Ҳамиджон Актамов Тўхтахўжаевни қандай кўндиргани, нега илк турда "Андижон" билан дуч келишни истамагани ва "разведка" ҳақида

“Қизилқум” бу йил каттароқ маррани кўзлаётганга ўхшайди. Ахир амалга оширган селекцияларини кўринг. Тўғри, таркибда катта ўзгаришлар бўлмади, аммо сифатли футболчиларни олди деб бемалол айтишимиз мумкин.

Ўтган йилги таркиб етакчилари сақланб қолинди. Кеча эса Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаевнинг “Қизилқум” билан шартнома тузгани ҳам яхшигина “юриш” бўлди.

Жамоа устози Ҳамиджон Актамов sports.uz мухбири билан суҳбатда ушбу харид, жамоасининг тайёргарлиги ва бошланаётган мавсум ҳақидаги саволларга жавоб берди.

- “Қизилқум” икки ой давомида қизғин машғулотлар олиб борди. Туркияда ҳам йиғин ўтказиб қайтди. Айтинг-чи, кўрилаётган тайёргарлик бўйича кўнглингиз тўқми?

- Туркия йиғинимиз ростдан жуда бошқача ўтди. Биз зўр тайёрландик. Насиб қилса, бунинг мевасини кўрамиз. Қисқа қилиб айтсам, мавсумга тайёргарлигимиздан тўлиқ қониқдим. Амалга оширган янги трансферимиз эса ундан ҳам яхши бўлди. Ислом Тўхтахўжаевни қўлга киритдик.

- Уни қандай кўндира олдингиз?

- Мени биласиз-ку, кўндираман-да (кулади). Унга жамоамиз ёқди. Бизга ўзининг шартларини айтди, бизга маъқул келди. Қарасак, қўлимиздан келадиган нарса. Шундан кейин шартнома туздик.

- Ислом Тўхтахўжаевни таклиф қилишни олдиндан режалаштирганмидингиз ёки барчаси тўсатдан юз бердими?

- Четда ўйнаётган легионерларимизга ўзимизнинг жамоа учун таклиф билан чиқмайман. Нимага деганда, улар легионер сифатида тўп суриб, юртимизга пул олиб келса, бу давлатимизга фойда. Исломга, агар биринчи турдан кейиноқ хориждан яхши таклиф тушса, ўзим сени жўнатиб юбораман, деб айтдим. Шу боис хорижда ўйнаётган легионерларимизни Ўзбекистонга қайт, шу ерда ўйна, деб айтмайман. Уларнинг хорижда ўйнаб тажриба тўплаши футболимиз ва терма жамоамиз учун ҳам фойдали. Тўхтахўжаевни кўп йиллардан бери кузатаман, яхши футболчи. Хитойга кетганидан хурсанд эдим. Бу кабилар терма жамоамиз учун муҳим ўйинчилар. Исломга таклиф билан чиқмай тургандим, охири унинг Хитойга бормаслиги аниқ бўлганидан кейин алоқага чиқдим.

- Анча сифатли футболчилар таклиф этилди. Шундай экан, селекциядан қониқдингизми?

- Селекция билан ҳар доим ўзим шуғулланганман. Фақат ўтган йили бу борада озгина қийналгандим. Бу йил ўзим хоҳлаган ўйинчиларни таркибга жалб эта олдик деб ўйлайман.

- “Қизилқум”дан кетган ўйинчилар орасида кимни қолишини истадингиз?

-  Тўғриси, Алишер Саноев қолса яхши бўларди. У жамоамизга ёрдам берарди. Бошқаларнинг ҳам кетиш хоҳиши бўлди. Ўтган йили жуда қийналдик. Шу боисдан иккинчи давра учун қандай трансферларни қилганимизни биласиз. Шунинг эвазига жамоани сақлаб қолдик. Ростини айтайми, мен учун худди 2020 йил бўлмагандек, гўёки 2019 дан 2021 га ўтгандек туюляпти. Ўтган йили пандемия сабабли ҳамма режалар ўзгариб кетди. Футболчилар ҳам тузур-қуруқ шуғуллана олмадилар. Ҳар хил қийинчиликлар билан мавсумни бошладик ва бир амаллаб тугатиб олдик. Лекин бу йил умидимиз катта. Худо хоҳласа, медаллар учун курашамиз.

- “Қизилқум” дастлабки турни ўз майдонида “Андижон” билан ўтказади. Кўпчилик қулай рақиб дуч келгани ҳақида айтмоқда...

- Кўпчилик қуръага таяниб ишлайди. Мен бу нарсани ёқтирмайман. Қайтанга, дастлабки турларда “Пахтакор” ва “Локомотив” билан куч синашишимизни хоҳлагандим. Бу гап билан “Андижон”ни кучсиз, демоқчи эмасман. Бўлажак рақибимиз ёш, шижоатли жамоа. Тўғриси, “Андижон” биз учун ноқулайроқ рақиб ва ўйин ҳам шунга яраша бўлади. Буни яхши тушуниб турибман. Қайси рақиб тушишидан қатъи назар барибир барча ўйинларда иштирок этамиз.

Кимдир стартни яхши бошлайди. Масалан, “Динамо”ни олайлик, 2019 йили Суперлигага чиқди ва ўша мавсумнинг биринчи даврасида 18 очко тўплади. Кейин нима бўлди? Тақвим яхши эди, дейишди. Иккинчи даврада эса ҳаммаси аксинча бўлди ва қуйи лигага тушиб кетди. Бу – футбол. Кўпроқ омадга ҳам боғлиқ. Шунинг учун қуръага қараб иш қилмайман. Барибир ҳамма рақиб билан ўйнаймиз. Фақат битта нарсани истагандим: биринчи турни уйда эмас, сафарда ўтказишни орзу қилгандим. Нимага деганда, бизда ҳаво озгина ноқулай бўлгани учун майдонимиз унчалик тайёр эмасди. Шунинг учун ҳеч бўлмаганда, дастлабки турни меҳмонда ўтказсак ва унгача майдонимиз яхшиланиб қолишини ўйлагандик.

- Ҳозир майдоннинг ҳолати қандай?

- 80 фоизга яхши. Чемпионат стартигача яна бироз вақт бор экан, унгача янада яхшиланиб қолади.

- Қизилқум”даги футболчиларингиз орасида нархи қиммати ким?

- Уларнинг нархига бирор нима дея олмайман. Нархлари натижалардан кейин аниқ бўлади (кулади). Агар у ишончни оқлай олмаса, мен ўша ўйинчи учун куйган ҳисобланаман. Ҳеч қайси футболчини арзон ёки қиммат, дея олмайман. Тоифага ҳам ажратмайман. Тўғри, танлаб-танлаб яхшиларини олдик. Масалан, айрим ўйинчиларимизнинг нархлари баландроқ. Бозорга борсангиз ҳам яхшиларини саралаб оласиз-ку. Ҳозирча ҳамма футболчилар бир хил. Боя айтдим, натижага қараб баҳо берилади. Биз ҳали барча ўйинчилар билан ишлаймиз. Илоҳим, ўтган йилдаги қийинчиликлар бўлмасин. Ана шунда футболимизда яна ўсиш бўлади.

- Янги мавсумда қайси жамоадан сюрприз кутяпсиз?

- Мен фақат ўзимнинг жамоамдан кутяпман. Биз албатта сюрприз қилишимиз керак. Чемпионат бошланишини сабрсизлик билан кутяпмиз. Аммо биринчи турдаги энг охирги ўйин бизники экан (кулади).

- Шунингдек, мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беряпти?

- Тачмурод Агамуродов, Рафаэль Баласанян, Алишер Холиқов ва Дмитрий Краев ёрдам беришяпти.

- Бу йил ҳам “Пахтакор” бошқалардан яққол ажралиб туради, деб ўйлайсизми?

- Бешта тургача ҳамма жамоа бир хил бўлади: про-лигадан чиққан “Турон” ҳам, чемпион “Пахтакор” ҳам. Бешинчи турдан кейин ким қайси ўринга лойиқлиги кўрина бошлайди. Ҳозир эса ҳеч нима деб бўлмайди, ҳаммада имконият бир хил.

- Бошқа клубларни ҳам кузатиб борасизми? Масалан, қайси трансферлар сизни ҳайрон қолдирди?

- Битта гап айтайми? Мен ҳеч қачон бировнинг чўнтагини, ўйинчисини ва имкониятлари ҳақида гапирмайман. “Разведка” ҳам қилмаганман. Ўзимизнинг жамоани шакллантиришга меҳнат қилдик, ёрдамчиларимиз билан бирга. Мана, энди навбати билан қайси жамоага қарши ўйнасак, ўша ҳақида маълумот тўплаймиз.   

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
02/03/2021 21:41
Шухратбек Хомяковдан хам интерву олинг
&
Bek 56
02/03/2021 21:39
Актом ака Андижонга камида бешта ту'п урасизлр иштаханглар очилиб кетса ундан хам ку'п урасизлар бу йил Андижон утган йилгидан хам кучсиз бок,ча болаларни йигиб олган