Ҳамиджон Актамов "Қизилқум"ни тарк этди, клуб жаримага тортилади
Навоийнинг “Қизилқум” клубида бош директор сифатида ишлаб келаётган Ҳамиджон Актамов шу йилнинг 18 март куни ўз аризасига кўра ишдан кетган. Бу ҳақда клуб орадан 18 кун ўтиб — 5 апрель куни маълумот берди.
“2022 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар регламенти”нинг 8.4-бандида клуб ўз расмийси билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилса, ЎзПФЛ уч кун ичида бу ҳақда ёзма равишда огоҳлантирилиши ҳамда озод этилган шахс лицензияси ЎзПФЛга топширилиши лозим экани кўрсатилган. Шунингдек, “Лицензиялаш регламенти”нинг P.14 мезони 3-бандида шундай ёзилган: “Лицензия талабгори лавозимнинг бўшаб қолганлиги ва ушбу лавозимда янги мутахассис иш бошлагани тўғрисида кўпи билан етти (7) иш куни ичида ЎзПФЛни хабардор қилиши зарур”.
Шунга қарамай, “Қизилқум” на ўз расмий саҳифаларида ва на хат орқали бу ҳақда расмий маълумот тақдим этди. Шундан келиб чиқиб, “Қизилқум” футбол клуби жаримага тортилади. ЎзПФЛ қолган клубларни ҳам жамоатчилик учун очиқ бўлишга ҳамда ўз мухлисларини клубга тегишли маълумотлардан вақтида хабардор қилишга чақиради.
Маълумот учун, “Қизилқум” футбол клуби ЎзПФЛга тақдим этган хатида Ҳамиджон Актамовнинг спорт ишлари бўйича ўринбосари Алишер Холиқов директор вазифасини бажараётганини қайд этган.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар