Гвардиола "Ньюкасл"га қарши ўйиндан сўнг жамоа билан фахрланишини айтди

"Манчестер Сити" Англия Лига кубоги ярим финалида "Ньюкасл"ни икки ўйин натижасига кўра мағлуб этиб, финалга йўл олди. Баҳсдан сўнг "шаҳарликлар" бош мураббийи Хосеп Гвардиола ўз фикрларини билан ўртоқлашди.

"Жуда мамнунман. Буни оддий ҳол деб қабул қилиб бўлмайди — бу нақадар қийин эканини яхши биламан. Нечта ярим финалда ўйнаганимизни ҳам аниқ билмайман, шунинг учун финалга чиқиш жуда яхши натижа. 10 йил ичида беш марта Карабао кубоги финалига чиққанмиз — бу ажойиб. Жуда, жуда юқори даража. Ўтган мавсумдан ташқари, бу мусобақада биз доимий равишда ажойиб механизм сифатида ишладик.

Шахсан мен учун ҳам, шунингдек, бу клуб билан илк бор Карабао кубоги финалига чиққан кўплаб футболчилар учун ҳам бу катта тажриба.
Биз ҳозир Европа ёки дунёдаги энг кучли жамоалардан бирига қарши ўйнаймиз. Уларнинг ўйин услуби ва статистикаси бунга яққол мисол. Умид қиламан, март ойигача барча футболчилар соғлом бўлади ва биз финалда яхши ўйин кўрсата оламиз.
Финалга чиқиш учун икки ўйин давомида — 180 дақиқа барқарор ўйнаш керак. Биз буни жуда яхши уддаладик. 5:1 ҳисобида ғалаба қозониш — катта натижа".

Шунингдек, мураббий жамоанинг ўйинга жадал киришини алоҳида таъкидлади:

"Энг ёққани — биз ўйинни гўё 0:0 ҳисобидагидек бошладик. Илк ўйинда 2:0 ютиб қўйган эдик, аммо натижани ушлаб қолишга эмас, аксинча, ҳужумкор ўйин кўрсатдик.

Бизда тезлик, зарбалар ва тажовузкорлик бор эди. “Ньюкасл” эса 90 дақиқа давомида босим ўтказа оладиган жамоа, шунинг учун жуда диққатли бўлиш керак. Иккинчи бўлимда Мармуш ва Нико О’Райли бироз чарчади, шу боис баъзи позицияларда агрессивлик камайди.

Лекин барибир, бу жуда қийин вазифа эди. Улар — амалдаги кубог соҳиби. Икки ўйин давомида уларни мағлуб этдик", — деди Гвардиола.

Маълумот учун, финалда "Манчестер Сити" ва "Арсенал" жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!