"Ҳадеб мураббийларни ўзгартиргани билан фойда йўқ, легионерга айлансам керак" - Шохназар Норбеков

“Турон”ни бир қатор футболчилар тарк этишяпти. Улардан яна бири Шохназар Норбеков. Чемпионат бошида яйпанликлар сафига қўшилган ҳужумчи чемпионатда 1 та гол урди. Шунингдек, Суперлигада 2 та ассисти ҳам бор. Шохназар клубдан кетиши ҳақида Sports.uz сайтига интервью берди.

- “Турон” учун биринчи давра яхши ўтмади. Чунки ғалабасиз якунлади. Устига-устак, бош мураббий ролида Бхатиёр Ашурматов, Денис Бушуев ва мана энди Ёрқин Назаров ишлаяпти. Чемпионатни ушбу клубда бошлаш сизда афсусланиш ҳиссини уйғотмадими?

- Афсусланиш йўқ. Бир нимага қўл урдими, бундан афсусланиш керак эмас, деб ўйлайман. Чунки пешонага ёзилганини кўради. Менга шу нарса насиб қилган экан, яхши одамлар билан танишдим. Менимча, мураббийни ҳадеб алмаштиравергани билан фойда йўқ. Майдонда биз футболчилар ўйнаймиз. Тўғри, бизни клубга Бахтиёр ака Ашурматов олиб келган. Бушуев ҳам яхши мураббий, кучли мутахассис экан. Лекин, барибир мураббий ўзгартирган билан жамоани Ашурматов йиғган. Масалан, Шота Арвеладзе “Пахтакор”га келганида дастлабки йили чемпион бўлолмади. Аммо унга ишонч билдирилди ва кейин ўша ишончларни оқлаган. Мураббий дунёқарашини, тактикасини тушунтириши мумкин. Аммо ўша тактикаларни майдонда бажарадиган, ўйнайдигани биз. Мураббийларда айб йўқ. Тўғри, балки қанақадир кичик камчиликлари бордир, аммо ишлагандан кейин унга вақт бериш керак. Мураббийни тез-тез ўзгартираверса натижа қилиш қийин. Чунки футболчилар энди битта мураббийни тактикасига мослашаётганда, бошқаси келади ва яна бошқа тактикага кўникишга тўғри келади, бунга ҳам вақт керак бўлади. Ўртада ўйинчилар қийналди. Бизни касбимиз футбол ўйнаш. Шуни орқасидан бола-чақа боқамиз. Ютсак уйдагиларни хурсанд қиламиз. Аммо ҳали чемпионат ярмини ғалабасиз ўтказмагандим. Бунақаси биринчи марта бўлди.

норбеков

- Бундан буёғига “Турон”ни қандай тасаввур қиляпсиз?

- Тўғриси, раҳбарият ҳар томонлама шароит қилиб берган. Молиявий томондан ҳам ҳеч қанақа муаммо йўқ. Бу одамлар футбол учун кўп иш қилишди. Шунчаки, йўқ бўлиб кетиши, ёрдам кўрсатилмаса нотўғри деб ўйлайман. Уларни қўллаб-қувватлашса яхши бўларди. Барибир “Турон” эгалари футбол учун кўп иш қилишди. “Турон”дан кетишимни Бушуев тарк этганидан кейин сезгандим. Аслида ундан олдин аллақачон кетсам ҳам бўларди. Бироқ профессионал сифатида нима бўлмасин жамоа билан бирга биринчи даврани тугатиб қўяман дедим. Таклифлар ҳам бўлди. Бошқа клубдагилар бизга келиб шуғулланиб тургин, футболчилар билан тил топишиб тургин дейишди. Аммо ўртада “Турон”дагиларни ташлаб кетсам ҳам хунук иш бўларди.

- Кейинги режангиз қандай? Иккинчи даврани қаерда бошламоқчисиз?

- Энди таътилга чиқдик. Ҳали ҳеч ким гаплашганим ва кўришганим йўқ. Қаерда тўп суришимни ўзим ҳам билмайман. Бир-иккита вариантлар бор. Телефон қилишяпти. Ҳеч кимга аниқ жавоб айтганим йўқ.

норбеков2

- Бир қатор ўйинчилар четга кетишяпти. Сизни ҳам легионер сифатида кўриб қолишимиз мумкинми?

- Худо хоҳласа, 90 фоиз легионер бўлмоқчиман. Келишиб қолсак кетаман. Ҳали тўлиқ аниқ эмас, кутяпмиз. Музокаралар давом этяпти.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!