Ҳамиджон Актамов: "Тўғри, икки очко йўқотдик, аммо кутилмаган жойдан қайтариб оламиз"

Суперлиганинг учинчи турида Навоийнинг “Қизилқум” клуби ўз майдонида “Сўғдиёна”ни қабул қилиб 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида мезбонлар устози Ҳамиджон Актамов ўз фикрларини билдирди.

- Бугунги ўйинда футболчиларимиз яхши ўйин кўрсатишди ва кўрсатмаларни аъло даражада бажаришди. Фақат омад юз ўгирди. Ўйинни назорат қилдик, фақат етарлича гол ура олмадик. Ўйиндан-ўйинга қўшиб боряпмиз. Тўғри, бугун икки очко йўқотдик. Аммо кутилмаган жойдан қайтариб оламиз, Худо хоҳласа. Бу – футбол. Бугунги дурангдан рози эмасман, ютишимиз керак эди. “Сўғдиёна” ҳам яхши ҳимояланди, ўйини чакки эмас. Барибир бизнинг ўйинимиз уларникига нисбатан яхшироқ чиқди, деб ўйлайман.

- Рақибдан шундай қаршилик кутганмидингиз?

- Ҳа, кутгандик, билардик. Ҳужумлар уюштирдик. Уларнинг дарвозабони 100 фоизли голлардан сақлаб қолди.

- Ватцаздеда иккита қулай имконият бўлганди, аммо фойдалана олмади. Бу ҳақида нима дея оласиз?

- Мате ҳам гол деб ўйлади. Баҳона қилмоқчи эмасман. Яхши футбол ўйнади. Томошабинлар ҳам хурсанд бўлди деб ўйлайман. Жамоамиз шаклланиб бораётганидан хурсандман. Олдинда ўйинлар кўп ва йўқотилган очколарнинг ўрнини тўлдирамиз.

- Кухианидзенинг учта турдаги ўйинига қандай баҳо берасиз?

- У ҳам ўз ишини қиляпти. Вазифаси кўпроқ қора ишни бажаради. Шунинг учун уни яққол етакчи ёки ўзини кўрсатди, деб айта олмайман. Футболни тушунади ва ўз ишини бажаряпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!