Ҳасанбой Дўсматов: "Эҳтимол, Амит Пангалдан ҳам кучли рақиблар пайдо бўлгандир"

  • 20 октябрь, 2021, 16:19
  • 1
  • Бокс

Хабарингиз бор, 24 октябрдан 6 ноябрга қадар, Сербиянинг пойтахти Белград шаҳри бокс бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. 

Мазкур жаҳон биринчилигида иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси сафига -51 кг вазн тоифасида Рио Олимпиадаси ғолиби Ҳасанбой Дўсматов ҳам жалб қилинган. 

Маълумки, Ҳасанбой Дўсматовнинг ҳаваскор боксдаги принципиал рақиби Ҳиндистон вакили Амит Пангал ҳисобланади. Уларнинг қарама-қаршилиги 2:2 кўриниш олган. Барча ушбу жаҳон чемпионатида уларнинг эҳтимолий 5-тўқнашувини кутаётган бир паллада, Амит Пангал Ҳиндистон терма жамоаси сафига киритилмади. Биз ушбу воқелик юзасидан Ҳасанбой Дўсматовнинг фикрлари билан қизиқдик. 

- Ҳаваскор боксда принципиал рақибингизга айланиб улгурган Амит Пангалнинг жаҳон чемпионатида иштирок этмаслигига муносабатингиз?

- Албатта, Амит яхши даражадаги боксчи. Эҳтимол, Ҳиндистонда бу вазн тоифаларида ундан кучлиси пайдо бўлгандир. Тўғриси, уни иштирокини чин кўнгилдан истгандим. Чунки, 2:2 ҳисобни ўзимни фойдамга оширишга ҳаракат қилиб кўрардим. Лекин жаҳон чемпионатида оддий рақибнинг ўзи бўлмайди. Исталган боксчидан хавф кутиш мумкин.

- Амит Пангални ўрнига Дипак -51 кг вазн тоифасида иштирок этадиган бўлди. Бу боксчи билан аввал дуч келганмисиз ёки, умуман, Дипак ҳақида қанчалик маълумотга эгасиз?

- У билан жанг қилмаганман. Тўғриси, маълумотга ҳам эга эмасман. 

- Россия терма жамоаси сафида Ахтем Закиров сизни вазн тоифангизда рингга кўтарилиши аниқ бўлди. Янглишмасам, у билан дуч келгандингиз?

- Ҳа, албатта. Ахтем Закиров ҳам яхши савиядаги боксчи. У билан тўқнашувимизда ғалабага эришгандим. 

- Қозоғистон таркибида эса сизга эҳтимолий рақиб бўлиши мумкин бўлган боксчи Сакен Бибосинов ҳақида қандай фикрдасиз?

- У сўнги Олимпиада совриндори бўлди. Жаҳон чемпионатида ҳам бронза медалини қўлга киритган. У билан ҳали дуч келмаганмиз. Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳар бир рақиб бор кучини ишга солади. 

- Асосан, -49 кгда ҳаракат қилгансиз. Тўғри, 52 кгда ҳам фаолият олиб бордингиз. Бироқ, барибир -51 кг вазн тоифаси сиз учун янги ҳисобланади. Бу муаммо эмасми?

- Тўғри, янги вазн тоифаси. Лекин жаҳон чемпионатига яхши ниятлар билан бормоқдаман. Ўйлайманки, ижобий натижалар билан барчани хурсанд қилишга ҳаракат қиламан. 

- Албатта, ушбу ниятингиз амалга ошишига тилакдошмиз!

- Раҳмат!

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Бухорий Шариф
22/10/2021 00:07
Ҳасанбойдан фақат чемпионликни кутамиз.