"Ҳеч кимда кайфият йўқ" ёхуд "Қўқон-1912" ҳужумчиси "Машъал"га урган голини рақиб мухлисларига бағишлади, чунки...
“Қўқон-1912” жамоаси бугун Суперлиганинг 18-турида ўз майдонида “Машъал”ни қабул қилди. Ўйиндан аввал кўпчилик мезбонларнинг ғалабасини тахмин қилганди. Ўйиндаги воқеалар ривожи шунга қараб кетаётганди. Қўқонликлар рақибни 2:1 ҳисобида таслим қилаётган бир пайтда қўшимча дақиқада меҳмонлар ғалабага тенг голни урган ҳолда мағлубиятдан қутулиб қолдилар. Оқибатда мезбонлар тайёр ғалабани қўлдан чиқариб юбордилар.
Шу куни “Машъал”нинг собиқ футболчиси ва ҳозирда қўқонликлар шарафини ҳимоя қилаётган ҳужумчи Мўмин Мелиев ҳисоб 1:1 бўлиб турган пайтда боши билан гол уриб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиққанди ва 2:1 ўйин охиригача сақланиб қолиши кутилаётганди. Қизиғи, Мелиев биринчи даврада Муборакдаги ўйинда ҳам гол урганди ва бу анча шов-шувларга сабаб бўлгани ёдингиздами? Ўшанда тўп дарвозанинг ташқи томонидан кириб кетганди. Хуллас, у бу сафар ҳам яна собиқ жамоаси дарвозасига гол урди. Ўйин якунлангач, Sports.uz мухбири Мелиев билан суҳбатлашди.
- Бу жуда ҳам аламли ўйин бўлди-да. Биз ўз уйимиздаги ўйинда ютишимиз керак эди, - дея гап бошлади Мелиев. - Тўғри, “Машъал” ҳам яхши жамоа, унинг мураббийи ҳам кучли. Унинг қўл остида икки-уч йил ишлаганим учун яхши биламан. Шунинг учун бугун оғир ўйин бўлиши аниқ эди. Қолаверса, “Машъал” майдонда бешта ҳимоячи билан ўйнади. Шу ҳолат ҳам бизга қийинчилик туғдирди. Бугун омадимиз ҳам келмади. Барибир нима бўлган тақдирда ҳам ғалаба қозонишимиз лозим эди. Ҳолбуки, учрашувга яхши тайёрлангандик. Кейинги ўйинлар орқали йўқотилган очколар ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиламиз ва ўз устимизда ишлаймиз.
- Натижа ўйин мос бўлмадими?
- Барибир ютишимиз керак эди. Қўқонлик мухлисларни хурсанд қилмоқчи эдик. Афсуски, насиб қилмади. Ҳаммаси Худодан.
- Ўйиннинг охирларини қандай кузатдингиз? Қўшимча дақиқаларда “Машъал” ҳужумни кучайтирган маҳалда ҳам ғалабага тўлиқ ишонганмидингиз ёки гол ўтказиб юборишдан қаттиқ хавотирдамидингиз?
- Хавотир ҳаммада бўлади, бу табиий ҳол. Ўйин давомида ҳам биз гол урдик ва орқасидан рақиб урди. Захирадан ўйинни кузатиш қийинроқ. Сиз айтгандек, хавотир бўлади. Гол ўтказиб юбормасак бўлди, ғалаба қозонишимиз керак, деб ўтиргандик. Тақдир экан, шундай ёзилган экан, нима ҳам қилардик?
- “Машъал” иккинчи голни урганида қандай ҳолатда бўлдингиз?
- Ўша вазиятдаги ҳолатимни айтиб бера олмасам керак. Бизга қаттиқ алам қилди. Нафақат менга, балки бутун жамоага.
- “Машъал” дарвозасига биринчи даврада ҳам, иккинчи даврада ҳам гол урдингиз. Собиқ клубингизга гол уришни мақсад қилиб қўйганмидингиз?
- Нафақат собиқ жамоамга, балки барча ўйинларда гол уриб “Қўқон-1912”га фойдам тегишини истайман, бу менинг мақсадим. “Бунёдкор”, “Пахтакор” ёки АГМК бўладими, рақиб ким бўлишидан қатъий назар мақсадим фақат гол уриш. Барчаси Худодан, “Машъал”га иккала ўйинда ҳам гол уришим ёзилган экан, шундай бўлди. Бу голни “Машъал”нинг мухлисларига бағишлайман.
- Қўқонлик мухлисларга денг...
- Йўқ, “Машъал”га. Биринчи даврадаги урган голимдан кейин улар мени инсофсизга, виждонсизга чиқаришганди. Бу сафар мана шундай гол ура олишимни кўрсатдим. Бугун ютсак ғалабамизни жароҳат олган ўйинчиларимизга бағишламоқчи эдик. Аммо якунда ғалабани қўлдан чиқариб юборганимиз қаттиқ алам қилди.
- Чемпионатда урган голларингиз тўрттага етди. Нечта гол уришни ўйлаяпсиз?
- Ҳужумчи доим тўпурарликни ният қилади. “Машъал”да ўйнаганимда ҳам, ҳозир ҳам тўпурарлар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламан. Голларим 10 та бўладими, 15 тами, қанча кўп бўлса шунча яхши-да.
- Ўйиндан кейин Бахтиёр Ашурматов сизларга нима деди?
- Айтяпман-ку, бу дуранг ҳаммамизга алам қилди. Биз икки очко йўқотдик. Қандай бўлмасин ютишимиз керак эди.
- Муборакда ҳам, Қўқонда ҳам голларингизни нишонламадингиз...
- Ўзим хоҳламадим. Неча йил бўлса ҳам “Машъал”нинг нонини еганмиз. У ерда жамоадошларим ва мураббийлар бор. Раҳбарлардан тортиб ҳайдовчи-ю, ошпазларигача ҳурмат қиламан. Барчасига ҳурматни сақлаган ҳолда голимни нишонлаганим йўқ.
- Сиз гол урган ўйинларда “Қўқон-1912” ютқазмаган. Тўртта голингиздан учтасида жамоангиз ютган ва биттасида дуранг кузатилди...
- Ҳеч бундай нарсаларга эътибор бермаган эканман. Гол урганим билан жамоамиз ютмаса, бу гол менга татимайди-да. Агар ютсак бу бошқа гап эди. Тўғриси, ҳозир барчамиз хафамиз, ҳеч кимда кайфият йўқ.
Фикрлар