Гринвудга нима бўлди?!
Мэйсон Гринвуд ўтган мавсумни жуда юқори темпда ўтказди. Марказий ҳужумдаги муаммоларни беркитди ва мухлисларда келажакка ишонч уйғотди. Жорий мавсумда уни янги даражага кўтарилиши тахмин қилинган эди, бироқ ҳужумчи муаммолар гирдобига тушиб қолди. Пандемия қоидаларини бузгани, голсиз серия, асосий таркибдан тушиб қолиши шулар жумласидан.
Кўплаб мутахассислар Мэйсон сингари жуда эрта машҳурликка эришган Равел Мориссонни ёдга олишгани аниқ. Бундан 10 йил илгари у Погба ва Лингард сингари МЮнинг келажаги деб таърифланган эди. Бугунга келиб Погба ЖЧ ғолибига айланди, Равел эса клубсиз қолиб кетди. Ўтган йилнинг кузида кўплаб мутахассислар Мэйсонни ҳам шундай тақдир кутиб тургани ҳақида фикр билдиришни бошлади, бироқ бу нотўғри. SPORTS.uz аслида ҳаммаси ўзгача эканлигини исботлашга уриниб кўради.
У ҳақида фикр билдиришдан аввал, Гринвуднинг ўтган мавсумдаги статистикасини яхшилаб ўрганиб чиқиш лозим. Қаҳрамонимиз «қизил иблислар» академиясида ҳужумнинг сўнгги фазаси сифатида ҳаракат қилган. Унинг асосий вазифаси сўнгги зарбани бериш эди. Оле-Гуннар Сульшер томонидан асосий жамоага олингач, Мэйсонга бу омил катта ёрдам берди. У сўнгги зарбаларни бериш орқали голлар киритди, аммо бошқа жиҳатларда бўшроқ ўйин кўрсатди. Буни мухлислар сезмаган бўлиши аниқ. Сабаби, киритилган голлар барча камчиликларни ювиб кетган.
Тажрибасизлик бошқа омилларда яққол кўзга ташланади. У қанот ҳужумчиси сифатида майдонга тушишни бошлагач, бир неча бор ўйиндан тушиб қолди. Прессингларда иштирок этмади. У 2019/20 йилги мавсумда тўпсиз ҳаракат қилиш борасида АПЛ ҳужумчилари орасида энг паст кўрсатгични қайд этди. Бундан ташқари, ёш истеъдод қанотлардан тўп узатишни энг кам амалга оширган футболчилар рўйхатида иккинчи поғонани забт этди. Бу АПЛ грандлари сафида ҳаракат қилаётган вингерлар орасидаги энг ёмон натижа.
Ушбу статистиклардан кўриниб турибдики, (голларни инобатга олмаса) Мэйсон жамоавий ўйин учун ҳеч қандай наф келтиргани йўқ. Айқниса, «қизил иблислар»нинг ўйини чиқмаган пайтда Гринвуд умуман кўзга ташланмай қолар эди.
Қаҳрамонимиз АПЛ учрашувларида киритган голлари сонини 10 тага етказиб олди. Агар статистик маълумотларга суянадиган бўлсак, унинг ўйинида регресс кузатилиши турган гап эди. Сабаби, фақат вазиятлардан фойдаланиш орқали узоққа бориш мумкин эмас. Хўш, ҳозир Мэйсон майдонда нима билан банд бўляпти? Нега голлар сони кескин камайиб кетди?
Аслида, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Гринвуд кўпроқ зарба йўлламоқда. Унинг позициясида ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Афсуски, вазиятлардан фойдаланиш фоизи кескин тушиб кетди. Ўтган мавсум бу 52,6 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда 29 га тенг, холос.
Бу вазиятда мураббий ўз шогирдидан хафа бўлиши керак, бироқ Сульшернинг фикри тамомила ўзгача. «Юнайтед»нинг «Эвертон»га қарши ўйинидан сўнг норвегиялик мутахассис Гринвуд ҳақида фикр билдирди:
«Мэйсон бугун фантастик ўйин намойиш этди ва қолганлардан ажралиб турди. У ўз ўйинини анча яхшилаганини кўрсатиб қўйди. Гринвуднинг бир мавсумли ҳужумчи эмаслигига ишончим комил эди. У буни уддаламоқда».
Гол киритмай қўйган вингернинг ўйини нега Сульшерни бу қадар хурсанд қилди? Буни тушунтириб бериш учун қаҳрамонимиз вингер позициясига тўлиқ мослашганини алоҳида эътироф этмоқчимиз.
«Ирислар»га қарши ўйинда Гринвуд рақиб жарима майдончаси ичида тўпга 7 бор тегинган. Ўз жарима майдончаси томонида бу кўрсаткич 15 тани ташкил этади. Умумий ҳисобда Мэйсон тўпга 62 бор тегинган. Бу унинг АПЛдаги ўйинларда қайд этган рекорди саналади!
Эндликда, Мэйсон тўпсиз ҳаракат қилишни бошлади. Аввалгидек прессингда пассив эмас. Жамоавий ҳужумлар чоғида жарима майдончаси ичига кириб боряпти. Ҳимояланиш чоғида лотералга ҳам айланганини кўришимиз мумкин. Умуман олганда, у футболчи сифатида шаклланиб бормоқда. Тўғри, голлар сони камайди, аммо энди Мэйсон 60 дақиқалик футболчи эмас. У 90 дақиқа давомида жамоавий ўйинни бузиб қўймаслиги мумкин. Унинг ёшидаги футболчилар учун бу энг муҳим омил.
Бундан ташқари, у ўйин темпини ошириш мақсадида қанотлардан тўп узатиб беришни бошлади. Тўғри, бир учрашувда узатмаларнинг 27-37 фоизи манзилига етиб бормоқда, аммо ўтган мавсум билан солиштирсак, яққол ўсиш бўлганини сезиш мумкин. Қаҳрамонимиз ўзининг сўнгги учрашувларида қанотлардан майдон марказига камида 5-6 та узатмани амалга оширмоқда. Ўтган мавсумда бу борадаги уринишлар ўртача 2,8 эди.
Икки оёқда ҳам тўп суриши унга қўл келишни бошлади. Мэйсон тўпни қайси оёғи билан узатиб беришини ҳимоячилар сезмай қолмоқда. Ҳужумчидан биринчи навбатда гол талаб этилиши тўғри, бироқ футболда гол киритишдан аввал қилиниши керак бўлган ишлар ҳам мавжуд. Ҳозирча, голлар камайди, бироқ бу ўткинчи ҳолат.
Мухлисларда ўринли савол пайдо бўлиши мумкин. Хўш, ҳужумни якунлашда беназир бўлган йигитни қанотга қўйишдан нима наф?
Бу бироз вақтдан сўнг кўриб чиқилиши мумкин, аммо статистика умуман бошқача сўзламоқда. 2019/20 йилги мавсумда қаҳрамонимиз 14 та ўйинда марказий ҳужумчи сифатида майдонда кўриниш берди ва 5 та гол киритди. Яхши натижа, бироқ («Рочдейл», «Транмир», «Астана», ЛАСК, «Норвич») аммо нисбатан кучсизроқ рақиблар билан ўйиндагина голлар урилган.
Ўнг қанот вингери сифатида киритган голлари сони бундан анча кўп. Тезликда ҳимоячилардан ўзиб кетиб ўткир бурчакдан зарба йўллаш унинг севимли услуби саналади. У марказга қўйилган ўйинларда кўпинча ҳимоячилардан бир қадам ортда қолмоқда. Профессионал футболда жарима майдончаси ичида бўш зона топиш марказий ҳужумчининг биринчи рақамли вазифаси. Буни ўрганиш лозим. Тажриба ва ўйинлар орқали бўшлиқни ҳис этиш ҳужумчилардан пайдо бўлади.
Мэйсоннинг бахтига ҳозир унда ўрганиш учун имконият мавжуд. Буни «қизиллар» устози ҳам «Вест Хэм»га қарши ўйиндан сўнг эътироф этди:
“Гринвуд ўсяпти. Қувонарлиси шундаки, 6 ойдан бери Эдинсон Кавани билан машғулотларда иштирок этмоқда. Ўйлашимча, халқаро даражадаги форвардлардан ўрганиш мумкин бўлган нарсалар жуда кўп. Агар Мэйсон майда деталларга эътиборли бўлса, Кавани сингари «дарвозабонлар қотили»га айлана олади".
Мэйсон узоқ муддат қанот вингери бўлиб қолмаслиги аниқ. Ундаги кучли зарба ва марказга ёриб кириш Робин Ван Персининг ёшлик даврларини ёдга солади. Эътиборлиси шундаки, голландиялик ҳужумчи ҳам буни пайқаганини маълум қилди:
«Ўйлашимча, у менинг ўйин услубимга тақлид қилади. Чап оёқда ўткир бурчакдан зарба йўллаш, ҳимоячиларни ўзи томонга чорлаб, бош зоналар яратиш ва доимо марказга интилиш. Айниқса, зарба йўллаш манераси ҳам меникига жуда ўхшаш. Катта эҳтимол билан, у ҳам марказий ҳужумчига айланади".
Дарҳақиқат, Робин футболга вингер сифатида кириб келди. Кейинроқ, Арсен Венгер уни супер марказий ҳужумчига айлантирди. Қанотда тўп сургани учун Робин марказда аввалига қийналди, бироқ кейин узоқ муддат АПЛнинг энг кучли марказий ҳужумчиси номини ҳеч кимга бергани йўқ.
Бежизга «Манчестер Юнайтед» Мэйсонга 5 йиллик шартнома таклиф этгани йўқ. Жамоа келажакда клуб ҳужумида тўп суриши учун Амид Диалло трансферини амалга оширди. Энди эса, ҳужум учлиги тўлиқ бўлиши учун Жэйдон Санчо борасида таклиф жўнатишни бошлади. «Қизил иблислар»нинг режасига кўра, яқин 3-4 йил ичида Мэйсон чинакам қотил ҳужумчига айланиши керак. Унинг ҳозирча кўзга ташланмаётгани, тўфон олдидан пайдо бўлган сукунат, холос.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар