Гвардиола “Манчестер Сити”ни кучайтирадиган бақувват ўйинчи топди
“Манчестер Сити” замонавий футболда энг кучли таркибга эга жамоалардан ҳисобланади. Бироқ бош мураббий Хосеп Гвардиола таркибни янада кучайтириш мумкин, деган фикрда.
Бунинг учун испаниялик мураббийнинг ўзи янги ўйинчи танлаб қўйди. Гвардиолага Португалия чемпионатида “Спортинг” шарафини ҳимоя қилаётган Усмон Диоманденинг ўйини маъқул келмоқда.
Гвардиола 20 ёшли марказий ҳимоячини анчадан бери кузатиб келади. Бўйи 190 сантиметр бўлган Усмон жисмонан бақувват ва тезкор футболчилар сирасига киради.
Ивуарлик чарм тўп устаси бугунги кунда 40 миллион еврога баҳоланмоқда. Усмон профессионал фаолиятининг дастлабки босқичини Дания чемпионатида ўтказган. Мутахассислар истеъдодли футболчи кучли бешлик лигаларида ўйнашга қодир, деган хулосани бермоқда.
Усмон Диоманденинг “Спортинг” билан шартномаси 2027 йилнинг ярмигача давом этади. Агар “шаҳарликлар” ёзда бу ўйинчини трансфер қиладиган бўлса, яхшигина харажат қилишига тўғри келади.
Фикрлар