Гвардиола: "Ҳозир ҳақиқий мавсум бошланяпти. Эҳтиёт бўлиш керак бўладиган вақт – февраль ёки март"
"Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия Премьер-лигидаги чемпионлик учун кураш ҳақида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, мавсумнинг энг муҳим қисми ноябрь ойидаги терма жамоалар танаффусидан кейин бошланади:
"Мавсум икки қисмдан иборат: ёзги трансфер ойнаси якунланганидан кейинги давр ва ноябрдаги халқаро танаффус тугаганидан кейинги вақт.
Танаффус тугади, энди мартгача ҳар уч-тўрт кунда ўйин бор. Ҳозир ҳақиқий мавсум бошланди. Энг муҳими – жадвалнинг юқори қисмида бўлиш ва мавсум охирида чемпионлик учун курашиш.
"Арсенал" каби жамоа айни пайтда ҳам, ўтган мавсумда ҳам мукаммал ўйин кўрсатди.
Бу ҳиссиёт менда ўтган мавсумда "Ливерпуль"га қарши курашган пайтда ҳам бўлган. Улар кўп очко йўқотмаслигини ҳис қилганман. Агар бундай жамоа узоққа борса, уларни қувиб етиш жуда қийин.
Ортда қолган жамоалар улкан босим остида ўйнашга мажбур. Лекин ҳозир ноябрь. Ноябрда ҳеч нарса ҳал бўлмайди. Эҳтиёт бўлиш керак бўладиган вақт – февраль ёки март. Ҳозир эса мавсум бошланяпти", – дея таъриф бериб ўтди испаниялик мутахассис.



Фикрлар