“Андижон” ўз майдонида “Насаф” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Бугун рақиб билан ҳам, майдон билан ҳам анча курашдик. Йигитларга курашни бой бермаслигимиз ҳақида кўрсатма бергандик. Рақиб жамоа стандартларга кўпроқ эътибор қаратишини ҳам билардик. Эътиборлироқ бўлишимиз керак эди. Лекин стандарт вазиятдан гол ўтказдик. Иккинчи бўлимда ўйинга қайтдик. 1:1 бўлиб турганида ҳам бизда иккита қулай вазият бўлди, Калудерович ва Ғайбуллаевда, аммо голга айлантира олмадик. Гол урган вазиятимизда ҳакам нима учун бундай қарор қабул қилганини билмадим, голдан бизни маҳрум қилди. Албатта, ўйин пайтидаги қизиққон ҳолатимизни ҳам сўрайсизлар. Мен бу нарсани сезиб тургандимки, бугун марказий ҳакам “Андижон”нинг ғалабаси учун кўп ҳаракат қиларди ва буни амалда ўзларинг ҳам кўрдинглар. Тоза голимизни ҳисобламади. Пенальти белгиланган вазиятда ҳам менимча йўқ эди. Биринчи пенальти тепилгандан кейин урилган голда ўйинчи офсайд ҳолатида эди. Нимагадир бошқатдан тепди. Бу нарсалар ҳакамнинг виждонига ҳавола.

- Бош ҳакам “Андижон”нинг ғалабасига ҳаракат қилди, деб айтиб ўтдингиз. Агар “Андижон” учун бўлишганида уларнинг дарвозасига пенальти белгиламаган бўларди...

- Шунинг учун Асимов олдимга келганида айтдим, бор нарсани ҳакамлик қилгин, деб. Мен уни ҳақорат қилганим йўқ. Пенальти бўлса бер, гол бўлса ҳисобга ол! Голимизни бекор қилганидан кейин унга эътироз билдирдим. Тушуняпсизми, борини ҳакамлик қилинглар, дедим. Биз ёрдам сўрамаяпмиз ёки голни ҳисобга олмагин, демаяпмиз. Ўзларинг айтинглар, голимизни бекор қилиш учун қоида бузилганини қаердан топди? Пенальти белгиланида эса қандай қилиб бунга норозичилик билдирмаслигимиз керак. Тўғрими? Биз унда нотўғри ҳакамлик қилгин ёки бизга ёрдам бергин, демаяпмиз. Шунинг учун мен ўйиннинг охиригача нимадир бўлишини сезгандим. Йигитларим менга барибир бугун юта олмаймиз, дейишди. Шунинг учун биз ўйинни тўхтатишга мажбур бўлдик. Балки бу нарса керак эди.

- “Насаф” жамоасини республикада ҳамма ҳурмат қилади. Халқаро миқёсида ҳам бутун Ўзбекистон “Насаф”га мухлислик қиляпти. Лекин биргина нотўғри қарорни деб мураббий сифатида минглаб мухлислар, расмий шахслар олдида футболчиларни чақириб олганингиздан ҳамма ўйинни тўхтатиб қўйганингизни тушунишди.

- Сиз савол беринг. Бизни муҳокама қилманг, савол беринг.

- Шунга қандай қарайсиз?

- Сизга айтаман: меҳрни ўз меҳнатимиз, ўйинимиз билан қозондик. Бизга меҳрни ҳеч ким бериб қўйгани йўқ, тўғрими? Ҳақиқатан Осиёда ҳам, Ўзбекистонда ҳам меҳрли жамоамиз. Бунга меҳнатимиз билан эришдик, биров топширгани йўқ. Ўзимизни нега бундай тутганимизни сизга гувоҳи билан ва ўзингиз кўрган ҳолда айтиб бердим. Бунга албатта чидаш қийин. Яна қайтараман: биз шунақа вазият бўлишини, бизни жазолашини сезгандик. Йигитларимиз ҳам, мен ҳам бунга норози бўлдик. Саволингизга жавоб бердимми? Кейинги савол!

- Рўзиқул ака, “Насаф” ОФК Кубоги финалига чиққани учун бугунги учрашувда футболчиларнинг хаёлида барибир ушбу ўйин бормиди?

- Бу ҳақда ўйлаганимиз йўқ. Унгача вақт бор. Яна Кубок ўйинимиз бор. Тўғри, бугун бир қатор ўйинчиларга дам беришга ҳаракат қилдик. Кўп ўйинлар ўтказиб, чарчоқ аломатлари бор эди. Лекин бугун бу жамоа билан курашишимиз керак эди. Уларга ҳам, бизга ҳам очко керак эди. Олдимизда ўрин олиш мақсади турибди. Шунинг учун боримизни бериб ҳаракат қиляпмиз. Чарчоқ ҳолати бўлса ҳам бугун майдонда максимал ўйнашга ҳаракат қилдик. Фақат ўзларинг ҳам кўрдинглар, ўз ўйинимизни ўйнамадик. Кечирасизлар-у, бу майдонда бизни футболни ўйнаб бўлмайди. Мен баҳона қилмоқчи эмасман. “Насаф”нинг ўйинини бу ерда ўйнаб бўлмайди. Шу боис оддийроқ, узун паслар билан ҳаракат қилдик.

- Дастлаб Секейра, кейин Хюистра майдонлар ҳақида салбий фикрлар билдирди. Ўзбек футболи “ўляпти”, деган фикрларни ҳам эшитяпмиз. Маҳаллий мураббий сифатида бунга қандай қарайсиз? 

- Тўғрисини айтиш керак, кеча майдонга чиқиб, унинг ҳолатини кўриб ачиндим. Биринчи келганимизда майдон яхши ҳолатда эди. Икки йил ичида бундай ҳолатга тушиб қолиши нотўғри. Шароитларни тўғрилашимиз керак. Тўғри бўлмаса, қаердадир кимдир баҳона қилиб гапириши мумкин. Лекин Секейра ёки Хюистранинг гапларини муҳокама қилмоқчиман. Менга ҳам қаердадир нотўғри гапларни гапиргандек туюлди. Чунки шароитларни гапириш керак-у, лекин мисол келтириш нотўғри деб ўйлайман.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию
SAMARIDDIN AMUR GPZ UZB
25/10/2021 19:07
Nasafga non berishdi hohlamaganlar ham kub