"Ҳар куни клубимдагилар мени қўллаб-қувватлаб смслар жўнатишди, француз тилига қизиқаман, лекин..." - Иброҳимхалил Йўлдошев билан суҳбат
Ўзбекистон U23 терма жамоамиз Қатардаги Осиё Кубогида муваффақиятли қатнашиб, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди ва ўзбек футболи тарихидан жой олди.
Албатта, финалда Японияни енгиш имконияти ҳам бор эди. Бироқ омад юз ўгирди.
Терма жамоамиз сафида легионер ўйинчиларимиз ҳам катта ҳажмдаги ишни бажардилар. Масалан, Қозоғистоннинг “Қайрат” клуби шарафини ҳимоя қилаётган Иброҳимхалил Йўлдошев ҳам терма жамоамизнинг Олимпиада чиптасига эга чиқишида муносиб ҳиссасини қўшди.
Куни кеча ушбу легионеримиз Sports.uz сайтига интервью берди.
- Терма жамоамиз ниҳоят Олимпиада йўлланмасига эга чиқди. Аммо финалда ютқаздик. Шунга қарамай, кайфиятингиз яхшими?
- Албатта, ютқазиш ҳақида ўйламагандик. Чунки мақсадимиз гол ўтказмасдан чемпион бўлиш эди. Ҳа, Япония Осиёдаги кучли жамоалардан бири. Олимпиадага 1-ўрин билан чиқиш бошқача кайфият бағишлаган бўларди. Насиб қилмабди. Худони хоҳиши шундай экан. Шунга қарамай, Олимпиадага чиқиш барчамизнинг орзу ва мақсадимиз. Биз айнан шу мақсадимизга эришдик. Тарихий натижа қилдик. Бундан жуда ҳам хурсандмиз. Ўзбекистон учун катта натижа.
- Терма жамоамизнинг финалдаги мағлубияти ҳақида нима деган бўлардингиз? Балки учта футболчимизни клубларига қайтиб кетгани таъсир кўрсатдими ёки шунчаки омад етишмадими?
- Тўғриси, омад етишмади. Ўйин тенг курашлар остида ўтди. Рақибимиз ҳам анча кучли тайёрланган экан. Билиниб тургандики, улар ҳар бир позициямиздаги футболчиларни синчиклаб ўрганиб майдонга тушишган. Япония олдиндан жуда кучли терма жамоа. Айтганимдек, омад етишмади. Барчасини бир дона гол ҳал қилди. Пенальти – бу 50х50 вазият. Буни худди лотерея деса бўлади. Футболда омадга ҳам кўп нарса боғлиқ.
- Олимпиада йўлланмаси қўлга киритилгач, "Қайрат" клубига қайтганингизда сизни қандай кутиб олишди ва нималарни айтдилар?
- Клубдаги дўстларим ўйинларимизни қолдирмасдан кўришди. Ҳар куни менга омад тилаб қўллаб-қувватлаб смслар жўнатишди. Қолаверса, клуб раҳбарияти ҳам мен билан доим алоқада бўлиб қўллаб турдилар. Албатта, бу ҳолат менга ўзгача куч бағишлади. “Қайрат”га қайтганимдан кейин ҳам Олимпиадага чиққанимиз учун табриклашди. Бу борада уларнинг хурсандликларини кўрдим. Мени Қатардаги мусобақага қўйиб юборишгани учун клуб раҳбариятидан миннатдорман.
- Ҳозирдан Олимпиада ҳақида ўйлашни бошладингизми? Балки француз тилига қизиқаётгандирсиз?!
- Ҳозир кўпроқ клубимга ёрдам беришга ва Қозоғистон чемпионатида юқорироқ ўринларга чиқиш ҳақида ўйлаяпман. Жамоамга ёрдам беришга ҳаракат қиляпман. Хабарингиз бор, мен йўқлигимда жамоамда кетма-кет мағлубиятлар бўлди ва мураббий алмашди. Тўғрисини айтсам, бу ерда ҳам ўз ўрним борлиги ҳақида унутмаслигим керак. Шунинг учун Франция ҳақида терма жамоамиз йиғини бошланганида Тимур Кападзе ва жамоадошларимиз билан бирга ўйлашга ҳаракат қиламиз. Француз тилига қизиқаман. Лекин ҳали ўрганиш ҳақида ўйламадим.
- Осиё Кубогида сизга четдан қизиқиш билдирган клублар ҳам бўлдими?
- Ростини айтсам, бу ҳақида эшитмадим. Чунки бундай ишлар билан агентларим шуғулланишади. Балки ҳали трансфер ойнаси очилмагани учун бошқа таклифлар ҳақида айтишмагандир.
- Олимпиададаги гуруҳимиз ҳақида нималарни айта оласиз?
- Биринчи ўринда Олимпиадага чиққан жамоалар бежизга бундай нуфузли мусобақага йўл олишмаган. Ҳаммаси қандайдир тўсиқлардан, қийинчиликлардан ўтиб, Олимпиадага чиқишган. Ҳаммаси кучли жамоалар. Аммо ютиб бўлмайдиган жамоалар эмас. Бизни ҳам кучсиз деб бўлмайди. Барча топ даражадаги термалар билан рақобатлаша оламиз. Бунга тўлиқ ишонаман. Биринчи ўйинимиз Испания билан. Улар йиғин ўтказишгани учун келишганида ўртоқлик учрашувида дуранг ўйнагандик. Тўғри, ўшанда испанларни бир-иккита асосий ўйинчилари бўлмаган. Бу сафар табиийки, барча кучли футболчилари келади. Бу дегани биз илк турдаёқ энг кучли рақиблардан бири билан беллашамиз. Жанг қилишга тайёрмиз. Олимпиадада муносиб қатнашиб, юқори натижалар кўрсатиш учун шунга яраша жиддий тайёргарлик кўрамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар