Ҳамиджон Актамов Олмалиқдаги ғалабадан кейин: "Футбол гапхона бўлиб қолган"
“Қизилқум” клуби бугун сафарда Суперлиганинг 6-турида қолдирилган АГМКга қарши ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди – 1:2.
Учрашувдан кейин “Қизилқум” бош мураббийи Ҳамиджон Актамов матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Жуда қизиқарли беллашув бўлди. Иккала жамоа ҳам беллашув охиригача ҳужумкор ўйин кўрсатди. Яхши ўйин кўрсатдик ва ғалаба қозондик. Бу билан мухлисларимизни табриклайман.
- Ғалаба нимани эвазига қўлга киритилди, деб ўйлайсиз?
- Бугун ютмасак бўлмасди. Бунгача кетма-кет дуранглар ўйнаб келдик. Ўтган турда ҳам ўз уйимизда дуранг қайд этдик. Лекин футболчиларимиз қийин вазиятдан чиқиб кетишди, ўзларида куч топдилар. Учрашувга йигитларни руҳий томондан ҳам тайёрлай олдик.
- Ўтган йилги “Қизилқум” билан бу йилги “Қизилқум”ни қандай фарқи бор? Бу мавсумдаги натижалари яхшироқ. Жамоада нимани ўзгартирдингиз?
- Ҳимояда ва ҳужумда ўзгаришлар бўлган. Ҳимоя чизиғи ўзини оқлаяптию, аммо ҳужумда бундай бўлмаётганди. Кўзланган мақсадга эришдик. Ғолиблар муҳокама қилинмайди.
- Беҳруз Саъдуллоев захирадан майдонга тушган бўлса-да, яна захирага олинди. Бунинг сабаби нима?
- Тактик ўзгариш.
- Чемпионатдаги танаффусдан кейин “Қизилқум” яхши ўйин кўрсатяпти. Бунинг сабаби нимада ва мана шу темпни мавсум охиригача сақлаб қола оладими?
- Шуни ушлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Яна олдинги гапимга қайтаман, бир ой футбол ўйналмади. Фақат машғулот ўтказилди. Шу боис ҳамма спорт формасидан чиқиб кетди.
- Ойбек Қиличев жамоани тарк этдими? Ёзги танаффусда қандай ўзгаришлар бўлади?
- Ойбек Қиличев жамоа билан бирга. Соғлигида бироз муаммо бўлгани учун бугунги ўйинга чақирилмади, унга дам бердик. Ўзгаришларни кўрамиз ва олдинда ўйинларимиз бор. Танаффусда кўрамиз, ҳозир бирор нима дея олмайман.
- Ватцадзе, Кухианидзе ва Қиличев клубдан кетади деб эшитгандик, бу қанчалик рост?
- Ҳамма гапираверади, футбол шунақа гапхона бўлиб қолган. Ҳозирча улар биз билан. Биринчи даврадан кейин мураббий қоладими ёки футболчими, ҳали ҳеч нима аниқмас. Ҳозирча ҳамма жамоа билан бирга.
- Охирги иккита ўйинда 3-4-3 тактикасида ўйнадинглар ва бу ўзини оқлаяпти. Келаси учрашувларга шу тактикадан фойдаланасизми?
- Бу жамоанинг сири, сизга ҳамма нарсани айтиб юборолмайман, эртага яна ўйинимиз бор.
Фикрлар