Ҳамиджон Актамов жиддий гапирди - ҳеч ким "Қизилқум"ни эсламаяпти. Майли, "Бунёдкор"ни ютганимиз тасодиф эмаслигини кўрсатиб қўймоқчимиз
Coca-Cola Ўзбекистон кубогининг чорак финал иштирокчилари маълум бўлди ва қуръа ташланганини яхши биласиз. 1/8 финалда “Сўғдиёна” дарвозасини 8 марта ишғол этган “Пахтакор” ўз майдонида “Қизилқум”ни қабул қилади.
Шота Арвеладзе жамоаси мусобақанинг яққол фаворити эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу маънода айтганда, чорак финалда “Пахтакор”га қулай рақиб тушганлиги айтилмоқда. Бироқ бундай фикрлар рақиб жамоа устозига ёқмаяпти ва бу табиий ҳол, аслида.
“Қизилқум” ҳам анойи эмас, ахир 1\8 финалда “Бунёдкор”ни мусобақадан чиқариб юборди. Чорак финалга қуръа ташлангач, sports.uz мухбири Актамов билан боғланиб, бўлғуси жуфтлик ва унинг атрофидаги айрим қизиқ саволларга жавоб олди.
“Қизилқум” йўлбошчиси эса ўз одатига кўра, бу сафар ҳам барчанинг эътиборини тортадиган қизиқарли фикрларини айтди ва шу билан бирга “Қизилқум”нинг кучига етарли баҳо берилмаётганини жиддий равишда танқид қилди.
- Чорак финалда “Қизилқум” “Пахтакор” билан баҳс олиб боради. Бу хусусида муносабатингизни билмоқчимиз.
- Ҳозир қийин бўлади, лекин финалда осон бўлади (кулади).
- Қуръадан аввал нимани кутаётгандингиз?
- Тўғриси, чорак финалда ҳам ўз уйимизда тўп сурамиз, деган хаёлда эдик. Майдонимиз ҳам яхши эди. Аммо нима ҳам деймиз, бу тақдир-да. “Пахтакор”га қарши яхши ўйин кўрсатишга ва ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
- “Пахтакор”нинг “Сўғдиёна” дарвозасига 8 та гол урган ўйинини кўрдингизми? Ўзингиз учун қандай хулоса олдингиз?
- Бу – футбол. Мана, куни кеча Испания Ла Лигасига янги чиққан “Кадис” жамоаси “Реал”ни ҳам, “Барса”ни ҳам ютди-ку! Кўряпсизми, футболда ҳар нарса бўлиши мумкин. Бунда кучли жамоа аниқ ғалаба қозонади, деган гап йўқ. Айниқса, кубок баҳсларида нима бўлишини айтиб бўлмайди. Ахир буни ўз номи билан футбол деб қўйишган. Тайёргарлигимиз зўр, яхши ўйин бўлиши керак.
- Бундан чиқди, “Қизилқум” “Пахтакор”га “Сўғдиёна”дек рақиб эмаслигини кўрсатиб қўймоқчи, шундайми?
- Тўппа-тўғри.
- Нимчорак финалда “Қизилқум”нинг “Бунёдкор” устидан эришган ғалабасини ҳам эътироф этиш керак. Футболчиларда иштиёқ сезилиб турганди...
- Ўзингиз айтганингиздек, бизда иштиёқ кучли эди. Футболчилар бор кучини бериб тўп суришди. Шунинг учун режаларимиз амалга ошди. “Бунёдкор”ни албатта ютишимиз керак эди, ахир ўз майдонимизда ўйнаётгандик, мухлисларимиз кўз ўнгида. Турнир жадвалида охирги қаторларга тушиб қолдик. Бунга муносиб эмаслигимизни кубок ўйинлари орқали исботламоқчимиз.
- Ундай бўлса, кубок мусобақасидаги асосий мақсад нимадан иборат?
- Асосий мақсад? Яхши қатнашиш, ғалабаларга эришиш ва финалгача етиб бориш.
- “Пахтакор”ни ожиз томонлари нимада деб ўйлайсиз? Чемпионни қандай ютиш мумкин?
- Ўйиндан олдин шунақа гапларни гапирмайлик. Тайёрланишимиз керак. Иккала жамоа ҳам қараб ўтирмайди. Аммо бизнинг футболчиларимиз ҳам яхши ҳолатда. Зўр ўйин бўлади. Бироқ ҳеч ким “Қизилқум”га муносиб баҳо бермаяпти. Қуръада ҳам, бошқа жойда ҳам ҳеч ким гапирмайди. Бизни менсишмай турибди. Лекин ҳали кўрамиз, бизни эслашмагани қимматга тушади. Икки кундан бери футбол бўляпти-ю, аммо биров гапирмайди. Худди “Қизилқум” тўсатдан ютиб қўйгандек, гўё. Ахир “Қизилқум” миллий терма жамоанинг мураббийини ютди, 4-ўриндаги рақибни ютди! Шунга ўхшаш гаплар бўлмади. Телевизорда ҳам, интернетда ҳам ҳеч нима дейишмади. Гапирсак гап кўп-да! “Бунёдкор” билан ўйиндаги ғалабамиз тасодиф эмаслигини кўрсатамиз, Худо хоҳласа.
Фикрлар