Ҳамиджон Актамов: Мени Бабаянга эмас, балки уни менга қиёсланглар!

“Андижон” – “Қизилқум” беллашувидан кейинги матбуот анжуманида қатнашган меҳмонлар устози Ҳамиджон Актамов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди:

- Бугун қизиқарли ўйин бўлди. Иккала жамоага ҳам ғалаба зарур эди. Шу сабабли олти очколи ўйин бўлди. Кўпроқ бизнинг жамоа ҳужум қилди ва ташаббусга эга бўлди. “Андижон” эса ҳимояда тартибли ўйнади. Улар охиригача гол ўтказмасликка ҳаракат қилди. Охирги нуқтани қўя олмаяпмиз. Гол уришга қийналяпмиз. “Андижон” ҳам қийин вазиятда бўлгани учун уларга ҳам уч очко сув ва ҳаводек муҳим эди. Футбол шуниси билан қизиқ.

- “Қизилқум” 19 очко билан “Бухоро”, “Андижон” ва “Сурхон”дан анча узоқлашди. Бу эса жамоани бўшаштириб қўймаяптими?

- Хотиржамликка берилганимиз йўқ. Қолган учрашувларда ҳам максимал натижага эришишга ҳаракат қиламиз. Гол уришга шошиляпмиз, аммо гол ура олмаяпмиз. Битта камчилигимиз шу.

- “Қизилқум” бир очкони қўлга киритдими ёки икки очкони йўқотдими?

- Менимча, икки очкони йўқотдик.

- Охирги тўртта турнинг марказлашган ҳолда ўтиши мумкинлиги бу сизга қўл келадими ёки...

- Ҳар доим раҳбарият нимани лозим топса, шуни қўллаб-қувватлаймиз. Қаерда бўлса ҳам биз Ўзбекистонда ўйнаймиз. Ким қандай таклиф киритса, биз ҳам шунинг тарафдоримиз.

- Биринчи бўлимдан кейин Шерали Жўраевнинг алмаштирилиши нима билан боғлиқ?

- Унинг майдондан чиқиб кетгани ўйинимизга анча таъсирини кўрсатди. Жароҳат олганди, шу боис алмаштиришга мажбур бўлдик.

- Сизни кўпинча футбол менежери сифатида ном қозонган Самвел Бабаянга қиёслашади...

- Мени Бабаянга эмас, балки уни менга қиёсланглар. Мен доим ўз ишимни қиляпман, профессионалмиз. Бировга тақлид қилиб ишламайман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!