейин клубнинг натижалари аъло даражада.
Лекин фарғоналиклар асосий етакчиларидан бирининг хизматидан фойдалана олмаётганини ҳам билсангиз керак-а? Жамоа сардори Лутфулла Тўраев қишки йиғин чоғида жароҳат олиб сафдан чиққанди. Шу сабабдан у “Нефтчи”га ёрдам бера олмаяпти.
Агар у қайтса, жамоа янада кучайишини тахмин қилса бўлади. Ушбу футболчи ҳозирги ҳолати, жамоасининг старти ва яна бошқа масалаларда ўз фикрларини айтди.
Жамоанинг муваффақиятли старти хусусида
- “Нефтчи”нинг чемпионатни муваффақиятли бошлагани сюрприз бўлмади. Биласиз, қишда раҳбарият таркибимизга яхши савиядаги ўйинчиларни олди. Тайёргарлигимиз ҳам кўнгилдагидек бўлди. Биринчи йиғин Тошкентда, иккинчиси Анталияда ўтказилди. Кучли жамоалар билан ўйинлар ўтказдик. Айтишим мумкинки, “Нефтчи”нинг муваффақиятли старти кутилмаган ҳолат эмасди. Хўжайинлар олдимизга кучли учликка кириш мақсадини қўйган. Шунинг учун бу ғолибона ўйинларимиз янгилик эмас. Ҳаммаси режа бўйича яхши кетяпти. Давомли бўлсин.
Жароҳат ҳақида
- Жароҳат футболчилар билан ёнма-ён юради. Афсуски, Анталиядаги машғулотда шунақа бўлиб қолди. Ҳозир ўзим якка тартибда шуғулланяпман. Худо хоҳласа, яқин кунларда қайтиб қоламан. “Нефтчи”нинг ҳар бир ўйинига бориб, жамоам билан бирга бўляпман.
Майдонга қачон қайтади?
- Қачон қайтаман? Ҳаммаси барибир вақт билан боғлиқ-да! Айтганимдек, ўзим якка тартибда югуришни бошладим ва оз-моз тўплар билан ишлаяпман, аммо ҳали бор кучим билан эмас. Жароҳатимдан тўлиқ фориғ бўлишим учун вақт керак. 1 ой ёки 2 ҳафтадан кейин майдонга қайтаман деб айта олмайман. Жароҳат олган чоғимда шифокорлар 3-4 ой вақт кетишини айтишган. Яна бироз бор.
Асосий вазифа кундек равшан
- Клубда бошида йиғилганимиздаёқ ҳамманинг нияти ва мақсади “Нефтчи”ни олдинги мавқеига қайтариш эди. Чунки жамоа илгари совриндорлар қаторида юрарди. Биз “Нефтчи”ни яна шундай даражага олиб чиқиш учун келганмиз. Мухлисларни стадионга яна қайтаришни истаймиз. Мана, “Пахтакор”га қарши учрашувда 17 мингдан ортиқ ишқибоз келди. Улар хурсанд бўлганидан кейин оила-аъзоларини ва яқинларини ҳам хурсанд қилади.
Медаллар учун курашадиганлар
- Чемпионлик учун ўша клублар - “Пахтакор”, “Навбаҳор”, “Насаф”, АГМК кабилар курашади. Табиийки, уларнинг орасида “Нефтчи” ҳам бор. Бу йил кураш жуда жиддий ва қизғин кечади. Кўраётган бўлсангиз, энди 3 та тур ўтди. Клублар ўзига яраша кучли. “Бухоро” сафарда “Турон”ни ютяпти, “Андижон” эса “Насаф” майдонида 3 очко оляпти. 5-6 та тур давомида нима бўлишини билиб бўлмайди. Кейинчалик жисмоний тайёргарлигидан келиб чиқиб асл кучлари кўринади.
Жамоанинг асосий устуни
- Бизда ўйин сифати ўзгарди, аҳиллик ҳам бор. Албатта, олдин ҳам бу клубда аҳиллик бўлган ва яна қайтариляпти. Жамоа доим бир бўлиши керак. Майдонда 11 киши ўйнаса ҳам 20 футболчи бир оила бўлиши муҳим. Масалан, раҳбарият, шифокорлар, ҳамма-ҳамма бир ёқадан бош чиқаришимиз керак. Шунда нимагадир эришиш мумкин. Ҳозир “Нефтчи”да шу нарса бор. Левченко инсон сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам ажойиб. Футбол ўйнасангиз ва унинг талабларини бажарсангиз бўлди. Айтганларини амалга ошира олсак, ҳаммаси ўйлаганимиздек бўлаверади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар