Ҳакамлик борасида муаммо Испанияда ҳам бор! Ла Лигада ҳакамлар "Вильярреал"ни "Барселона"га қарши ўйинда қандай "чопиб" юборди?
Испания чемпионати 15-тури доирасида "сариқ сувости кемаси" Хави шогирдларини қабул қилди. Ўйинни бошқариб борган Сесар Сото Градо баҳснинг чинакам қаҳрамонига айланди. Иш шу даражага бориб етдики, беллашувдан сўнг мураббийлар муштлашиб кетди. Келинг, ҳаммаси тушунарли бўлиши учун бошидан бошлаймиз.
Аввалига, бош ҳакам яққол қизил карточкага тортувчи қоидабузарликни ўтказиб юборди. Парехо Серхио Бускетсга қарши бутсанинг таг қисми билан қўпол ҳаракат қилди. Энг қизиғи шундаки, эпизод якунлангач, Сезар Сото ҳатто сариқ карточка ҳам кўрсатгани йўқ.
Кўп ўтмай, Градо Пике қўли билан ўйнаган вазиятда пенальти беришни истамади. Ваҳоланки, у воқеага жуда яқин турган эди. Ушбу суратда Жерар ҳақиқатан тўпни қўли билан ўйнагани кўриниб турибди.
ВАРдаги ҳакамлар эса, негадир бу вазиятни такроран кўриши учун реферини монитор олдига чақирмади.
Учрашувдан сўнг Пау Торрес пенальти билан боғлиқ эпизод ҳақида фикр билдирди:
"Мен Пике тўпни қўли билан ўйнаганини ўз кўзим билан кўрдим. Ҳакамлар буни кўриш учун атиги 2 дақиқа ажратиши кифоя эди. Офсайдни аниқлаш мақсадида 10 дақиқа учрашув тўхтаб турган пайтда, 100 фоизли пенальтини белгиламаслик учун қандай важ топиш мумкин? Рефери шунчаки ҳуштагини чалиши кифоя эди. Афсус, биз "Барселона" эмасмиз! Шундай экан, бизнинг фойдамизга қарор қабул қилишлари шарт эмас!"
Яна бир баҳсли вазият. Эрик Гарсия ўз жарима майдончаси ичида Рауль Альбиолга қарши қўполлик ишлатмоқда.
Ҳакамлар бу вазиятда ҳам "Барселона" зарарига қарор қабул қилишни истамади. Якунда, "Барселона" меҳмондан 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан ортга қайтди. Коутиньо учрашувдаги сўнгги голни 11 метрлик нуқтадан киритди.
Ўйиндан кейин нима бўлди?
Баҳс якунлангач, Унай Эмери Хави узатган қўлни ҳавода муаллақ қолдирди. "El Mundo" нашрининг маълум қилишича, финал ҳуштаги чалиниши билан Эмери Хавига қарата ҳакамлар ёрдамида ғалаба қозонганини айтган.
Бу сўзлардан жаҳли чиққан Хави муносабатларга ойдинлик киритиб олиш мақсадида "Вильярреал" кийиниш хонасига йўл олади. Кутилмаганда, унинг олдига рақиб жамоа аналитиги келади ва жанжал бошланиб кетади. Тўполон шу даражада катталашиб кетадики, ишга полициячилар аралашишга мажбур бўлади.Бу билан кўнгли тўлмаган Эмери жангни медиа оламда ҳам давом эттирди.
"Айрим нарсалар мени қўлимда эмасди. Пенальти берилмаган вазиятни тушуна олмаяпман. Буни ким тушунтириб бера олади? Агар ҳакам ҳеч нарсани кўрмаган бўлса, нега ВАРдагилар уни такрорий лавҳани томоша қилишга чақирмади? Альбиолга қарши Эрик Гарсия қўполлик ишлатди. Бу пенальти эди! Ҳатто, Пике ўз жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан ўйнаса ҳам жарима белгиланмади. Бугун ғалаба қозониш учун қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Агар бизнинг футболчимиз тўпни қўли билан шундай ўйнаганида, рефери бу лавҳани камида 5 маротаба томоша қилар ва якунда, албатта, 11 метрлик нуқтани кўрсатган бўлар эди".
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманини биринчи қисмини "портлатган" Эмери норози эканлигини яшириб ўтирмади. Ундан кейин саволларга жавоб берган Хави эса, анча хотиржамлик намойиш этди.
"Бу ўйин жуда оғир бўлди. Тан олиш лозим, бугун рақиб биздан кучлироқ футбол кўрсатди. Ҳакамлик борасида ҳеч қандай шубҳали нарса кўзимга ташланмади. Улар нега бу қадар нафрат билан фикр билдираётганини тушуна олмаяпман. Бу футболнинг бир бўлаги. Ундан фожиа ясаш шарт эмас".
Унаининг асабийлашаётгани бежиз эмас. Унинг жамоаси примерода 12-поғонада бормоқда. Боз устига, "Вильярреал" устози сўнгги 5 йилдан бери "Барселона"ни мағлубиятга учрата олмаяпти.
Я . У
Фикрлар