Гран-при мусобақасини дзюдочиларимиз иккинчи ўринда якунлашди
Ads

Марокашнинг Маррокеш шаҳрида дзюдо бўйича Гран-при таснифига кирувчи мусобақа якунланди. Токио Олимпиадасига қимматли рейтинг очколарини тақдим қиладиган жорий турнирда Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди. 

Мусобақа якунлангач, барча жамоаларнинг медаллар сарҳисоби қилинмоқда. МОҚнинг хабар беришича, вакилларимиз турнир давомида 2 та олтин ва шунча бронза медалларини жамғаришга муваффақ бўлдилар. Бу эса жорий Гран-прини умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринда якунлашимизга замин яратди.

Бу борада биринчи ўрин Германия термасига насиб этди. Немис дзюдочилари мусобақада 2 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалларини жамғаришди. Кучли учликни эса франциялик полвонлар якунлаб беришди. Улар ҳисобида 2 та олтин ва 1 та бронза медали мавжуд.

Медалларни эракаклар тақсимотига соладиган бўлсак, бу борада яққол устунлик терма жамоамиз томонида. Бу кўрсаткич борасида ҳеч қайси терма жамоа йигитлари 2 та олтин медаль олишолмади. Марокаш Гран-присида қуйидаги спортчиларимиз медаль олишди:

  • Олтин – Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг) ва Сардор Нуруллаев (-66 кг)
    Бронза – Ҳикматилло Тўраев (-73 кг) ва Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг)