"Ҳеч бўлмаганда дуранг учун майдонга тушгандик" - "Машъал" устози Қаршидаги сенсацион ғалабадан кейин яна нималарни айтди?

  • 09 Nov 00:33
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Football
CHERY AUTO

Суперлиганинг 28-туридаги воҳа дербисида кутилмаган натижа кузатилди. Чемпионлик учун курашаётган “Насаф” ўз майдонида “Машъал”га 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ушбу беллашувдан сўнг муборакликлар бош мураббийи Отабек Нарзуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.

Tecno

- Ўйинни қийин бўлишини билардик. “Насаф” кучли жамоа, кучли мураббий ва кучли футболчиларга эга. Уларга ҳам очко керак ва биз ҳам ўз мавқеимизни сақлаб қолган ҳолда бир очко учун бўлса ҳам курашдик. Қийин бўлишини билган ҳолда майдонга чиққандик. Кўпроқ қарши ҳужумда ҳаракат қилдик. “Машъал” мухлисларини, футболчиларини ғалаба билан табриклайман. Охиригача чидаб беришди.

- Олдинги интервьюларингиздан бирида Қашқадарё чемпион бўлишини хоҳлаймиз, дегандингиз.  Шу ҳақида фикрингиз.

- Ундай интервью бермагандим. Ҳар бир Қашқадарё аҳли ёки футболчи, мураббий барибир Қашқадарёда қолишни хоҳлайди. Қашқадарёлик бўлганлигимиз учун айтгандик. Агар фарғоналик мухлис ёки мураббийдан сўрасангиз улар Фарғонада қолишини хоҳлашади. Мени гапимни нотўғри ёзишган. “Насаф” ўз кучи билан, “Нефтчи” ўз кучи билан, кимни омади келса чемпионлик учун курашишини айтганмиз.

- “Машъал”ни охирги турлардаги ўйинларига қарасак, бу сафар ноодатий таркиб тушди. Бир қатор жамоанинг асосий таркиб ўйинчиларига дам бериб, ёшларга имконият бердингиз. Балки иккинчи бўлимда етакчиларни қўшилиши ғалабага олиб келгандир. Бу стратегия алоҳида машғулотлар давомида шаклландими ёки футболчилар ўйинга унчалик тайёр эмасмидилар?

- Тўғри савол. Буни тактика билан боғласак ҳам бўлади. Биринчи таймда мувозанатни сақлашимиз керак эди. Иккинчи бўлимда эса кўпроқ тажовузкор ҳужумга чиқишимиз лозим эди. Шунга тайёрлангандик. “Насаф” ўз уйида ўйнаяпти ва ҳужумга кўпроқ ўтади. Бизда қарши ҳужумда вазият бўлиши мумкин эди. Шуни инобатга олиб, ушбу қарорга келдик. Сардор Абдураимовни бироз жароҳати борлиги учун ўйинни захирадан бошлади. Ёшлар барибир қачондир шундай савияда ўзини кўрсатиши керак. Ким ўйинга тайёр бўлса, шунга қараб таркиб тузамиз.

- Икки ўйиндан бери Ислом Баратов кўринмаяпти.

- Уни соғлиги билан муаммо бор.

- Умар Аминуни ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?

- У креатив футболчи. Яхши жиҳатлари жуда кўп. Оёғида жароҳати борлиги учун захирада ушладик. Керакли вазиятларда тўпни сақлай олади ва ажойиб равишда жамоадошларига тўпни етказиб бера олади. Уни хусусиятлари бизга ёқади. Шунинг учун футболчини иккинчи бўлимга сақлаб қўйгандик. Кўпроқ ундан фойдаланиш ниятимиз бор эди ва ўйлаган режамиз амалга ошди, деб ўйлайман.

- Бугунгиси воҳа дербилари тарихидаги энг қаттиғи бўлдими?

- Бош мураббий сифатида ўзим учун ҳа. Энг яхши ўйинларимиздан бири ва энг яхши Қашқадарё дербиси деган бўлардим.

- Миллий терма жамоамиз бош мураббийи Фабио Каннаваро стадионларга бориб чемпионатимиз ўйинларини кузатди. Суперлагимизга эътибор қаратсак, фаворит ҳисобланганлар очко йўқотишяпти. Масалан, “Бухоро” “Нефтчи” билан дуранг ўйнади. “Пахтакор” Қўқонда очко йўқотди. “Машъал” “Насаф”ни ютди. Каннаварони ўйинларни кузатиши футболчиларга таъсир қилдими?

- Ҳар бир жамоада ўзини кўрсата олмай юрган футболчилар бор. Терма жамоа мураббийи келса хоҳлаймизми-йўқми, мураббий ҳам, футболчилар ҳам ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилади. Ҳаммани орзуси терма жамоада ишлаш, у ерда тўп суриш. Мени ҳам орзуим шу. Бу албатта футболчиларга таъсир қилади. Ушбу ҳолат фойдамизга ёки қаердадир зараримизга ишлаши мумкин. Масалан, бош мураббий “Хоразм” билан ўйинимизга келди. Ўзимизни кўрсатишни хоҳлагандик, аммо уйимизда ютқазиб қўйдик. Қаердадир ёмон томонга таъсир қилиши мумкин. Барибир фойдаси бўлади.  

- Учрашув сизни режангиз асосида ўтдими ёки тасодиф бўлдими?

- Тасодиф деб бўлмайди. Бу ўйин қийин бўлишини билардик. Биз иккинчи жамоа бўлиб ҳаракат қилишга тайёрлангандик. “Насаф”ни ўйинларини таҳлил қилгандик. Бизга вақт бор эди. Рақибни ҳурмат қилган ҳолда ҳеч бўлмаганда бир очко учун майдонга тушгандик. Омадимиз келди, ғалаба қозондик. 

 

Comments

You must be logged in to commet!