"Гулистон" клуби қайта ташкил этилади. Унинг янги бош мураббийи ҳам маълум
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан “Гулистон” профессионал футбол клубини ташкил этиш бўйича ишлар жадал суръатларда бошлаб юборилди. Бу хусусида вилоят футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Бугунги кунда клубнинг бошқарув тизими тўлиқ шакллантирилиб, мураббийлар штаби ҳам аниқланди. Жамоа 16 декабрдан бошлаб ўқув-йиғин машғулотларига киришади. Бу эса янги ташкил этилаётган клубнинг олдига қўйилган юксак мақсадлар сари ташланган муҳим қадамдир.
Клуб президенти лавозимига Ашурматов Ойбек Шодмонқулович тайинланди. Клуб директори сифатида эса яқин ўтмишда “Машъал” ва “Насаф” жамоалари сафида ёрқин ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган, ОФК Кубоги соҳиби, таниқли футболчи Жаҳонгир Жиямуродов фаолият олиб боради. Уларнинг раҳбарлигида клубни замонавий талабларга мос тарзда ривожлантириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Жамоанинг бош мураббийи этиб ЎФА инструктори, тажрибали ва иқтидорли мутахассис Аббос Эргашев тайинланди. Ҳозирги вақтда жамоа таркибини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда, истиқболли футболчилар жалб этилмоқда. Тез орада клуб ҳаётига оид муҳим янгиликлар билан футбол мухлисларини мунтазам хабардор қилиб борамиз.
“Гулистон” профессионал футбол клуби — ҳудуд футболи ривожи йўлида янги саҳифа, янги умид ва катта мақсадлар тимсолидир.



Фикрлар