"Ҳаммаси Туркиядаги йиғинда ҳал бўлди". Дилшод Комилов нега доим 4-рақамда тўп суришини биласизми?
Суперлигага қайтган “Андижон” клуби таркибига янги номларни қўшиб олганидан хабарингиз бор. Мавсумни эса “Бургутлар” Қаршида “Насаф” устидан қозонилган ажойиб ғалаба билан бошладилар. 2-турда ҳам “Андижон”нинг “Сурхон”га қарши учрашувида имконияти юқорироқ баҳоланаётганди. Бироқ якунда “Андижон” 1:0 ҳисобида мағлубиятга учради. Ҳакамлар масаласи эса асосий мавзуга айланганини яхши билсангиз керак.
“Андижон”га янги қўшилган иқтидорли футболчилардан бири Дилшод Комилов айнан “Сурхон”га қарши баҳсда ўзининг дебютини ўтказди. Шуни ҳисобга олганда, мазкур ўйинчи “Сурхон”га қарши бўлиб ўтган ўйин хусусида шундай деди:
“Тўғрисини айтсам, “Сурхон” билан ўйинимиз ўхшамади. Жуда кўп тўхталишлар бўлди. Бу эса ўйин темпини тушириб юборди. Ушбу учрашувни кўриб чиқдик ва хулоса чиқариб “Бунёдкор”га қарши бахсга тайёргарлик олиб боряпмиз”.
Дарҳақиқат, “Андижон“ 18 март куни Суперлиганинг 3-турида Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида “Бунёдкор”ни қабул қилади. Ҳали “Андижон” ўз тарихида “Бунёдкор”ни мағлуб эта олмаган. Демак, “Бургутлар” янги тарих очишга тайёрми?
“Ҳа, албатта. Ҳамма меҳнат қилиб ҳаракат қиляпти. Мухлислар бизни қўллаб-қувватлаб туришлари жамоага куч бағишлайди. Худо хоҳласа, Фарғонада Андижон халқини хурсанд қилишга боримизни берамиз. Ўйлайманки, қизиқарли учрашув бўлади”.
Дилшод Комилов бунгача Тошкентнинг “Локомотив” клубида тўп сурганини зукко ишқибозлар яхши эслайдилар. Бу йил эса “Андижон”да тўп суришни маъқул кўрди. Ўз навбатида Дилшод “Локомотив”ни тарк этиши ва “Андижон”га ўтиши ҳақида ҳам гапирди.
“Ҳаммаси Туркиядаги йиғинда ҳал бўлди. Аввал “Локомотив” йиғинида эдим. Дадам билан маслаҳатлашиб, “Андижон” жамоасига қўшилишга қарор қилдим. Фурсатдан фойдаланиб, “Локомотив” раҳбариятига ва мураббийларга катта раҳмат айтаман. “Локомотив” жамоасига Суперлигага қайтиши йўлида омад тилаб қоламан”.
Бундан ташқари, Комилов қаерда бўлса ҳам асосан 4-рақам остида ҳаракат қилади. “Локомотив”да ҳам, “Андижон”да ҳам 4-рақамни танлади.
“Дадам 4-рақамда тўп суришимни хоҳлайди. Бундан ташқари, мен ўйинларини кузатиб борадиган Ван Дейк ҳам 4-рақамда ўйнайди”, - дея фикр билдирди, Дилшод.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар