Ҳарри Кейн яна катта рекорд ўрнатди
Бундеслиганинг 6-турида мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Бавария” Франкфуртда “Айнтрахт” меҳмони бўлиб, сафардан 3:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди.
Голлардан иккитасини Луис Диас киритган бўлса, жамоа тўпурари Ҳарри Кейн ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйди.
Айнан мана шу гол англиялик футболчининг номини Бундеслига тарихига ёзди. “Аёнтрахт” дарвозасига киритилган тўп Ҳарри Кейннинг янги мавсумдаги 11-голи бўлди. Squawka нашрининг маълум қилишича, Бундеслиганинг узоқ йиллик тарихида ҳали бирорта футболчи олтита учрашувда бу қадар кўп гол урмаган ва бу кўрсаткич янги рекорд сифатида қайд этилди.
Барча турнирларни қўшиб ҳисоблаганда 32 ёшли форвард жорий мавсумда жами 10 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 18 та гол ёздириб қўйган.
Ҳарри Кейннинг мюнхенликлар билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ярмигача давом этади.



Фикрлар