Ҳамюртимиз устозлик қилаётган жамоа Суперкубокни ютди ёхуд у ерда ўзбек мураббийининг рейтинги баланд
Қирғизистоннинг амалдаги чемпиони “Абдиш Ата” клубига ҳамюртимиз Ислом Аҳмедов бош мураббийлик қилаётганини унутмаган бўлсангиз керак. Ўзбекистонлик мутахассиснинг у ердаги фаолияти муваффақиятли кўринишда давом этяпти.
Гап шундаки, куни кеча Қирғизистон Суперкубоги бўлиб ўтди. Унда “Абдиш Ата” клуби “Мурас Юнайтед”га қарши ғолиблик учун майдонга тушди. Қизиқарли ўтган учрашувда Жиргалбек Уулу томонидан 22-дақиқада киритилган гол якунда “Абдиш Ата”га муҳим ғалабани тақдим этди ва Ислом Аҳмедов шогирдлари мамлакат Суперкубогини қўлга киритишди.
Ўзбекистонлик мураббий ўз олдига қўйилган вазифаларни муваффақиятли бажариб келаётгани қувонарли ҳолат. У бундан ташқари мамлакат Кубогини ҳам ютди. Ўтган йили чемпионликка эришганини юқорида ёзиб ўтдик. Эътиборлиси, Аҳмедов жамоаси бу йил ҳам навбатдаги чемпионликка жуда яқин турибди. Боиси, “Абдиш Ата” 23 та турдан кейин 59 очко билан Қирғизистон чемпионатида якка пешқадамликни ўз қўлига олган. Энг яқин таъқибчиси ҳисобланган “Дордой”ни 10 очкога ортда қолдирмоқда.
Ислом Аҳмедов қўли остида Қирғизистон терма жамоасининг кўплаб футболчилари ҳам тўп суришяпти. Айни пайтда “Абдиш Ата”нинг энг қиммат футболчиси Кристиан Браузман бўлиб, трансфермаркт порталида унинг нархи 400 минг еврони ташкил қиляпти. Яқинда ЖЧ саралашида Қирғизистон ўз майдонида КХДРни 1:0 ҳисобида енгди ва ягона гол Браузман ҳисобига ёзилди. Дарвоқе, жорий мавсумнинг биринчи даврасини Самарқанднинг “Динамо”сида ўтказган ганалик ҳужумчи Эммануэль Ягр яна собиқ клуби – “Абдиш Ата”га қайтган. Бу футболчи айнан Ислом Аҳмедов қўли остида янги қирраларини намойиш қилган.
“Абдиш Ата” ОФК Кубогининг ортда қолган мавсумида ҳам яхши қатнашди. Ислом Аҳмедов жамоаси билан мусобақанинг ярим финалигача етиб келди. Австралияда “Сентрал Кост Маринес”га 3:0 ҳисобида имконият бой берилди. Якунда эса ушбу клуб ОФК Кубогини ютди.
Ушбу мусобақанинг янги мавсумни Аҳмедов жамоаси 26 октябрь куни сафарда Қувайтнинг “Ал-Араби клубига қарши бошлайди. “Абдиш Ата” “В” гуруҳида “Ал-Араби”дан ташқари Туркманистоннинг “Аркадаг” ва Малдивнинг “Мазия” жамоаларига қарши ҳам ўйнайди.
Суперкубокни ҳам ютган Ислом Аҳмедов бугунги кунда Қирғизистондаги рейтинги баланд мураббийлардан бири ҳисобланади. Унинг “Абдиш Ата” билан қўлга киритаётган муваффақиятлари, ёзаётган янги саҳифалари ҳали бардавом кўринишда бўлишини тахмин қилиш қийин эмас. 2023 йилнинг 20 сентябрдан буён қирғиз жамоасини бошқариб мамлакат чемпионатида гегемонлик қилаётган ҳамюртимизни Суперкубок билан муборакбод этамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар